Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим сиёсий ва иқтисодий ҳамкори саналади. Икки мамлакатни кўп асрлик муштарак тарих, тил ва диний-маънавий мерос бирлаштириб туради. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев Тошкентда ўтган брифингда маълум қилган.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон янги муҳим тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Мамлакатларимиз барқарор сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизимга эга, барча фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришига интилмоқда. Шу боис биз ҳамкорлик ва муштарак тараққиёт йўлида географик ва маданий-гуманитар яқинликнинг қулай имкониятлари ҳамда иқтисодий уйғун ҳолатдан унумли фойдаланишимиз керак. Мамлакатимиз бундан кейин ҳам Ўзбекистон билан очиқ мулоқот ҳамда стратегик ҳамкорликка асосланган барқарор ва истиқболли алоқаларни ривожлантиришга тайёр”, – дейди элчи Е.Утембаев.
Қайд этилишича, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг жорий йил 12 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов руҳига эҳтиром кўрсатиш учун Самарқандда келгани, марҳумнинг қабрини зиёрат қилиб, унинг яқинларига ҳамдардлик билдиргани нафақат икки давлат раҳбари, балки қозоқ ва ўзбек халқининг самимий дўстлигидан далолат беради.
Айни пайтда Қозоғистон ўта муҳим воқеа – ўз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлашга ҳозирлик кўрмоқда. Қолаверса, мамлакатни ҳар жиҳатдан модернизация қилиш бўйича Миллий режа амалга оширилмоқда.
Элчига кўра, дунё миқёсида молиявий инқироз ўз асоратларини кўрсатаётган бир шароитда унга қарши режаларни давом эттириш долзарб аҳамият касб этади. Шу мақсадда Қозоғистон ҳукумати хомашё экспортидан ишлаб чиқаришни ривожлантиришга интилмоқда.
“Мустақиллик йиллари Қозоғистон ЯИМ долларда ҳисоблаганда 20 бараварга, ўртача иш ҳақи 17 бараварга ортди. 2 миллионга яқин иш ўрни яратилди. Шиддатли иқтисодий ўсиш шароитида даромадлар ўртасида кескин тафовутнинг олди олинди. Қашшоқлик даражаси сезиларли камайди. 1990-йиллар бошида Қозоғистонда ҳар уч фуқародан биттаси қашшоқ яшаган бўлса, бугун мазкур кўрсаткич 3 фоиздан ошмайди”, – дейди Қозоғистон элчиси.
Мамлакатда саноатни ривожлантириш, аҳоли яшаш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу тариқа кейинги йилларда 1400 та мактаб, 1300 та соғлиқни сақлаш объекти қурилди. Айни пайтда ЯИМнинг 10 фоизи ижтимоий соҳага сарфланаётир. Аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи 72 ёшга етди.
Таъкидланишича, Қозоғистон халқаро ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Мамлакат 2015 йили Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди. Чорак аср ичида 255 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри сармоялар жалб этилди.
Элчи Э.Утембаевга кўра, расмий Остона халқаро миқёсда гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори. Хусусан, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев БМТ шафелигида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармасини таъсис этишни таклиф қилган. Мазкур жамғарма қашшоқ мамлакатларда таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришга кўмак бермоғи лозим.
Қозоғистон элчиси журналистлар билан учрашувда бошқа долзарб халқаро ва минтақавий масалаларга ҳам тўхталиб ўтган.
Эрик Утембаев узоқ йилларда буён Қозоғистон давлат идораларида фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистонга келгунга қадар у Қозоғистоннинг Эрон, Бельгия, Люксембург, Польша мамлакатларидаги элчиси, ЕИ ва НАТОдаги ваколатхонаси раҳбари лавозимларида фаолият юритган. У 2016 йил апрелдан Тошкентда ишлаб келмоқда.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Борибай Жексембин: “Қозоғистон ва Ўзбекистон долзарб халқаро масалаларда ҳамфикр”. 14.12.2015