Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан турли соҳаларда мулоқотни кучайтиради

Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан сиёсат, иқтисод, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва қонун устунлиги, бошқарув, одил судлов ва ички ишлар масалалари бўйича мулоқотни янада кенгайтиради. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Юрий Штерк 11 май куни Тошкентда Европа куни муносабати билан ўтказилган расмий қабул маросимида маълум қилди.

1950 йил 9 май куни Франция Ташқи ишлар вазири Роберт Шуман Европа иқтисодий интеграцияси хусусидаги тарихий ташаббус билан чиққан эди. Бу кун интеграция пойдевори қўйилган сана – Европа куни сифатида нишонланади.

“Ушбу сана барча европаликларга буюк Иттифоқимиз тамал тоши саналган қонун устунлигига ҳурмат, иқтисодий эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар ва ҳурфикрга асосланган демократия, бирдамлик каби улуғвор қадрият ва тамойилларни ёдга солади. Иттифоқнинг ташқи ва ички сиёсати ушбу умумий қадрият ва тамойилларга таянади. Қолаверса, дунё бўйлаб 150 ҳамкор мамлакатга кўмак кўрсатишда ҳам мезон саналади”, – деди элчи Юрий Штерк ўз нутқида.

Шу куни тадбир иштирокчилари эътиборига Европа ва Ўзбекистон ҳамкорлигига бағишланган фотосуратлар намойиш этилди.

Ю.Штерк мазкур фотосуратлар тез фурсатда Тошкент фотосуратлар уйида кенг омма эътиборига ҳавола этилишини маълум қилди. Шунингдек, Европа куни муносабати билан 23-29 май кунлари анъанавий Европа кинофестивали ва бошқа қатор тадбирлар ўтказилишини билдирди.  

Бу йил Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси очилганига 5 йил тўлди. Брюссель ва Тошкент ҳамкорлигига тўхталган элчи Юрий Штерк “Биз ўтмиш қийинчиликлари ва келажак муаммоларини ҳисобга олган ҳолда, ўзаро ишончга асосланиб, биргаликда олға ҳаракатда давом этамиз”, – деб таъкидлади.

Қайд этилишича, келгуси ҳафта Брюсселдан Тошкентга юқори мартабали расмийлардан иборат делегация ташриф буюради.

“Биз амалга оширган, ошираётган ва оширишни ният қилган хайрли ишларимиз Ўзбекистон халқига манзур бўлаётгани ва қадрланаётганини ҳис этмоқдаман. Бу эса бизга чексиз мамнуният бахш этади. Негаки, бу шундай пешқадам халқки, одамлари ғурурли, иззатли ва меҳмондўст, бу шундай заминки, буюк маданий, меъморий ва табиий меросга эга”, – деди ЕИ делегацияси раҳбари.  

Қабул маросимида давлат ташкилотлари вакиллари, дипломатлар, халқаро ташкилотлар етакчилари қатнашди. Ўзбекистон ҳукумати номидан эса Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирок этди.