Азиз Санжар: “Туркий дунё ёшларининг илмга рағбатини кучайтирмоғимиз лозим”

Кимё бўйича Нобель мукофоти соҳиби, АҚШнинг Шимолий Каролина университети профессори Азиз Санжар Ўзбекистон Миллий университети таклифига кўра юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Мазкур ташриф Turkish Airlines авиакомпанияси  ва Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) кўмагида ташкил этилди.

Асли туркиялик атоқли олим Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов билан учрашди.

Хусусан, Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов жаҳонга машҳур биокимёгарнинг ўзбек заминига ташрифини олқишлаб, Ўзбекистон ва Туркия университетлари ректорлари кенгашини ташкил қилишни таклиф этган ва бу ташаббусни рўёбга чиқаришда Азиз Санжардан ёрдам сўраган.

16 октябрь куни Ўзбекистон Миллий университетида “Азиз Санжар: сарҳадсиз билим ичра кечган ҳаёт” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Анжуман якунида Азиз Санжарга ЎзМУ фахрий доктори унвони берилди.

Анжуманда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен ҳамда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари  Али Иҳсан Чаглар ҳам иштирок этди.

Атоқли олим Азиз Санжар Ўзбекистонга келганидан ғоят мамнун экани, негаки, бу замин унинг учун қадрли эканини қайд этди.

“Мен қардошларим билан дийдорлашгани келдим. Менга берилган Нобель мукофоти аслида барча туркий халқларга тегишлидир. Яшириб нима қилдим, ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлганимдан кейин турли мамлакатларга таклифлар кўпайди. Вақтим камлиги боис таклифларнинг аксарини рад этишга мажбур бўламан. Аммо туркий қардошларимнинг таклифини, Ўзбекистон Миллий университети раҳбарияти таклифини бажонидил қабул қилдим”, – деди олим.

Туркиялик профессор илмнинг юксак чўққиларини забт этиш борасидаги шахсий тажрибаси хусусида ҳам сўзлаб, бугунги даврда ёшларни илм-фанга қизиқтириш бирламчи вазифа эканини таъкидлади.

“Мени Ўзбекистонга қандайдир моддий манфаат эмас, балки соғинч етаклаб келди. Бу – ватаним олдидаги бурчим эди! Энг асосийси, мен бу ерга ёшларда илмга рағбат уйғотиш мақсадида ташриф буюрдим. Бугун биз туркий дунё ёшларида илмга рағбатни кучайтирмоғимиз лозим”, – деди профессор Азиз Санжар.

Атоқли олим, хусусан, замонавий билимлар, Ғарб фани ютуқларини ўзлаштириш муҳим эканига эътибор қаратди.

“Илм-фансиз жаҳонда ҳурмат-эътибор қозониб бўлмайди. Бунга эса турк дунёси бир ёқадан бош чиқарибгина эришиши мумкин. Ҳамкорликда ишлашда гап кўп. Бизни умумий тил, дин ва тарихий илдизлар боғлаб туради. Биргаликда кўп ишларга қодирмиз, жумладан, илм-фан соҳасида ҳам юксак чўққиларни эгаллай оламиз”, – деди олим.

Профессор Азиз Санжар Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги хусусида ҳам тўхталди. Олимга кўра, қарийб юз йил давомида Туркиянинг Марказий Осиё билан робитаси узилиб қолган эди, аммо бугун алоқаларни ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд.

Нобель мукофоти соҳиби, машҳур биокимёгар Азиз Санжарнинг юртимизга сафар дастуридан Хива, Бухоро, Самарқанд каби тарихий шаҳарлар зиёрати ҳам ўрин олган.

Азиз Санжар 1946 йили Туркиянинг Савур шаҳрида туғилган. 1969 йили Истанбул университетининг тиббиёт факультетини тамомлаган. АҚШнинг Техас, Йель, Шимолий Каролина каби пешқадам университетларида илмий тадқиқот олиб борган.  Профессор Азиз Санжар 2015 йилда Томас Линдал ва Пол Модричлар билан биргаликда ДНКни тиклаш механизмларини тадқиқ этгани учун кимё бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.

С.Салим