8 сентябрь куни Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида ўзбек журналистларига Халқаро туркий маданият ташкилоти – TÜRKSOYнинг матбуот йўналишидаги махсус мукофоти топширилди. Тадбирда TÜRKSOY, Ўзбекистон–Озарбайжон дўстлик жамияти, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раҳбарияти, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.
Тадбир аввалида иштирокчилар умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев ҳайкали пойига ва шаҳидлар боғига гул қўйдилар.
Тадбирни Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов кириш сўзи билан очиб, TÜRKSOY ҳақида маълумот берди. Жумладан, туркий мамлакатларнинг маданий саъй-ҳаракатларини бирлаштирган ушбу ташкилот доирасида кенг ҳамкорлик платформаси яратилганини таъкидлади. С.Аббосов Озарбайжон маданият маркази TÜRKSOY билан ҳамкорлик қилаётгани, жумладан, марказ кўмагида, TÜRKSOY лойиҳаси доирасида Мулла Паноҳ Воқиф, Бахтиёр Ваҳобзода каби шоирларнинг шеърий тўплами чоп этилганини қайд этди.
Дипломат Озарбайжон армиясининг қаҳрамонлиги, Олий бош қўмондон, президент Илҳом Алиевнинг муваффақиятли сиёсати натижасида қарийб 30 йил давомида босиб олинган Озарбайжон ерлари 44 кунлик Ватан уруши натижасида озод қилинганини мамнуният билан таъкидлади. У ўтган давр мобайнида, шунингдек, Ватан уруши даврида Озарбайжондаги ҳодисаларни Ўзбекистон ва дунё эътиборига ҳавола этган таниқли оммавий ахборот воситалари вакилларига миннатдорлик билдирди.
TÜRKSOY бош котиби Султон Раев ўз нутқида 2020 йилда халқаро ташкилотнинг матбуот йўналишидаги мукофотини қадимги Озарбайжон тупроқлари озод қилиниши учун кечган 44 кунлик Ватан уруши ва Қорабоғ воқеаларини муносиб ёритган ОАВ ходимларига беришга қарор қилинганини билдирди.
Бош котибнинг айтишича, Озарбайжон маданият вазирлиги ташаббуси билан 2021 йилнинг 10 сентябрида бўлиб ўтган маросимда TÜRKSOY матбуот мукофоти эгаларидан бир қисмига берилган.
Сўнгра С.Раев ва С.Аббосов Озарбайжондаги ҳодисаларни ёритишда жонбозлик кўрсатган журналистлар – Шуҳрат Саломов, Ихтиёр Абдураҳмонов, Сердар Кескин, Шокир Долимов, Муслимжон Мирзажонов, Нозим Бўронов ва Шарофиддин Тўлагановларга TÜRKSOY мукофотини топширдилар. Таъкидлаш жоизки, 2021 йил Бокуда бўлиб ўтган тадбирда журналистлар Қамариддин Шайхов ва Абдували Сойибназаровлар халқаро ташкилот томонидан тақдирланган эди.
Ўзбекистон–Озарбайжон дўстлик жамияти раиси Эркин Нуриддинов, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, “Турон” Фанлар академияси президенти Ҳайдарбек Бобобековлар Ўзбекистон билан Озарбайжон, шунингдек, туркий мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда, жумладан, фан, маданият, санъат ва матбуот соҳасида ривожланаётгани ҳақида сўз юритдилар.