Янги ikkidaryo.com сайти ишга тушди

Марказий Осиёнинг бепоён кенгликларини икки қон томири мисол кесиб ўтган Аму ва Сир дарёлари меҳрга ташна далаларни озиқлантириб, қуёш тафтида қақраган майсаларга жон киритади, ерга ниш отган кўчатлар кўксига ҳаёт резаларини экади, азим дарахтларни гулбоф либосга буркаб, заминга яшил гилам тўшайди…

 

Ҳали мурғак эканман, Ўзбекистон отлиғ сарзаминда туғилмоқ иқболидан хушбахт онгим тубини қамраган ҳаёл пучмоқларида Аму ва Сир деган бу икки жонтомирнинг ана шундай тимсоли гавдаланар эди. Улар нафақат она табиатга, балки улуғвор тамаддунга ҳам бошланма берган икки асос эканлиги кейинроқ англанди. Ҳар томони саҳро билан ўралган Мовароуннаҳр диёрининг заррин мато ўртасидаги мунаққаш чечак мисол чирой очиб турганини яна қандай тушунтириш мумкин? Икки дарёнинг ҳаётбахш сувлари саҳролар қалбида ям-яшил боғистон яратар экан, у ерда ҳазрат Одам авлодларининг бир бўлаги паноҳ топди, уларнинг кучи билан Мовароуннаҳрнинг табиатидай гўзал, ранг-баранг, бетакрор бир маданият иншо этилди. Яъни банданинг қўллари билан барпо бўлган ҳилқат Аллоҳ яратган чиройдан нусха олди. Балки шунинг учундир, Ўрта Осиё минтақаси ибтидоий инсон қарор топган энг кўҳна гўшалардан бири бўлиш билан биргаликда, дунёнинг энг қадимий ва буюк маданиятларидан бирига бешик ҳам бўлди.
Бундан саккиз минг йиллар муқаддам минтақамизга илк деҳқончилик маданияти кириб келди. Зироатчиларнинг ўтроқ турмуш тарзи маънавий балоғат учун шарт-шароит яратиб берди. Зироатчиларнинг кўплаб манзилгоҳлари кенгайиб, шаҳар қиёфасига кела бошлади. Шу тариқа шаҳарчилик маданияти вужудга келди. Айни пайтда Ўрта Осиёнинг шимолида кўчманчи маданият илдиз отиб, у ҳам ўзига хос тараққиёт йўлидан борди.
Лекин бу буюк йўлнинг бошланиши эди. Асрлар кетидан асрлар ўтди, авлодлар алмашаверди, эски халқлар ерини янгилари эгаллаб борди, тил, қиёфа ўзгариб борди. Лекин бир нарса ўзгармади – ўлкамиз йирик, қудратли салтанатлар ва буюк маданият учун Ватан бўлиб қолаверди. Ушбу ерда киндик қони тўкилган, минтақа халқларининг кўксини ғурурга тўлдирган сиймолар номини марварид мисоли ипга тизсак, ерни қучгулик бир шода яралади. Хоразмий, Фарғоний, Имом ал-Бухорий, Форобий, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур… Бу энг асосий номлар, маданиятимизнинг олтин бутоғи; ҳали кумуш бутоқни ташкил этувчи юзлаб номлар борки, уларнинг фаолияти ва ижоди етарли даражада ўз баҳосини олгани йўқ.
Мана шундай боболарнинг меросхўри бўлмиш Ўрта Осиёнинг бугунги халқлари ўзларининг илдизлари нақадар теран эканлигини етарли даражада англайдими? Уларга қолдирилган улуғвор меросни, юксак маънавий хазинани қандай тасарруф қилмоқда? Юқорида зикр этилган шахслар номини ардоқлаш билан бир вақтда уларга муносиб авлод бўлмоқни ўз дилларига тугмоқдами?
Бу саволларга ҳар ким ўзи учун жавоб топади деган умиддамиз. Бизнинг мақсадимиз эса – ўтмишдан ўз билганларимизни жонкуяр, кечмишига бефарқ қарамайдиган ҳар бир инсонга етказиш, минтақамиз тарихи ва маданиятига оид турли-туман қизиқарли маълумотларни баҳоли қудрат улашиш, кўҳна маданият ворислари бўлмиш ўзбекларнинг тарихий йўлини, маънавий илдизларини холисона ёритиш, ўзбеклар билан асрлар давомида эт билан тирноқ мисол аҳил-иноқ яшаб келган қардош халқлар – уйғурлар, қорақалпоқлар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманларнинг ўтмишига назар ташлаш, уларнинг ўзаро қардошлик ва маданий алоқаларини кузатиб бориш. Ана шундай ҳайрли мақсадларни амалга оширишдаги бир қадам ўлароқ www.ikkidaryo.com веб-сайти юзага келди.
www.ikkidaryo.com – Ўзбекистоннинг ҳамда барча қўшни мамлакатларнинг тарихи ва маданий меросига бағишланган илмий-оммабоп ресурсдир. Сайт етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган, турли касб ва қизиқишларга эга бўлган кенг жамоатчиликка мўлжалланган. Шунинг учун унда соф илмий мақолалар билан қаторда илмий-оммабоп ва бадиий асарлар, видео- ва аудиоматериаллар ҳам мунтазам равишда бериб борилади.
Бизда ёритиладиган асосий мавзулар, юқорида айтилганидек, Ўрта Осиёда ўтмишда мавжуд бўлган давлатлар ва халқларнинг сиёсий ва маданий тарихи, буюк сиймоларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси, ўзбек халқининг ва бошқа қардош халқларнинг тарихи, этногенези, этнографияси, антропологияси, маданияти, адабиёти, санъатидир. Лекин ушбу ресурсни яратишдан кўзда тутилган яна бир мақсад бор. Охирги ўн йилликларда маълум доираларда Ўрта Осиё халқлари тарихий меросига беписандлик билан қараш, бу ҳақда бутун дунёга жар солиш, ўтмиш ҳақиқатларини бузиб кўрсатиш, ўзларини “билимдон мутахассис” қилиб кўрсатиб, ўзбеклар ва бошқа халқлар номидан турли иғволарни тарқатиш, энг асосийси – уларни ўз илдизларидан ажратишга, буюк боболарга ҳеч қандай алоқаси йўқ, кечагина осмондан “лоп” этиб тушиб қолган ўтмиши йўқ, илдизи тайинсиз манқуртлар тўдаси қилиб кўрсатишга уриниш одат тусига кириб бормоқда. Шундай экан, бизнинг галдаги мақсадимиз – мана шундай иддаоларни пучга чиқариш, дунё аҳлини ўзбеклар ва қардош халқларнинг тарихи билан таништириш ишини аллақандай ҳасадгўйлар ихтиёрида қолдирмай, тарихимиз ва маданий меросимизга ўз муносабатимизни кўрсатиш, ўтмишимизни ўз нуқтаи назаримиздан ёритиш ҳамдир. Шу боис биз нафақат ўзбек тилида, балки ўзбек тилини билмайдиган муштарийларимиз учун рус ва инглиз тилларида ҳам материаллар жойлаштириб боришни кўзда тутганмиз.
Веб-сайтимизнинг “Тарих” бўлимида сиз юқорида айтиб ўтилган барча соҳаларга оид мақолаларни топишингиз мумкин. Мавзу қамрови жуда кенг – сиёсий, иқтисодий-ижтимоий тарих, антропология, этнография, этногенез, генетика, нумизматика ва ҳ.к.ларга оид илмий изланишлар ва ҳамда илмий-оммабоп маълумотлар. Уларнинг барчаси биринчи навбатда минтақадаги энг кўпсонли миллат – ўзбекларга, ҳамда уларга қардош бошқа халқларга оид.
“Адабиёт” бўлими юртимизда исломгача бўлган даврда юзага келган адабий-тарихий манбалар, исломият даврида равнақ топган мумтоз адабиёт, охирги бир ярим аср мобайнида ривожланиб келаётган замонавий адабиётга бағишланади. Бу бўлимдаги материаллардан сиз адабиётимизга ўзларининг улкан ҳиссасини қўшган Алишер Навоий, Лутфий, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо, Машраб, Нодира, Огаҳий сингари шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижоди, уларнинг қаламига мансуб асарларнинг мазмуни ва аҳамияти, қардош халқлар билан адабий алоқалар, турли даврлардаги адабий жараёнлар ҳақида билиб оласиз.
“Тилшунослик” бўлими она тилимиз, минтақада ўтмишда истеъмолда бўлган ва бугунги кунда қўлланилиб келаётган тилларга оид мақолаларга мўлжалланган. Юқоридаги бўлимлар сингари, бу бўлимнинг мавзу кўлами ҳам ниҳоятда кенг – тилларни илмий тадқиқ этишга бағишланган мақолалардан тортиб тилшунос олимлар билан суҳбатлар, тилимиз тарихига оид тарихий материалларгача.
“Санъат” бўлимида ўзбек халқи ҳамда унинг аждодлари асрлар мобайнида яратиб келган амалий санъат соҳаларини ёритади. Маълумки, халқимиз бетакрор тикувчилик, тўқувчилик, ҳунармандчилик, меъморчилик анъаналарига эга. Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Хива ва бошқа шаҳарларда қад кўтарган меъморий обидалар, Риштон, Чуст сингари гўшаларда авайлаб келинаётган амалий санъат анъаналари бунинг ёрқин далилидир. Буларнинг барини муҳтарам муштарий учун жонли, тафсилотларда, ёзма, аудио ва видеоматериаллар воситасида ёритиб беришга ҳаракат қиламиз.
“Илм-фан” бўлими аждодларимизнинг илмий меросини ёритишга қаратилган. Тарихимиз Мирзо Улуғбек, Беруний, Али Қушчи, Турсун Зоминий сингари олиму фузалоларга бой. Аммо уларнинг бари ҳам том маънода ўрганилмаган, балки, ҳали ўз тадқиқотчисини топмагандир, бир сўз билан айтганда, етарли даражада танилмаган. Бизнинг мақсадимиз – улар ҳақида, улар илм-фан саҳнида қўлга киритган ютуқлар борасида баҳоли қудрат билим улашиш.
Халқимиз бой маданиятга эга. Бу мероснинг салмоқли қисмини, адабиёт билан бир қаторда, халқ оғзаки ижоди, мумтоз мусиқа, рақс анъаналари ҳам ташкил этади. Дарҳақиқат, шашмақом оҳангларидан сармаст бўлмаган, Хоразм лазгисига даврани тўлдириб рақс тушмаган, Бойсун ва Нурота достонларидан баҳраманд бўлмаган бирорта ўзбекни топа олмайсиз. Агар булар ҳақида илмий ва илмий-оммабоп мақолалар, видео ва аудиоматериаллар топишни истасангиз – “Маданият” бўлимига марҳамат.
“Долзарб” бўлими тарихимиз ва маданиятимизга оид охирги янгиликлар, турли археологик кашфиётлар, янги илмий ва илмий-оммабоп нашрлар ҳақида хабарлар учун мўлжалланган. “Тадқиқот” бўлими эса тил, адабиёт, маданият, тарихга оид янги илмий изланишлар, кичик тадқиқотлар учун ошёндир. “Кутубхона” бўлими эса электрон шаклдаги адабиётларга тўлдириб борилади.
Сайтимиз форумида рўйхатдан ўтиб, ўзбекларнинг ўтмиши, бугуни, маданияти, турмуш тарзи ҳақида суҳбат қуришингиз ёҳуд ўзингизда бор маълумотларни бошқаларга улашишингиз мумкин. Форумимизда ушбу йўналишларга доир блоклар ва бўлимлар ташкил қилинган.
Биз билан матлаби ва маслаги бир бўлган ўртоқ сайтлар – www.e-tarix.uz ҳамда www.ziyouz.com ушбу йўналишда узоқ йиллардан буён ибратли фаолият юритаётганлигини эслатиб ўтамиз. Улардан ҳам кўплаб қизиқарли ва ноёб маълумотларни топа оласиз. Биз эса, ўз навбатида, улардан ибрат олиб, самарали меҳнат қилишга ва кўпларнинг ишончини қозонишга ҳаракат қиламиз.
Кимда-ким юқорида тилга олинган мавзуларга чуқур қизиқиб, қалам тебратса, тарихимиз ва маданиятимиз жилоларига қалам воситасида сайқал бериб, илмий, илмий-оммабоп ва бадиий асарлар яратса ва уларни бизнинг сайтимизга жойлашни ният қилса, биз бундай куюнчак инсонлар билан ҳар қачон ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Хуллас, тарихимиз ва маданиятимизни янада чуқурроқ билишни истасангиз, www.ikkidaryo.com сайтига хуш келибсиз!