Арманистон Жанубий Кавказда кенг кўламли янги уруш очишга уринмоқда. Бу ҳақда америкалик эксперт Питер Тейс Trend нашрига берган интервьюсида гапирган.
“АҚШ Давлат департаменти Ереванни 2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама ҳужжатга риоя қилишга чақириши керак. ЕИ аъзолари ва Вашингтон қуролли зиддиятнинг олдини олиш ва вазиятни мувофиқлаштиришга тайёр эмасга ўхшайди”, – деган П.Тейс.
Таҳлилчи Озарбайжон–Арманистон давлат чегараларининг Дашкесан, Келбажар ва Лочин йўналишларида кузатилган сўнгги провокацияларни ёдга олар экан, бу вазиятда Туркий давлатлар ташкилоти муҳим ўрин тутиши кераклигини қайд этган. Унга кўра, ташкилот НАТО, ЕХҲТ, АҚШ билан расмий мулоқотларни йўлга қўйиши, БМТ Хавфсизлик кенгашида Жанубий Кавказдаги вазият юзасидан йиғилиш ўтказиши мақсадга мувофиқдир.
Айни чоқда, Питер Тейс расмий Ереван иқтисодий статус-квони сақлаб қолишга уринган ҳолда чегарада провокациялар содир этаётганига эътибор қаратган. Эксперт Озарбайжон президенти Илҳом Алиев маъмурияти таклиф этаётган тинчлик йўлидаги ташаббуслар қўллаб-қувватланишини зарурлигини ҳам таъкидлаган.
Бошқа бир америкалик таҳлилчи Ирина Цукерманга кўра ҳам, Арманистон маъмурияти тинчлик йўлидаги музокараларни йўққа чиқариш учун провокация усулига мурожаат қилмоқда.
“Озарбайжон тинчлик жараёни, Арманистон провокациялари ва бунинг халқаро ҳамжамият хавфсизлигига оқибатлари хусусида ахборот ва маърифий кампания ўтказиши керак”, – дея хулоса қилган И.Цукерман.
Аввалроқ Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон билан чегарада рўй берган кенг кўламли провокацияларга жавобан тезкор чоралар кўрилгани ҳақида баёнот берганди.