Германия Оролбўйи минтақаси учун Траст жамғармасига кўмак ажратди

16 март куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Сарвар Ҳамидов, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Консуэло Видаль иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатда Германия ҳукуматининг Оролбўйи бўйича Траст жамғармасига 700 минг доллар ажратилиши кўзда тутилган. Маблағлар мураккаб экологик вазиятнинг минтақа аҳолисига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган манзилли қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига йўналтирилади.

Тадбирда инфратузилмани такомиллаштириш, инновациялар ва минтақавий ҳамкорликни илгари суриш орқали Оролбўйи минтақасининг барқарор иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш устуворлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан Германиянинг ҳиссаси миллий ва маҳаллий ҳамкорлар, БМТ, ННТ, ФЖТ тизимидаги қатор ташкилотлар ва илмий доиралар саъй-ҳаракатларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Оролбўйи минтақасида қўшма дастурлар ва молиявий кўмак туфайли озиқ-овқат, иқтисодий, ижтимоий, экологик, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш имкони пайдо бўлди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси доктор Тило Клиннер ушбу устувор йўналишдаги ютуқлар нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари аҳолиси учун ҳам манфаат келтириши, Орол фожиаси салбий оқибатларини глобал миқёсда камайтиришга ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Германия ҳукумати билан келишув имзоланиши халқаро ҳамжамиятнинг Орол денгизи инқирозидан жабр кўрган одамларнинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларини ҳал этиш бўйича умумий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлайди.

Маълумот учун, Траст жамғармасининг устувор йўналишлари доирасида Қорақалпоғистоннинг Беруний, Тахтакўпир, Бўзатов, Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳамда Нукус шаҳрида 7 та лойиҳа амалга оширилиб, 16 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб этилди.