Беслан: Дунёни ларзага солган ваҳшийлик

Россиянинг Шимолий Осетия республикасидаги Беслан шаҳарчасида содир этилган мудҳиш террор оқибатларини бутун дунё кузатиб уч кун сукут сақлашга мажбур бўлганини бугун жаҳон ҳамжамияти қандай изоҳлар экан?

Террорга қарши бир тану бир жон бўлиб курашилмаса нима оқибатларга олиб келишини жаҳон аҳли яна бир бор қўлни қовуштирган ҳолда кузатиб ўтирганини қандай изоҳлашга ҳам ҳайрон қолади киши? Бесландаги ҳодисага мактабда ўқувчи, ота-она ва ўқитувчиларнинг қуролланган гуруҳ томонидан гаровга олиниши сабаб бўлди. 1 сентябр куни бошланиб, икки ярим кун давом этган бу ҳодиса жума куни фожеали якун топди.Террор чегара билмас таҳдид эканлиги яна бир марта исботланди. Ҳозирги вақтда террор бизга таҳдид солмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмаслиги яна бир марта намоён бўлди.

Охирги вақтларда содир этилган террор хуружлари ичида энг йириги Беслан воқеаси деб этироф этиш мумкин. Инсониятга қарши қилинган бу ваҳшийликни ҳатто ўтган тарих саҳифаларидан ҳам топиш амри маҳолдир. Айниқса, болаларга қилинган бу ҳар бир кишини ларзага солиши табиийдир.Эндигина мактаб остонасини ҳатлаб ўтган болани ўқиш лаззати эмас, террор ҳуружи қарши олса,ахир бу даҳшатку? Бундай азобни хаёлига ҳам келтирмаган беғубор болакайлар воқеани қандай қабул қилганини тасвирлаш эса жуда қийин. Ахир болаларни ҳам аямаган бу ваҳшийларнинг ишини нима деб аташ мумкин? Наҳотки, ҳеч кимга озори тегмайдиган болалар террор учун объект бўлиб хизмат қилса? Бундан кўриниб турибдики, бу хуруж бутун инсониятга қарши қаратилган. Шу ерда бу фожеага оид охирги маълумотларни келтириб ўтсак.

Ҳалок бўлганлар сони ҳақида Россия Бош прокурори муовини Сергей Фридинский маълум қилди:
”Террорчилик ҳаракати натижасида 335 нафар киши ҳалок бўлди. Уларнинг 155 нафари болалардир. Қурбонлар сони ошиши мумкин”, – деди Москва расмийси.
Жума куни озод этилган болаларнинг кўпчилиги касалхонага ётқизилган, баъзилари ота-онаси бағрига қайтган.

4 сентябр эрта тонгда Россия Президенти Владимир Путин Бесланга борди. У касалхонага бориб, яраланганлар билан учрашди. Ҳозирда касалхонада бўлган жабрланганлар 400 киши, улардан 50 нафардан зиёдининг ҳаёти хавф остида. Якшанба куни 17 нафар оғир ярадор бўлган болалар Москва шаҳрига келтирилди. 200 киши ҳалигача бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. 6-7 сентябр кунлари Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Шимолий Осетия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Исмел Шаов маълумотига кўра, Бесландаги мактабга ҳужум билан бостириб кирган қуролланган гуруҳ сафида бўлган деб гумон қилиниб, уч одам қўлга олинган, уларнинг бири — аёл киши. Матбуот хизмати раҳбари сўзларига кўра, улар ўзларига қўйилган айбловни тан олишган. Қўлга олинганлардан бири жорий йилнинг 1 февральида Владикавказда содир этилган террор ҳаракатларида, 29 майдаги Москва-Владикавказ поэздидаги портлашда ва 22 июнь тунидаги Назранга босқинчилик билан ҳужум қилишда иштирок этган, деган айблов билан шу пайтгача қидирувда бўлган. Шунингдек, якшанба куни Италия ва
АҚШдан Шимолий Осетияга тиббий жиҳозлардан иборат инсонпарварлик ёрдами етиб келди.

Ҳозирда дунё жамоатчилиги Бесландаги ҳаракатларни террорчилик акти, деб атаб, уларни қораламоқда, Россия ҳукумати ва халқига ҳамдардлик, ҳамжиҳатлик билдирилмоқда.

Шерзод АҲМАТОВ