Бирмингем университети олимлари дунёдаги энг қадимги календарни топишга муваффақ бўлишди. Шотландиянинг Абердиншир даласидан топилган календарнинг ёши ўн минг йил экан. У шу чоққа қадар маълум бўлган шумерларнинг машҳур календаридан ҳам беш минг йил аввал яратилган. Ҳар икки календар ҳам бир йўла ой ва қуёш ҳолати билан боғлиқ даврларни кўрсатса-да, шумерлар календари бронзага ўйиб ишланган. Унинг ўтмишдоши ҳисобланган — 12 та чуқурчали ва уларнинг ҳар бири ораси 50 метрли ёйсимон календар Ой ва Қуёш фазаларини кузатишга мўлжалланган. Чуқурчалар календарнинг 12 ойини ифода этган. Уларга соянинг оғишини кўрсатувчи ёғоч устунчалар кўмилган бўлиши керак.
Тадқиқотчилар фикрича, чуқурчаларни қазишда қишки қуёш кўтарилиш вақти, яъни янги йил кириб келган вақтдаги офтоб чиқиш нуқтасига биноан мўлжал олинган. Бу реал астрономик вақтга тузатиш киритиш ҳамда навбатдаги мавсум ўзгаришини қачон кутишни аниқлаш имконини берган. Бу календардан деярли тўрт минг йил мобайнида фойдаланилган. Бу даврда чуқурчалар юзлаб марта янгиланган. Олимлар календар жойлашган ҳудуд атрофини самолёт орқали суратга олиб, шундай фикрга келишди.
Ибтидоий одамларга вақтни аниқ билиш нима учун зарур бўлган? Тош асрида яшаган овчилар ҳайвонлар ҳамда лосос балиқлари галаларининг кўчиш даврини аниқлаш мақсадида шу календардан фойдаланган бўлишлари мумкин. У қабила бошлиқларига айрим ой-кунларда маросимларни адо этиш учун зарур бўлгани ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.