Археологлар Мексика чангалзорларида майя ҳиндуларининг қадимги шаҳри харобаларини топишди. Маҳаллий ахборот воситалари хабарига кўра, бу шаҳарнинг қолдиқлари сўнгги бир неча юз йил мобайнида номаълум бўлган.
Словения фан ва санъат академияси доценти И. Спрайц раҳбарлигидаги экспедиция турли баландликда 15 та эҳромни топган. Улардан энг каттаси бўйи 23 метрни ташкил этади. Шунингдек, шаҳар майдони, диний маросимлар ўтказиладиган жой ҳам аниқланган, улкан ҳажмдаги ёдгорлик тоши топилган.
Олимлар ўзлари кашф этган шаҳарни Чактун деб номлашди. Бу ном майя ҳиндулари тилида “Қизил тош” деган маънони англатади. Улкан тош 22 гектар майдонни эгаллаган. Жойлашган ўрни эса Юкатан ярим оролидаги Четумал шаҳридан 120 километр ғарбдадир. Мутахассисларнинг дасталабки хулосаларига кўра, бу шаҳарда 30-40 минг киши яшаган бўлиши мумкин. Унинг гуллаб-яшнаган даври милодий эранинг 600 — 900 йилларига тўғри келиши эҳтимол тутилмоқда. Олимлар аҳоли тахминан 1000-йилларда демографик сабаблар, иқлим ўзгариши ёхуд урушлар туфайли шаҳарни тарк этган бўлиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
Экспедиция раҳбарининг маълум қилишича, шу чоққача майяликлар шаҳри номаълум бўлиб келган эса-да, олимлар 20-30 йил муқаддам шу жойда бўлган одамларнинг изларини топишган. Спрайцнинг айтишича, кесиб олинган дарахтлар ўрни, дарахт елимини йиғишга мўлжалланган мосламалар шундан далолат беради. Бу ерда, албатта, кимлардир бўлган, деб таъкидлайди олим. Мазкур топилдиқ Майя империяси даврида турли минтақалар ўртасидаги алоқаларга ойдинлик киритиши мумкин.