“Falling Walls Lab”: 3 дақиқа ичида 30 йиллик қарашларни ўзгартириш мумкин…

Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида (ТХВУ) “Falling Walls Lab” танловининг Ўзбекистон босқичи бўлиб ўтди. Халқаро танловда ўзбекистонлик 10 зиёд ёш иқтидор соҳиби таълим, муҳандислик, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, социология, техника каби йўналишлардаги инновацион ғоя ва новаторлик ташаббуслар билан қатнашди.

Иштирокчиларни ТХВУ ректори Баҳром Мирқосимов ҳамда Германия элчисининг муовини Кристофер Фукс қутлади.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси шафелигидаги ташкил этилган танлов қатнашчилари жамият ҳамда илм-фан тараққиётига хизмат қилувчи лойиҳа ҳамда ташаббусларни 3 дақиқада маромига етказиб тақдим этишлари талаб этилди.

Иқтидорли ёшларнинг ижодий лойиҳалари Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Сирожиддин Мирзаев, Бохумдаги Рур университети тадқиқотчиси Johanna Rust, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ишлар бўйича атташеси Horieh Adlkhah ҳамда бошқа нуфузли мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

Танловда таълим, муҳандислик, IT, соғлиқни сақлаш, социология каби йўналишлардаги новаторлик ғоялари тақдим этилди.

Ижодий беллашув якунида Жиззах политехника институти талабаси Жалолиддин Юнусов халқаро танловнинг миллий босқичи ғолиби деб топилди. Муҳандислик йўналишида таҳсил олаётган Ж.Юнусов моторларни ичхам ва самарадор қилиш бўйича оригинал лойиҳани тақдим этди.

“Falling Walls Lab”нинг миллий босқич ғолиби Германия пойтахти Берлин шаҳрида жорий йил 9 ноябрь куни бўлиб ўтадиган якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган 100 нафар финалчи “Falling Walls Lab”нинг катта саҳнасида мутлақ ғолиблик учун курашади. Инновацион лойиҳа ва ғояларни олимлар, тадбиркорлар, сиёсатчилар, журналистлар ҳамда фуқаролик жамияти фаолларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолайди, жараённи етакчи оммавий ахборот воситалари кузатиб боради.  Мутлақ ғолиб пул мукофотидан ташқари ўз ғоя ҳамда ташаббусларини халқаро миқёсда танитиш имконини қўлга киритади.

Ижодий ғояларни халқаро миқёсда тан олинган экспертлар баҳолаб борди.

“Falling Walls Lab” танлови шу номли жамғарма томонидан таъсис этилган. Энг муҳими, халқаро танлов ёш кашшофлар ҳамда бўлажак даҳоларга илм-фан, ишлаб чиқариш, бизнес ҳамда ижтимоий йўналишдаги инновацион ташаббус, концепция ва лойиҳаларини юзага чиқариш, амалиётга татбиқ этиш ва дунё миқёсида ҳамкору ҳаммаслаклар топиш имконини туҳфа этади.

Халқаро танлов Германия таълим ва тадқиқотлар вазирлиги, Берлин сенати ҳамда “Google”, “Huawei” каби компаниялар томонидан молиялаштирилади. Лойиҳа, айни чоқда, Германия ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Академик алмашувлар хизмати (DAAD) томонидан қўллаб-қувватланади.

1961 йили барпо қилинган Берлин девори ГФР ва ГДР ўртасидаги чегара вазифасини ўтагани маълум. Салкам 30 йил давомида ягона олмон халқи орасида ғов бўлган девор 1989 йилнинг 9 ноябрида қулади. Берлин деворининг қулаши нафақат Германия халқи, балки бутун дунёда эрк, озодлик ва демократия йўлидаги курашаётган миллатларга ўзига хос илҳом манбаи бўлди. Берлин девори қулаганининг 20 йиллиги муносабати билан таъсис этилган “Falling Walls Lab” танлови ҳам бутун сайёрамиз бўйлаб янги ғояларни кашф этишга хизмат қилмоқда.

C.Cалим