Жорий йил 19 сентябрь куни Эдуардс Стипрайс Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари сифатида иш бошлади. Бу ҳақда Европа Иттифоқи делегацияси матбуот хизмати хабар беради.
“Мен Латвия Ташқи ишлар вазирлигидаги фаолиятим доирасида Тошкентга бир неча бор ташриф буюрганман. Ўшанда гўзал ва меҳмондўст мамлакатингизга яна қадам ранжида этиш истаги туғилган эди. Орзум ушалиб, ЕИ ва Ўзбекистон алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш имкони пайдо бўлганидан ғоят шодман. Икки томонлама робитага оид талай масалалар юзасидан ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан самарали фаолият олиб борамиз деган умиддаман. Ушбу обод заминда умргузаронлик қилаётган ажойиб инсонлар билан дийдорлашишни интизорлик ила кутмоқдаман”, – дейди элчи Э.Стипрайс ЕИ делегациясининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида чоп этилган видеомурожаатида.
ЕИнинг дипломатик ваколатхонаси Ўзбекистонда 2011 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Э.Стипрайс ЕИнинг Ўзбекистондаги учинчи элчиси саналади. Делегациянинг аввалги раҳбари Юрий Штерк жорий йил августда ўз ваколат муддатини тамомлади.
Эдуардс Стипрайс Латвия ташқи сиёсат маҳкамасидаги фаолиятини 1993 йилда бошлаган. У Латвиянинг Буюк Британиядаги элчиси бўлган, Ташқи ишлар вазирлиги Икки томонлама алоқалар дирекцияси, Президент девонхонаси ҳамда Латвиянинг ЕИдаги доимий ваколатхонасига бошчилик қилган. Шунингдек, Латвиянинг ЕИга кириш бўйича делегацияси котибиятини бошқарган. 2013 йилдан 2016 йилга қадар Латвия Ташқи ишлар вазирлиги Сиёсий директори – Давлат котиби ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2016 йил июлда ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини Э.Стипрайс ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбарлигига тайинланганини маълум қилди.
Элчи Э.Стипрайс Латвия, Украина, Норвегия ва Франция давлат мукофотларига сазовор бўлган. Латвия университети иқтисодиёт факультетини тамомлаган. Франция бошқарув миллий мактаби ва Швеция халқаро алоқалар институтида таҳсил олган. Она тилидан ташқари рус, инглиз ва француз тилларини билади.
Шу мавзудаги мақолалар:
Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан турли соҳаларда мулоқотни кучайтиради. 12.05.2016
Юрий Штерк: “Европа Иттифоқи бюрократик тузилма эмас!” 17.11.2015