Яна саноқли кунлардан кейин — ноябрь ойида АҚШда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Сизга маълумки, сайловда республикачилар партиясидан амалдаги президент Жорж Буш, демократлардан эса сенатор Жон Керри биринчилик учун кураш олиб боради. Ўтган ҳафта икки номзод сайловолди кампанияси доирасида дастлабки телевивизион дебатда қатнашди. Қуйида ТВ мунозарадан айрим иқтибосларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Президент Буш: «Ўйлайманки, албатта, бўлажак сайловда ғалаба қозонаман. Чунки америкаликлар менинг раҳбарлигимга ишонади. Мен ўз сайловчиларимга нималарга қодир эканимни намойиш қила олдим. Тўғри, менинг қарорларим мамлакатдаги барча кишиларга ҳам ёқавермайди. Айниқса, Ироқ масаласи кўпчилик мунозарасига сабаб бўлмоқда. Лекин шуни тушунишингизни истардимки, Ироқ борасида жуда қийинчилик билан бир қарорга келганман».
Сенатор Керри: «Ишончим комилки, биз янада кучлироқ, дадилроқ бўлишимиз керак. Мен буни уддлайман. Террорчилар қаэрда бўлишидан қатъи назар, уларни йўқ қиламан. Шу билан бирга биз ақллироқ ҳам бўлишимиз зарур. Диққат билан эътибор берсак террорга ва Усама бин Лодинга қарши кураш ҳозир Ироқда эмас, фақат Афғонистонда амалга оширилаётганига гувоҳ бўламиз. Бу, менимча, тўғри ҳаракат эмас».
Президент Буш: «Мураккаб томони шундаки, уруш фронти (изоҳ: Ироқ уруши) кўплаб мамлакатлар орқали ўтган. Энг даҳшатлиси, биз бу жангда мағлубиятга учрашимиз ҳам мумкин. Лекин мен барибир ғалабага ишонаман. Чунки Ироқ халқининг ўзи ҳам озод яшашни чин дилдан истаяпти».
Сенатор Керри: «Ироқ урушига 87 миллиард доллар маблағ ажратиш учун овоз бериб мен хатога йўл қўйдим. Лекин президент ана шу урушни бошлаб ва Ироққа бостириб кириб янада жиддийроқ хатога қўл урди. Бу икки хатодан қайси бири ёмонроқ? Мен хатони ўз вақтида тўғрилаш керак, деб ҳисоблайман. Бунга Ироқ тақдири мисолида ишонч ҳосил қилдим».
Президент Буш: «Мухолифим Ироққа қўшимча ёрдам юбораман, деб айтяпти. Ва бир вақтнинг ўзида уруш мутлақо нотўғри эканини таъкидлаяпти. Бош қўмондон бу каби бир-бирига зид сўзлар билан ўз аскарларини чалғитмаслиги керак».
Сенатор Керри: «Таассуфки, Усама бин Лодин ҳали ҳам Афғонистондаги Тора-Бора ғорларида яшириниб юрибди. Бизда уни ушлаш имкони бўлди, уни ўраб ҳам олдик. Лекин қўмондонлик террорчини ушлаш учун мавжуд имкониятларни ишга солмади. Президент бу вазифани афғон дала командирларига топширди. Бу жуда катта хато эди».
Собиржон Ёқубов тайёрлади