Германия 2016 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига 11 миллион евро ажратади. Бу ҳақда мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Ҳёфер-Виссинг 26 январь куни ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Ушбу маблағ она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш лойиҳалари, шунингдек, тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш ҳамда шифокорлар малакасини оширишга йўналтирилади.
Дипломат ўтган йили Ўзбекистон ва Германия ўртасида Европа Иттифоқи доирасида ҳамда икки томонлама ҳамкорлик давом этганини таъкидлади.
2015 йилда парламентлараро алоқалар жонланди. Ўзбекистонга Германия парламенти (Бундестаг)нинг икки нафар депутати ташриф буюрди. Ўз навбатида ўзбекистонлик сенаторлар Германияга борди.
Бундан ташқари, ўтган йили Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосарлари – Рустам Азимов ҳамда Элмира Боситхонова Германияда бўлиб, турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказди.
Германия элчиси Найтхарт Ҳёфер-Виссингга кўра, 2015 йилда Олмон-ўзбек ишбилармонлар кенгаши таъсис этилгани савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил февралда Берлинда мазкур кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Музокаралар якунида Ўзбекистонга 2,8 миллиард АҚШ доллар миқдорида олмон кредитини жалб этиш тўғрисида битим имзоланди.
Дипломатнинг қайд этишича, ўтган йили Германиянинг МДҲ мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан ўзаро савдо айланмаси камайган. 2015 йилнинг январь-ноябрь ойларида Германиядан Ўзбекистонга 380 миллион евролик маҳсулот экспорт қилинган (2014 йилда мазкур кўрсаткич 465 миллион еврони ташкил этган). Ўзбекистон эса мазкур муддатда Германияга 16,1 миллион евролик маҳсулот сотган (2014 йилда – 16,8 миллион евро).
Жорий йилда ЕХҲТ раислиги Германияга ўтди. Элчи Найтхарт Ҳёфер-Виссингнинг маълум қилишича, Германия ЕХҲТдаги раислиги давомида Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга интилади.
Матбуот анжуманида германиялик таниқли мураббий Моника Штаб ҳам қатнашиб, аёллар футболини ривожлантириш бўйича мулоҳазалари билан ўртоқлашди. ФИФАнинг аёллар футболи бўйича эксперти М.Штаб Тошкент, Олмалиқ ва Қарши шаҳарларида маҳорат машғулотлари ва тренинглар ўтказган.
Собир Салим