Инсон ҳуқуқларига назар

АҚШ Давлат департаменти 2004 йилда инсон ҳуқуқлари борасида дунё мамлакатларидаги вазият таҳлилига бағишланган маърузани Конгрессга тақдим этди. Ушбу маърузада сайёрамизнинг 196 давлатида инсон ҳуқуқлари борасидаги мавжуд муаммо ва муваффақиятлар тадқиқ қилинган.

Аслида Давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари масаласига бағишланган ҳисоботлари салкам 30 йилдан бери эълон қилиб келинмоқда. 1976 йилда мамлакат Конгрессининг махсус қарори билан АҚШ ҳукумати таркибида инсон ҳуқуқлари бўйича мувофиқлаштирувчи штати ташкил этилди. Орадан кўп ўтмай, инсон ҳуқуқлари бўйича мувофиқлаштирувчи Давлат котиби (Ташқи ишлар вазири) нинг ўринбосари вазифасида ишлай бошлади. Шунингдек, АҚШ парламенти ҳукумат олдига ташқи ва савдо сиёсатини олиб боришда, энг аввало, ҳамкор давлатлардаги инсон ҳуқуқлари аҳволига эътибор қаратиш талабини қўйди. Давлат департаментига бу борада йиллик ҳисоботлар тайёрлаш топширилди. Шу тариқа 1977 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича дастлабки маъруза тайёрланди. Ўшанда илк ҳисоботда АҚШдан молиявий ёрдам олувчи 82 давлатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи таҳлил этилган эди. Бугунга келиб эса йиллик маърузадан 200 га яқин мамлакат тўғрисидаги маълумот ва тавсиялар ўрин олган.

Таъкидлаш жоизки, 2004 йилда инсон ҳуқуқлари борасида юз берган ўзгаришларга бағишланган ушбу ҳужжат Давлат департаменти ва АҚШнинг бутун дунёда фаолият олиб бораётган дипломатик ваколатхоналари ва ташкилотлари кўмагида тайёрланган. Мамлакат парламенти томонидан ўрнатилган тартиб-қоидага мувофиқ, АҚШнинг жаҳон давлатлари билан сиёсий, иқтисодий, маданий ва дипломатик алоқалари йиллик маъруза хулосаларига таянган ҳолда олиб борилади.

Маърузада ўтган йилнинг 18 октябрида Афғонистонда ўтган президентлик сайлови афғон халқининг демократик жамият қуриш йўлидаги дадил қадами сифатида баҳоланади. Яқин 20 йил ичида тинч шароитда ўтган овоз бериш жараёнида 8 миллион аҳоли, шу жумладан, 3,2 миллион хотин-қиз қатнашган эди.

Шубҳасиз, ўтган йил якунида Украинада кузатилган сиёсий вазият жаҳон афкор оммасининг диққат марказида бўлди. Ёдингизда бўлса, президентлик сайловининг 2004 йил 21 ноябрьда ўтган иккинчи босқичида мамлакат бош вазири Виктор Янукович ғалаба қозонганди. Лекин мухолифат номзоди Виктор Юшенко тарафдорлари сайлов жараёнида қўпол қонун бузилишлари юз берганини туфайли норозилик намойишлари ўтказди. 2004 йилнинг 3 декабрьида Украина Олий суди 21 ноябрь сайловини ноқонуний деб топди ва мамлакатда 26 декабрь куни қайта сайлов ўтказилди. Учинчи босқич овоз бериш жараёнида, ниҳоят, мухолифат раҳбари Виктор Юшенко ғалабага эришди. Бу ҳолат юқоридаги зикр этилган маърузада Украинада демократия талабларини бажариш борасида ижобий қадамлар ташлангани сифатида баҳоланган.

Шунингдек, департамент ҳужжатида Грузияда 2004 йилнинг январь ва мартида ўтган президентлик ҳамда парламент сайловлари мамлакатнинг демократия сари юз буришида муҳим ўрин тутгани қайд этилган.

Йиллик маърузада Евросиё мамлакатларидаги сиёсий воқеалар хавотирли ҳолатларга олиб келаётгани таъкидланади. Белорусда сўз эркинлиги, сиёсий ҳамда халқаро меъёрларда мустаҳкамланган бошқа ҳуқуқларнинг бузилиши ҳолатлари кузатилган. Мисол учун, 2004 йилнинг 17 октябрида президент ваколат муддатини узайтириш масаласида ўтган референдумда қонунбузарликларга йўл қўйилган.

Россияда ҳам оммавий ахборот воситалари эркинлигига жиддий хавф солувчи фактлар қайд этилган. Шунингдек, маърузада мамлакат маъмурий ҳудудлари раҳбарлари (губернаторлар)ни сайлаш бўйича қонунчиликка киритилган ўзгартириш ижроия ҳокимият қудратини оширишга хизмат қилгани айтилган. Хабарингиз бор, янги қонун ўзгаришига мувофиқ, эндиликда Россияда губернаторлар президент тавсиясига мувофиқ маҳаллий депутатлар томонидан сайланади.

Давлат департаменти ҳисоботида Косовода маҳаллий озсонли этник гуруҳ ҳуқуқлари ҳамон бузилаётгани хавотир билан қайд этилган. Шунингдек, Чехия ва Слрвакияда ҳукумат гарчи лўлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида чора-тадбирлар олиб бораётган бўлсада, бу борада жиддий муаммолар сақланиб қолаётгани билдирилган.

АҚШ элчихонаси маълумотлари асосида
С. САЛИМ тайёрлади