Америка ядро соябони остида ҳаёт кечирган «эски дунё»нинг куни битмоқдами?..
Саддам Ҳусайннинг қатл этилишига қарши чиқаётган Европа давлатлари бугунги кунда Ғарб жамиятининг нечоғлик инқироз ботқоғига ботгани хусусида яхшигина тасаввур бера олади.
Тирик қолиш учун кураш нималигинида унутган европаликларнинг икки авлоди уруш чангалзорини тасаввур қилмасдан вояга етишди. Чунки улар Американинг ядро соябони остида умргузаронлик қилиб келишди. Шу боис ҳам европаликларнинг аксарияти «юмшоқбадан», «оқбилак» бўлиб қолишди ва улар бирор жиддий хавф-хатарга дуч келганда, ўзларини йўқотадиган даражага етишди.
Ўзларини урушга қарши дея атаган намойишчилар ўн йиллар давомида ядро қуролига қарши норозилик чиқишларида иштирок этиб ҳам чарчашмади. Бироқ бу ўринда урушга қарши қуруқ сўз билан амал ўртасида жиддий тафовут борлигини ҳам ёдга олиб ўтиш жоиздек.
Ўзининг минг йиллик тарихи давомида Европа бирор марта 60 йилдан ошиқ фурсат ичида урушсиз, қирғинбаротсиз ҳаёт кечирганмиди? Иккинчи жаҳон урушидан шу пайтга қадар «эски дунё»нинг осойишта ҳаёт кечириши АҚШнинг ядро қуроли воситасида таъминланди. Шу билан бирга океанорти давлатининг сеҳрли қуроли Совет Иттифоқи армиясини бутун Европага музаффар юришдан ҳам тўхтатиб қолди.
Қудратли ҳарбий салоҳиятга эга бўлиш ва душманларга ушбу имкониятдан ҳеч иккиланмасдан фойдалана олишни кўрсатиб қўйиш… ҳақиқий урушга қарши ҳаракатдир. Бир қарашда ноодатий туюлган бу фикр замирида ҳақиқат мавжуд. Буюк Британия бош вазири Невилл Чемберленнинг тинчликпарвар сиёсати Иккинчи жаҳон урушининг келиб чиқишига сабаб бўлди. Президент Роналд Рейганнинг Америка ҳарбий қудратини ошириш йўлидаги ҳаракатлари эса «совуқ уруш» даврининг хотима топишига олиб келди.
Машҳур Рим давлати ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимлар ёки гўзал нотиқлик ҳисобидан кучаймаган эди. Билъакс, улкан давлатнинг юзага келиши ортида Карфагендек мамлакатни қудратдан кеткизиш ва бошқа душманларга ҳам омонсиз зарба бериш ҳаракати турар эди. Бир неча асрларга чўзилган ички кучсизланиш, ватанпарварлик ва жанговар руҳнинг заифлашуви туфайлигина улкан давлат инқирозга юз тутди. Афтидан, бугунги Ғарб тамаддуни ҳам ўша йўналишда ҳаракатланмоқда…
Ҳозирда Ғарб жамиятларида мавжуд меъёрлардан узоқлашиш, мултикултурализм (кўпмаданиятлилик), «Ўзингни бил, ўзгани қўй» қабилида ҳаёт тарзи урф бўлди. Ватанпарварлик туйғусидан эса ҳаттоки нафратланиш даражасига етилди. Ўз мамлакати ва маданиятидан ғурурланиш деярли унут бўлаёзди. Европа тамаддуни ютуқлари эса аллақачон уюм-уюм тарих дарсликлари саҳифаларига дафн этилди.
Бугунги авлоддан маданият ва тамаддунни жонлантириш йўлидаги фидокорона курашни кутиш мумкинми? Ҳолбуки, янги авлодни ҳам Ғарб институтларининг ўзи хавф пайдо бўлиши билан ўзини қутқаришга, бошқа маданиятларга тоқатсизлик қилаётганларга ҳам тоқатли бўлишдек «ковбойлик»ка ўргатиб қўйди.
Ғарб мамлакатларида яшаб қолиш учун жон куйдириш камдан кам учрайдиган ҳодиса. Фақат АҚШ ва Исроилгина Ғарб давлатлари орасида биринчи навбатда ўз-ўзини мудофаа қилишга аҳамият беради. Балки шу боисдир, ушбу давлатлар ҳаттоки Ғарбнинг ўзида ҳам қора бўёқларда тасвирланади.
Ҳозирги мураккаб вазият шундан далолат бермоқдаки, агар Ғарб инқироз ҳолатидан чиқиб кета олмаса, у ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Бунинг учун эса душманларнинг жиддий ҳаракатига зарурат ҳам бўлмайди.
«The Washington Post» газетаси материали асосида Собиржон Ёқубов тайёрлади.
www.hurriyat.uz