Жорий йил 22-24 май кунлари Ўзбекистонда Европа парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитаси делегацияси меҳмон бўлди. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш ҳамда ҳамкорлар билан фикр алмашиш мақсадида келган делегация таркибидан депутатлар Ж.Вайденҳолзер (Австрия), К.Бюхнер ва Ж.Зеллер (Германия) ўрин олган.
Европалик депутатлар Олий Мажлис, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа идораларда музокаралар ўтказди. Жумладан, 23 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов делегацияни қабул қилди.
Суҳбат давомида Европарламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитаси кун тартибига кирувчи соҳаларда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Таъкидланганидек, Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма кичик қўмита ва Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотнинг алоҳида механизмининг Ўзбекистон-Европа Иттифоқи шаклидаги мунтазам мажлислари ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан тизимли ва конструктив асосда фикр алмашиш имконини яратади.
Учрашувда 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида Европа томонига маълумот берилди. Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган изчил ҳаракатлар ислоҳотларнинг ажралмас қисми ҳисобланиши таъкидланди.
Европа делегацияси Ўзбекистон қонунчилигидаги бир қатор ижобий ўзгаришларни қайд этди. Айни чоқда, суд-ҳуқуқ ва жазони ижро этиш тизимини янада такомиллаштиришга доир тавсиялар берди.
Европа парламенти депутати Ж.Вайденҳолзернинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги ҳар қандай жамият тараққиётини белгиловчи асосий омиллардан саналади. Мазкур фикр жорий йил майда Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари томонидан ҳам таъкидланган эди. Европалик депутат бу борада бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишга эътибор қаратди.