АҚШ Ўзбекистон тиббиёт муассасаларига силга қарши кураш дастури доирасида 730 минг долларлик янги лаборатория дастгоҳлари ва видео ускуналар тақдим этди. Бу ҳақда 19 июль куни Тошкентда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) силга қарши кураш дастурларига бағишлаб ўтказилган анжуманда маълум қилинди.
Янги тиббий ускуна ва жиҳозлар силнинг дориларга турғун турларини аниқлаш ва даволашни такомиллаштириш, дорилар сифатини текшириш имкониятини ошириш ҳамда сил касаллиги бўйича маҳаллий мутахассисларни Тошкент ва халқаро миқёсдаги экспертлар билан боғлашга хизмат қилади.
Илмий-амалий анжуманда Америка Қўшма Штатларининг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ҳам қатнашди. Дипломат АҚШ ҳукуматининг сил касаллигига қарши беш йиллик дастури доирасида эришилган асосий ютуқларни санаб ўтди ҳамда Ўзбекистонда бу касаллик даражаси, айниқса, унинг дориларга турғун турларини қисқартириш ва барҳам беришга қаратилган янги дастурларни эълон қилди.
“Йигирма йилдан ортиқ давр мобайнида Америка Қўшма Штатлари USAID орқали мазкур ҳалокатли касалликнинг тарқалишини чеклашга ҳамда силни аниқлаш, ташхис қўйиш даволаш имкониятлари барча учун мавжуд бўлишини таъминлаш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Ишончим комилки, бизнинг ҳамкорлигимиз янги лойиҳалар орқали янада кенгаяди ва чуқурлашади”, – деб таъкидлади элчи Розенблюм.
USAID ҳамда Cил касаллиги миллий дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган дастурлар бу борадаги хизматлар, ташхис қўйиш ва клиник йўриқномалар, сил/ОИВ қўшма инфекциясининг олдини олиш ва назорат қилишни такомиллаштирди ҳамда мамлакатда силга қарши энг илғор дори-дармонлар ва янги даволаш услубларини жорий қилди. Антибиотикларнинг янги синфига мансуб бўлган “Bedaquiline” дориси ҳам ана шу сирага киради. У силнинг кўп сонли дориларга турғун бўлган турига чалинган беморларни самарали даволайди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2015 йилдан бошлаб USAID Ўзбекистонда силга қарши курашиш ишига 14 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ тақдим этди. Мазкур йўналишдаги лойиҳалар натижаси ўлароқ, мамлакатнинг етти вилояти (Андижон, Бухоро, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, Хоразм, Навоий ҳамда Самарақанд) ва Тошкент шаҳрида ташхис қўйиш, касалликни даволаш ва беморларни парваришлаш имконияти кенгайди. Дастур доирасида 5000 дан зиёд тиббиёт ходимлари махсус ўқув-машғулотларида малака оширди, 40 та лаборатория иши такомиллаштирилди, юзлаб беморларга узоқ ва мураккаб даволаниш курсини якунлашда кўмаклашилди. Шу билан бирга, USAID силга қарши дори-дармонлар сифати ва миқдорини ошириш мақсадида Ўзбекистондаги маҳаллий дори ишлаб чиқарувчиларга ёрдамлашди.