Европа Иттифоқи барқарор истеъмол ҳамда ишлаб чиқариш ва минтақада яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий Осиё учун “Осиё ўзгаришларини қўллаб-қувватлаш” (SWITCH-Asia) дастурини амалга оширишга киришмоқда. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабар беради.
Мазкур дастур тақдимоти эртага Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилади. Анжуманда Марказий Осиёда дастурни жорий қилиш, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ муаммолар ва мавжуд имкониятлар муҳокама қилинади. Йиғилиш қатнашчилари, шунингдек, кейинги уч йил давомида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон учун мўлжалланган ишлар режасини белгилайдилар.
Тадбир “Осиё ўзгаришларини қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида Барқарор истеъмол ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш (БИИЧ) фонди, Европа Комиссияси, Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича бош директорат (DG DEVCO) ва Европа Иттифоқининг манфаатдор делегациялари ҳамкорлигида ташкил этилади. Миллий ҳукуматлар расмийлари, ЕИ вакиллари, БМТ агентликлари ва асосий манфаатдор тарафлар (бизнес, илмий доиралар, нодавлат ташкилотлари, КМЎК ва бошқалар) Марказий Осиёнинг бешта мамлакатини камуглеродли, ресурсларни тежовчи ва айланма иқтисодга ўтишини қўллаб-қувватлашга қаратилган БИИЧ моделларини ривожлантириш ва унинг аҳамиятига бағишланган қизғин муҳокамаларда қатнашадилар.
Ушбу тақдимот Европа Иттифоқи–Марказий Осиё форуми ва 6-7 июль кунлари бўлиб ўтадиган вазирлар учрашуви билан бир пайтга ўтаётгани рамзий маънога эга. Зеро, форумда янги Европа Иттифоқи – Марказий Осиё стратегияси тақдим этилади. Ушбу стратегия, хусусан, атроф-муҳит, сув ресурслари ва иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини амалга ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги муайян бандни ҳам ўз ичига олади.
Қайд этиш жоизки, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш моделларидан яшил иқтисодиётга ва барқарор ривожланишга ўтишнинг долзарблиги кўплаб мамлакатлар томонидан тобора кўпроқ эътироф этилмоқда. Ушбу ўзгариш мувофиқ сиёсат, рағбатлантириш салоҳиятига эга татбиқ этиш механизмлари, хабардорлик ва таълим сифатини ошириш, шунингдек, инновация ва масъулиятни талаб қилади.
Маълум қилинишча, Қозоғистон ва Қирғизистон маҳаллий КМЎК ва хусусий секторга асосланган миллий яшил иқтисодиёт стратегиясини ишлаб чиқиш жараёнида турибди. Хусусан, Қозоғистон энергия самарадорлигини ошириш, экологик хавфсиз технологияларни қўллаш ва мамлакат табиий ресурсларини барқарор бошқариш бўйича тадбирларни тобора кенгайтирмоқда.
Қирғизистон эса органик қишлоқ хўжалигидан энергияни тежовчи ёритиш ва қайта тикланадиган технологияларга, шунингдек, яшил технологиялар компанияларига мўлжалланган махсус иқтисодий зонани яратишга қаратилган ташаббуслар орқали экологик тоза ривожланиш моделини изламоқда. Қирғизистон, шунингдек, мамлакат яшил иқтисодиётининг устувор йўналишларини белгиловчи қонунчилик базасини ишлаб чиқишга ҳам содиқдир.
Ўзбекистон ҳукумати эса энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергия манбаларига, хусусан, қуёш энергиясини ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамлар қўйди.
Тожикистон ҳам муҳим атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастурларини амалга оширишга интилмоқда.
Барқарор истеъмол ва ишлаб чиқаришга ўтиш сиёсий, иқтисодий, институционал, қизиқиш ва технологик ўзгаришлар талаб қилади. Бу барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш тамойиллари, ёндашувлари ва стратегияларини биргаликда қўллаш орқали амалга оширилди. Келгуси йилларда (2019-2022 йиллар) Марказий Осиёнинг бешта мамлакати Осиё ўзгаришларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида БИИЧ фонди мутахассисларидан ёрдам оладилар.
“Осиё ўзгаришларини қўллаб-қувватлаш” (SWITCH-Asia) дастури 2007 йилда ЕИ томонидан жорий этилган бўлиб, дастур доирасида ўтган йиллар давомида Осиёдаги ўнлаб мамлакатлардаги барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш жараёнлари рағбатлантирилди. Эндиликда дастур Марказий Осиё мамлакатларини ҳам қамрайди.