Деҳли – Ҳиндистоннинг энг ривожланган, гўзал ва катта шаҳри. Пойтахт эмасми, мамлакатнинг ҳукумат идоралари ҳам, нуфузли бошқарув ташкилотлари ҳам шу ерда жойлашган. Ижтимоий тенгсизлик жуда кучлилиги, транспорт қатнови ўта тиғизлигини айтмаганда, Деҳли пойтахт деса дегулик ажойиб шаҳар.
Лекин ҳар тўкисда бир айб деганларидек, айни замонда пойтахт ҳукуматини жиддий бош қотиришга мажбур қилаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Агар ана шу муаммолардан бири сигир, маймун каби жониворлар билан боғлиқ десак, ўқувчига бироз ғайритабиий туюлиши мумкин.
Аммо катта бир давлатнинг бошкентида сигир, маймунлар бемалол сайр қилиб (тўғрироғи, дайдиб) юрганини тасаввур қилсангиз, муаммо кўлами биз айтгандан ҳам каттароқ эканига амин бўласиз…
Ҳиндларнинг бир неча мингйиллик тарихга эга ведаларида сигир муқаддас жонивор деб эълон қилинган. Ҳатто индуизмга эътиқод қилувчи аҳоли томонидан тилсиз жонивор илоҳ даражасида эъзозланади (цивилизациялашган ХХI асрда инсонларнинг жониворга сиғиниб юриши соғлом ақлга тўғри келмаслиги аён ҳақиқат, лекин наилож, халқаро ҳуқуқда эътиқод эркинлиги, диний бағрикенглик деган тамойиллар бор). Маҳаллий халқнинг сигир гўштини умуман тановул қилмаслиги ҳам бир нави, бироқ, қизиғи, ҳатто бежороқ ҳаракат қилган сигирга ҳам зўрлик ишлатиб бўлмайди. Шу боис пойтахтнинг гавжум ва тирбанд кўчаларида ҳам сигирлар бемалол сайр қилиб юради. Худди меҳмонга келган ҳурматли сайёҳлар каби. Тиғиздан тиғиз транспорт қатновига минг халақит берса ҳам, ҳаттоки аварияларга сабаб бўлса ҳам, сигирларга дахл қилинмайди (уларни ўлдириш қонун йўли билан ҳам тақиқланган).
Деҳли – жуда азим шаҳар. Бу ерда 13 милллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ана шундай улкан издиҳомда сигирлар бемалол дайдиб юришини тасаввур қилиб кўринг. Унчалик кўнгилга ёқмайдиган манзара. Шундай эмасми?
Айни пайтда Деҳли ҳукумати муқаддас жониворлар билан боғлиқ муаммони бартараф этиш чораларини кўряпти. Дастлаб кўчада дайдиб юрган сигирни келтирганларга мукофот ваъда қилинди: шу йўл билан шаҳардаги минглаб хўжасиз сигирларни йиғиб олиш мақсад қилинганди. Бироқ бу тадбир ҳам фойда бермади, тирикчиликдан қийналган одамлар ўз сигирларини топшириб мукофот олар-олмас, бир айланиб келиб, яна молларини талаб қила бошлашди. Хуллас, бу ортиқча харажатдан бошқа натижа бермади. Агар ишонсангиз, ана шундай тушунмовчиликлар олдини олиш учун сигирларнинг томоғига у ҳақдаги маълумотлар ёзилган махсус микрочиплар ҳам ўрнатиб кўрилди. Лекин бу ҳам фойдасиз бўлиб чиқди.
Кечмиш тажрибалардан хулоса чиқарган Деҳли ҳукумати ҳозирда янги режа устида иш олиб боряпти. Бунга кўра, шаҳар ташқарисида жуда катта ферма ташкил этилади ва у ерда кўчаларда дайдиб юрган барча сигирларга жой берилади. Сигир эгалари эса боқиб бергани учун давлатга маълум миқдорда пул тўлашади. Бу режа ижобий натижа бериши қийин. Нега деганда, кўчада ўз ризқини териб келаётган сигирини ким ҳам тўлов эвазига фермага берар эди. Боз устига, бу ёқда дин пешволари сигирнинг муқаддаслигию унга озор берганларнинг косаси оқармаслиги ҳақида ваъз айтиб турган бўлса!
«Рамаяна» сериалидаги Хануман исмли маймун тимсоли кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бу ҳўв бир замонлардан қолган достон қаҳрамонику дерсиз. Лекин ҳиндлар ҳозиргача ана шу думли маймунни адолат ва куч-қудрат рамзи сифатида қадрлашади. Хануманнинг ҳурматидан бўлса керак, Деҳли кўчаларида сандирақлаб юрган унинг авлодларига ҳам тегишмайди. Маймунлар пойтахтдаги уй томлари, бино деразаларида юргани, очиқ қолган ойналардан уйларга кириб олиши ҳам майли, улар ҳаттоки ҳукумат идораларига бемалол бош суқа олади. Ҳарқалай, адолат ва куч-қудрат рамзи бўлган Хануманнинг авлодларига қайси мард қаршилик қила оларди?
Ана шу тилсиз махлуқлар 2004 йили катта сиёсий можарога ҳам сабаб бўлди. Ҳиндистон мудофаа вазирлигининг мутлақо махфий тамғаси босилган ҳужжатлари шундоққина гавжум кўчада, ерда ётгани маълум бўлган пайтда ҳукумат арбобларининг қандай саросима ва таҳликага тушганини кўп таърифлаш шарт эмас: халқаро жанжалга олиб келиши мумкин бўлган хуфия ҳужжатларни ким ўғирлади – террорчиларми ёки ғаним давлатларми? Кейинроқ маълум бўлишича, неча генералларнинг истеъфосига сабаб бўлган ҳужжатларни очиқ қолган ойнадан мудофаа вазирлиги биносига кирган… макака маймуни олиб чиқиб ташлаган экан. Бу жонивор кимларнингдир жони тикилган махфий ҳужжатларнинг қадрини қаэрдан ҳам тушунсин?
Шундан кейин Деҳли ҳукумати Хануман авлодларини йўқ қилиш учун жиддий ҳаракатга киришди. Бутун шаҳарда ўзини ҳоким ҳис қилиб қолган маймунлар алоҳида жойга қамаб қўйилди – фойдаси бўлмади. Интизомсиз жониворларни бошқа штатга сургун қилмоқчи ҳам бўлишди. Лекин бошқа штатларда ҳам қоидабузарлар етиб ортар экан. Шундан кейин мамлакат Олий судининг қарори билан (ана шунақа, муқаддас ҳайвонлар тақдири олий маҳкама даражасида ҳал қилинади!) бебош маймунлар оммавий равишда Деҳли атрофидаги ўрмонларга юбориладиган бўлди. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек ҳал бўлаётгандек эди. Лекин кутилмаганда яна бир муаммо чиқиб қолди: шаҳардан келган маймунлар қишлоқлик қавмдошларига кун бермаётган эмиш.
Буям етмагандек, маймунларнинг сургун қилиниши маҳаллий аҳолига ҳам маъқул келмади. Чунки улар маймунларга ҳар сешанба куни (индуизм динига эътиқод қилувчи аҳоли бу кунни Хануман куни деб байрам қилади) бананлар ва ёнғоқлар бериб чексиз савобларга нойил бўлишаётган эди. Бу амалнинг фазилатини тушунмаган расмийлар эса Хануманнинг қариндошларини ҳайдаб юборишяпти.
П.С. 2010 йилги Британия Ҳамдўстлиги мамлакатларининг спорт мусобақалари ҳам Ҳиндистон пойтахтида ўтиши мўлжалланяпти. Халқаро миқёсдаги тадбирга мезбонлик шунчаки ташкилотчилик билан чекланмайди. Нуфузли мусобақани ўтказиш учун шаҳарни тоза, ораста-озода ва тартибли ҳолатга келтириш керак. Нега деганда, сигир ва маймунларнинг эркалигини маҳаллий халқ кўтариши мумкин. Бироқ хорижлик меҳмонлар учун бу жониворлар шунчаки инсон эҳтиёжига хизмат қилиш учун яратилган махлуқлар, холос. Бошқа ҳеч нарса эмас.
Собиржон ЁҚУБОВ, www.hurriyat.uz