Иккинчи жаҳон урушида қатнашган озарбайжонлик фахрийлар Ереванда фашист генерали Гарегин Нждега ҳайкал ўрнатилгани муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга мурожаат йўллади. Бу ҳақда Vesti.az хабар беради.
Гитлерга яқин бўлган генерал Гарегин Нжде (Тер-Арутюнян) Вермахтнинг арманлардан иборат 30 минг кишили жазо легионини ташкил қилган.
Мактубда ушбу шахсга ёдгорлик ўрнатилгани Иккинчи жаҳон урушида инсоният тинчлиги учун жон фидо этган кўп миллатли аскарларнинг руҳига ҳурматсизлик деб аталади.
Озарбайжон Халқаро алоқалар тадқиқот маркази раҳбари Руфиз Гонагов Интерфакс агентлигига берган интервьюсида фашист генералини қаҳрамон сифатида кўрсатишга уриниш халқаро ҳуқуқ ва инсонийликка зид эканини таъкидлаган.
“У Эрон, Россия, Болгария, Кавказ, жумладан, Озарбайжон ва Шарқий Онадўлидаги қонли қирғинларда иштирок этган. Нжде, шунингдек, Ведибасар ва Зангезурда тинч аҳоли қонини тўккани ҳам маълум. У Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашистларга яқиндан кўмак берган”, – деган Р.Гонагов.
Исроилнинг The Jerusalem Post газетаси ҳам ёдгорлик ўрнатилганини қоралаган. Хусусан, профессор Эфраим Зурофф Учинчи рейх билан ҳамкорлик қилганларни қаҳрамонга айлантириш хавфли тенденция эканини қайд этган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса мазкур масалада бундай муносабат билдирган: “Россия нацизмнинг барча кўринишларини қаҳрамонлик деб талқин этилишига қарши эканидан барчанинг хабари бор. Ушбу ҳайкал нега ўрнатилганини тушуна олмадик”.
Манбаларга кўра, арман миллатчилик ҳаракати аъзоси бўлган Гарегин Нжде Биринчи Болқон урушида болгар армияси, Биринчи жаҳон урушида эса рус армияси таркибида жанг қилган. 1942 йил декабрда Берлинда нацистлар билан ҳамкорлик қилган Арман миллий кенгашига аъзо бўлган. Шу йили генерал Дро (Драстамат Канаян) билан арман легионини ташкил этган.
Генерал Нжде гитлерчилар босиб олган Украина ва Польшада жазо операцияларини амалга оширишда айбланади. У 1945 йили Болгарияда совет разведкаси томонидан қўлга олинган ва 1948 йили ҳарбий жиноятчи сифатида 25 йилга озодликдан маҳрум этилган. У 1955 йили қамоқхонада вафот этган.
Расмий Ереван Г.Нждени миллий қаҳрамон деб ҳисоблайди. Арманистон парламенти раиси ўринбосари Эдуард Шармазанов Нждени мамлакат озодлиги учун курашган ватанпарвар деб атаган.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Тигран Балаян эса мамлакатнинг иқтидордаги партияси Нжденинг ғоялари асосида ташкил этилганини билдирган.
Г.Нжденинг Еревандаги ҳайкали фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллигидан икки ҳафта ўтиб 28 май куни тантанали очилган. Маросимда Арманистон президенти Серж Саргсян қатнашган.