15-16 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия провинцияси Белек шаҳрида йилнинг энг муҳим иқтисодий машварати – “Катта йигирмалик” (G20) саммити бўлиб ўтди. Сайёрамизнинг қудратли мамлакатлари раҳбарлари иштирокидаги анжуманда жаҳон иқтисодиёти аҳволи, иқлим ўзгаришлари каби масалалар муҳокама этилди. “Катта йигирмалик”нинг айни пайтдаги раиси ва мезбон Туркиянинг таклифига биноан, саммит дастурига терроризмга қарши кураш ва қочоқлар масаласи ҳам киритилди.
“Катта йигирмалик” саммити Парижда жорий йил 13 ноябрь куни рўй берган қўпорувчилик ҳаракатлари қурбонлари хотирасига ҳурмат юзасидан сукут сақлаш билан бошланди. Саммит раиси, Туркия президети Ражаб Тойиб Эрдўған Франция давлати ва халқига ушбу фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Туркия етакчиси “Катта йигирмалик” иқтисодий масалалар қатори сиёсий ва ижтимоий барқарорлик муаммоларига ҳам эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади.
“Терроризм барчамизга, бизнинг осуда ҳаётимизга ва барқарорлигимизга таҳдид солмоқда. Туркия саммит иштирокчилари хавфсизлик борасида бундан-да фаол ҳамкорлик қилмоғи лозим деб ҳисоблайди”, – деди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Туркия раҳбари террор тегирмонига сув қуяётган қашшоқлик, ишсизлик каби иллатларга қарши курашиш муҳимлигини ҳам қайд этди.
Томонлар терроризмга қарши иқтисодий жабҳада фаол курашиш, хусусан, ахборот алмашинувини кучайтириш, қўпорувчи гуруҳларнинг молиявий манбаларига барҳам бериш, чегара назорати ва авиация хавфсизлигини кучайтиришга келишиб олишди.
“Катта йигирмалик” етакчиларига кўра, “терроризмни бирор бир дин, миллат, цивилизация ёки этник гуруҳга нисбат бериб бўлмайди”.
Саммитда дунёнинг оғриқли муаммоси бўлиб қолаётган қочоқлар масаласини ҳам адолат нуқтаи назаридан ҳал этиш лозимлиги таъкидланди.
БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг таклифига кўра, Яқин Шарқ қочоқларига ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ҳаракат режаси тузиш лозим. Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ Ғарбий Европа давлатларига кўмак учун “Маршалл режаси”ни ишлаб чиққан эди. БМТ Бош котибининг таъкидлашича, Яқин Шарқ қочоқларига ёрдам режаси ҳам шу каби амалий аҳамият касб этмоғи шарт. БМТ етакчиси суриялик 4 миллиондан зиёд қочоқни ўз бағрига олган Туркия, Иордания, Ливан каби давлатларга миннатдорлик билдирди ва бошқа мамлакатларни ҳам амалий ҳаракатга ундади.
Саммит иштирокчилари анъанага кўра глобал иқтисодий вазиятни ҳам муҳокама қилди. Машваратда қайд этилишича, молиявий буҳрон давом этаётган қалтис бир паллада глобал ўсишни 2018 йилга қадар 2 фоиз даражада сақлаб қолиш, ишсизликни камайтириш лозим.
“Катта йигирмалик” етакчилари, шунингдек, Халқаро валюта жамғармасини ислоҳ этиш, овоз ва квоталарни тенг ва холис тақсимлаш масаласини ҳам кўриб чиқди. Бу борада қабул қилинган коммюникеда АҚШ Халқаро валюта жамғармаси бўйича ислоҳотларни ратификация қилишга даъват этилган.
Анталия саммити доирасида “Катта йигирмалик” давлатларининг 2015-2016 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши кураш ҳаракат дастури ҳам қабул қилинди. Шунингдек, атроф-муҳит ифлосланиши ва иқлим ўзгаришлари саммит кун тартибидаги муҳим масалалардан бўлди. Музокараларда сайёрамиз экологик мусаффолиги ва иқлим барқарорлигини сақлаш ҳаёт-мамот масаласи экани таъкидланди.
2016 йил “Катта йигирмалик”нинг раислик навбати Туркиядан Хитойга ўтади. Анталия саммити Хитой раислик даврида эътибор қаратадиган асосий йўналишлар ҳақидаги тақдимот билан якунланди.
Туркия “Катта йигирмалик”ка раислик даврида бир ёқадан бош чиқарган ҳолда, дунё бўйича иқтисодий ўсишга эришишни асосий мақсад этиб белгилади. Шу масқадда Туркия ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, хотин-қизлар ва ёшларнинг меҳнат бозорига интеграциясини таъминлаш, дунё миқёсида нотенгликни камайтириш бўйича стратегия ишлаб чиқди ва шу асосда амалий чора-тадбирлар кўрди. Туркия раислигида 2014 йил 1 декабрдан ҳозирга қадар 70 дан ошиқ учрашув, шу жумладан, давлат раҳбарлари ва вазирлар даражасидаги анжуманлар ўтказилди.
“Катта йигирмалик” (G20) – Аргентина, Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, ЖАР, Жанубий Корея, Япония ва Европа Иттифоқи каби дунёнинг қудратли мамлакат ва бирлашмаларидан ташкил топган иқтисодий-молиявий клуб. Дунё ялпи ички маҳсулотининг 85 фоизи, халқаро савдонинг 75 фоизи “Катта йигирмалик” ҳиссасига тўғри келади.
Собир Салим