E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизимидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Фарғона водийсидаги фуқаролик ишлари бўйича ўн бешта туманлараро судга 57 комплект замонавий компьютер топширилди, деб хабар беради АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.
Жорий йил 13 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида мазкур ҳодисага бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров, АҚШнинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Фарид Караханов иштирок этди.
Янги техника Ўзбекистон Олий суди, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги, БМТ Тараққиёт дастури томонидан қўллаб-қувватланаётган “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида тақдим этилди.
Умумий нархи 60 минг АҚШ долларини ташкил этган техника E-SUD инновацион электрон ахборот тизимига уланиш имконини яратади. Бу эса ишларни кўриб чиқишда вақтдан унумли фойдаланиш ва одил судловга эришиш даражасини оширишга туртки беради.
Тадбир доирасида меҳмонлар суд девонхонасини кўздан кечириб, E-SUD тизимининг барча босқичлардаги фаолияти билан танишдилар. Тадбир якунида иштирокчиларга лойиҳа доирасида тайёрланган “Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш тартиби”, “Меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низолар”, “Оила ва никоҳ муносабатларидан келиб чиқувчи низолар бўйича суд амалиёти” ва “Суднинг ҳал қилув қарорини тузиш бўйича амалий қўлланма” каби китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими 2013 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, аввал-бошда фақат биттагина судда ишлаган. Бугунга келиб тизимга республиканинг барча 75 та фуқаролик ишлари бўйича суди уланган. Мамлакат бўйича 950 га яқин мутахассис E-SUD тизимидан фойдаланишни ўргатишга бағишланган тренингларда қатнашди. E-SUD тизимининг жорий этилиши натижасида хизмат кўрсатиш самарадорлиги 50 фоизга ошди ва ҳужжатларни йўқотиб қўйиш ҳолати бартараф этилди.