АҚШ Федерал қидирув бюросининг агентлари Ўзбекистонда машғулот ўтказди

АҚШ Федерал қидирув бюросининг тўрт нафар махсус агенти ва портловчи моддалар бўйича мутахассиси Ўзбекистон Бош прокуратураси Олий ўқув курсларида бир ҳафталик тренинг ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг юртимиздаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

Портлашдан сўнгги тергов амалиётлари бўйича тренинг давомида Ички ишлар вазирлигида амалий машқлар ҳам ўтказилди. Ушбу машғулотларда далил топиш ва тўплаш, қурилмани қайта тиклаш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишда зурур бўлган муҳим билим ва кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

“Бундай машғулотлар ёрдамида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) халқаро ҳуқуқ-тартибот органларидаги ҳамкорларга ҳамкорликни кучайтириш ва далил йиғишга ёрдам берувчи умумий ва илғор қидирув усулларига оид кўникмаларни ўргатади. Бундай машғулотлар бутун дунё бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, – деди ФҚБ вакили.

Ушбу лойиҳани АҚШ элчихонасидаги Дипломатик хавфсизлик бўйича минтақавий идора ҳам қўллаб-қувватлади.

Мазкур тренинг ва ҳамкорлик қидирув-тергов, далилларни йиғиш ва жиноий жавобгарликка тортишга доир усулларни бирлаштиришга ёрдам беради. Реал текширув бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш ва амалий машғулотлар ўтказиш орқали, ФҚБ экспертлари келгусида трансмиллий жиноят ва террористларга қарши биргаликда кураш олиб бориш учун, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

АҚШ Федерал қидирув бюроси қидирув-тергов ишлари олиб бориш мақсадида 1908 йили ташкил этилган. Етмиш йилдан ортиқ вақт мобайнида ФҚБ америкаликларни ҳимоя қилиш ва бошқаларга ёрдам бериш мақсадида асосий ҳуқуқни муҳофаза қилиш, разведка ва хавфсизлик органлари билан муносабатлар ўрнатиш орқали чет элларда махсус агент ва бошқа ходимларини жойлаштириб келмоқда.