Европа Иттифоқи Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлади

Европа Иттифоқи Озарбайжоннинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасида ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Лайло Абдуллаева Брюсселда 15 декабрь куни бўлиб ўтган VI “Шарқий ҳамкорлик” саммити якунлари бўйича саволга жавобан маълум қилди.

“Саммит якуни бўйича қўшма декларация қабул қилинди. Декларацияда Озарбайжон учун муҳим саналган қатор масалалар, шу жумладан, ЕИнинг барча ҳамкор давлатлар, хусусан, Озарбайжоннинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасида ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ҳам акс этган. Ҳужжатда Озарбайжон ҳамда ЕИ ўртасидаги икки томонлама лойиҳалар юзасидан музокаралар давом этаётгани, шунингдек, ЕИга газ етказиш манбалари ва йўналишларини диверсификациялашга хизмат қилувчи Жанубий газ коридори лойиҳасининг якунланиши олқишланган”, – дейди ТИВ вакил Л.Абдуллаева.

Маълум қилинишича, ҳужжатда вакциналардан барча мамлакатларнинг тенг фойдаланиши муҳимлиги таъкидланган. Шу тариқа Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевнинг “вакцина миллатчилиги” хусусидаги фикрлари қўллаб-қувватланган.

Расмий Боку декларациянинг Беларусь ички ишларига дахлдор қисмига қўшилмаган. Бу ҳолат суверенитетга ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойили билан изоҳланган.

Аввал хабар берганимиздек, 14 декабрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Брюсселда Европа иттифоқи кенгаши раҳбари Шарль Мишель билан музокаралар ўтказди. Расмий Брюссель Озарбайжон ҳамда Арманистон муносабатларини изга солиш, хусусан, чегараларни демаркация ва делимитация қилиш масалаларида воситачилик таклиф этди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди.

С.Салим