Сайёрамизнинг шимолий қутби бўлган Арктика катта энергия манбаларига эга бўлган ҳудуд. Олимлар музликлар маконида улкан нефть ва газ захиралари борлигини айтишганидан буён ҳудудга яқин бўлган давлатларнинг тинчи бузилди (Тахминларга кўра, ҳали ўрганилмаган нефть ва газ конларининг 25 фоизи шу ерда). Ўзи шундоқ ҳам кураш майдони бўлиб қолган дунё саҳнасида яна бир рақобат чизиғи юзага келди.
Хабарингиз бор, яқинда Россия Арктикага ўз кемаларини юборди ва музликлар маконига ўз байроғини ўрнатди. Асрлар давомида сукунат ҳукм суриб келган ҳудудда кемалар пайдо бўлиши Арктика учун кураш бошланганига чақириқ бўлди гўё. Россия шимолий қутбни эгаллаш учун жиддий киришган кўринади. Федерация томонидан Франтс-Иосиф ерида ва Барентс денгизининг шимоли-шарқий қисмида ҳарбий ва фуқаролик объектлари қурилаётгани ҳам Кремлнинг мақсади жиддий эканини тасдиқлайди.
Музликлар маконига жуғрофий жиҳатдан энг яқин саналган Канада давлати ҳам Арктиканинг шимолий-ғарбий қисмига асосий даъвогар. Шимолий муз океанининг бир бўлаги, айни пайтда Атлантика ва Тинч океанини туташтириб турувчи ушбу ҳудуд стратегик нуқтаи назардан муҳим аҳамиятга эга. Агар муз эриши шу тариқа давом этса, мазкур ҳудудда Шимолий Американинг Осиё билан боғловчи энг яқин йўл очилиши ҳам мумкин. Бу ҳозирда Панама орқали ўтаётган йўлдан 6500 км яқинроқ бўлади.
Яқиндагина расмий Оттава ушбу ҳудудда Канада суверенитетини таъминлаш учун патруль кемалари назорат ўрнатиши ҳақида маълум қилди. Мамлакат раҳбарияти бу йўлда 2 миллиард доллардан ошиқроқ маблағ ажратишга ҳам тайёр. Тинчликсеварлик ва ҳарбий можаролардан ҳар доим четда бўлган давлатнинг бу галги баёноти бошқа даъвогарларни ҳам ҳушёр торттирди. Афтидан, Россиянинг дадил қадами кўпдан буён Арктикага кўз тикиб турган Канада ҳукуматини ҳам кескин ҳаракатга ундади чоғи…
Балки шу боисдир, Россия байроғи ҳудудга тикилиши ҳодисасига жавобан Канада бош вазири Стивен Харпер музликлар масканига уч кунлик сафар уюштирди.
Ҳудуд учун асосий даъвогарлардан бири бўлган АҚШ мазкур икки мамлакатнинг саъй-ҳаракатини диққат билан кузатиб турибди. Бироқ Вашингтоннинг синчков томошабин рольи ҳам вақтинча. Қўшма Штатлар ҳисоб тўғри келиши билан амалий ҳаракатга тушиши аниқ. Бу ёқда эса муз остига яширилган хазина учун Дания, Норвегия давлатлари ҳам даъво қиляпти.
Бу халқаро ҳуқуқ деганлари ҳар доим ҳам тушунарсиз ва мунозарали бўлиб келган. Балки шу боисдир, катта-катта ташкилотлар шафелигида ишлаб чиқилган юзлаб ҳужжатлар, битимлар ижросиз тарих мулкига айланиб кетяпти. БМТнинг денгиз ҳуқуқи бўйича Конвенциясига асосланаётган Москва наздида мамлакат ўзига чегарадош ва яқин минтақада жойлашган ҳудуднинг табиий бойликларига эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Канада эса шимолий-ғарбий қисмни мамлакатнинг ички денгиз ҳудуди деб ҳисоблайди. Оттава наздида Мичиганга Америка қандай ҳақли бўлса, Канада ҳам шимолий ҳудудларга шунчалик ҳақли. Вашингтон эса минтақа очиқ уммоннинг бир қисми экани, шундай экан, ҳар қандай мамлакат Канада ёки Россия рухсатисиз у ерга кириши мумкинлигига урғу беради. Очиғи, ушбу муаммони ҳам халқаро ҳуқуқ эмас, мамлакатларнинг ҳарбий қудрати ҳал қилади. Кимки улкан ҳарбий салоҳиятга эга бўлса ва ташаббусни ўз назоратига ола билса, ўшанинг айтгани айтган, дегани деган бўлади. Ана шу ишончга суянган Россия
Арктикага кемалар юборяпти, Канада эса ҳукумат раҳбари сафарини уюштиряпти. Ҳозирдан айтиш мумкинки, агар катта давлатлар шу тариқа дадил ҳаракатда давом этса, иқтисодий ва ҳарбий имкони чекланган давлатлар иложсиз уларга ён беради. Ҳудуд назорати ҳам биринчи бўлиб ҳаракат қилган томонга ўтиб кетади.
Россиянинг ҳарбий қудратигаку шубҳа йўқ. Совуқ уруш замонидан бери қуролланишга зўр бераётган мамлакатнинг жангари табиати борасида гап бўлиши мумкин эмас. Лекин Канада ҳақида якуний хулоса айтиш қийин. Гарчи ҳудудда ўз назоратини ўрнатишни иддао қилаётган бўлсада, Оттава бошқа мамлакат кемаларига қарши туролмайди.
Тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам денгиз маконига ҳукмрон бўлиш учун икки омил талаб этилади: ҳарбий қудратда тенгсизлик ва географик жиҳатдан ҳудудга яқин бўлиш. Мазкур шартлардан келиб чиқилса, устунлик Россия томонидан деган дастлабки тахминий хулосага келиш мумкин. Нега деганда, Россия зикр қилинган шартнинг ҳар иккисига жавоб беради. Бошқа даъвогарларда эса у ёки бу имконият етишмайди. АҚШда талаб қилинган даражада ҳарбий қудрат мавжуд, лекин мамлакат Арктикадан бироз узоқроқда жойлашган. Канада Арктика билан девордармиён қўшни, лекин муҳожирлар мамлакати етарли ҳарбий қудратга эга эмас.
Кўплаб Ғарб таҳлилчилари ҳозирги шароитда янги табиий захиралардан тузукроқ улуш олиш учун Канада ва АҚШ биргаликда ҳаракат қилиши муҳимлигини таъкидлашмоқда. Тўғри, Вашингтон ҳам шимолий ҳудудни Канада томонидан якка назорат қилинишини истамайди. Лекин юқорида айтилганидек, ҳарбий соҳада оқсаётган Оттава барибир иккинчи даражали муаммо. Образли қилиб айтганда, океан орти мамлакати учун асл хавф-хатар Канада «бўрсиғи»дан эмас, рус «айиғи»дан…
Ғарблик сиёсатдонлар хавотирланганича бор. Агар бугунги вазиятда Канада ва АҚШ ўзаро рақобатда давом этса, Россия жуда узоққа бориши мумкин.
Канада барибир шимолий қутб ерларни бир ўзи назорат қилолмайди. Ўз навбатида Қўшма Штатлар учун ҳам бўлинган дунёни қайта бўлиш операциясида ёрдамчи зарур. Шундан келиб чиқиб, АҚШ ва Канадани Арктика рақобатида ихтиёрий-мажбурий иттифоқчилар деб аташ мумкин. Иттифоқ занжири қанчалик мустаҳкамлиги ҳақида аниқ айтиш қийин, лекин кўзланган марра ҳар икки томон учун катта манфаат келтиришини тахмин қилса бўлади. Чунки ёввоий отни биринчи бўлиб қўлга киритган унинг соҳибига айлангани каби Шимолни биринчи бўлиб назоратга олган давлат унинг бойликларига эгалик қилади.
Абдул Собир