Туркия Республикаси Суриянинг Африн шаҳрида жорий йил 20 январда бошлаган “Зайтун новдаси” ҳарбий операцияси минтақада терроризм хатарини бартараф этишга қаратилган. Бу ҳақда Туркия Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда маълум қилди.
Элчига кўра, Туркия 35 йилдан буён террор балосига қарши сабот билан курашиб келмоқда. Энг ашаддий террор гуруҳи саналган PKK Туркия ва хорижда юзлаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлди.
2011 йилда Сурияда бошланган фуқаролар уруши даврида майдонга чиққан YPG, PYD каби террорчи гуруҳлар ҳам PKKнинг қанотлари саналади.
Туркия элчисига кўра, YPG, PYD тўдалари назоратида бўлган Суриянинг Африн шаҳри кейинги йилларда террор ўчоғига айланди. 2017 йилдан буён Африндан Туркиянинг Килис, Хатан каби шаҳар-музофотларига 700 га яқин ҳужум амалга оширилди.
Шу тариқа Туркия раҳбарияти ички хавфсизликни таъминлаш, қолаверса, Сурия шимолидаги террор ўчоғини йўқ қилиш мақсадида “Зайтун новдаси” ҳарбий операциясини ўтказишга киришди.
Қайд этилишича, Туркиянинг хатти-ҳаракатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг терроризмга қарши тўғридаги резолюцияси ҳамда БМТ Низомининг 51-моддасига асосланади.
“Зайтун новдаси” ҳарбий операциясидан кўзланган мақсад ҳудуд аҳолисининг моли ва жонини сақлаш, пировардида эса террор ўчоғини йўқ қилиб, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашдан иборатдир”, – деди элчи Аҳмет Башар Шен.
Айни пайтда, ҳарбий операция Сурия ҳудудий яхлитлигига таҳдид солади, деган янглиш хабарлар ҳам тарқалмоқда.
Туркия элчисига кўра, мазкур операция нафақат Туркия миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, айни чоқда, Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлашга ҳам қаратилган.
“Туркия асло Сурия тупроғига кўз тиккани йўқ. Сурияда тинчлик ўрнатилиб, террор хавфи бартараф этилиши билан ҳудудни тарк этамиз”, – деди Туркия элчиси.
Ҳарбий операция давомида Африндаги кўплаб террор объектлари йўқ қилинди ва бир қатор қишлоқлар жангарилардан тозаланди. Ҳозирга қадар 1715 нафар террорчи қуролсизлантирилган.
Туркия дипломати мамлакат Қуролли кучлари ҳарбий операцияда фақат террор ўчоғини йўқ қилаётгани, тинч аҳолига эса умуман зарар етказилмаётганини таъкидлади.
Элчи Аҳмет Башар Шен PYD ва YPG террорчи тўдалари ижтимоий тармоқларда Туркия ҳарбийлари гўё тинч аҳолига зарар етказаётгани хусусида сохта маълумотлар тарқатиб, халқаро ҳамжамиятини чалғитишга уринаётганини қайд этди.
Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бошқармаси тайёрлаган рисолада бу борада талай мисоллар келтирилган.
Ижтимоий тармоқда 2018 йил 30 январь куни Туркия ҳаво кучлари ҳужуми оқибатида Афринда норасида бола жароҳатлангани ҳақида хабар пайдо бўлди. Аслида бу 2015 йил декабрда Суриянинг бошқа минтақасида жароҳатланган боланинг суратидир. Ушбу фотосурат Германиянинг “Frankfurter Allgemeine” газетасида чоп этилган.
Афринда болалар ўлдирилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам ҳақиқатдан йироқ. Аслида бу сурат Суриянинг бошқа бир музофотида олинган бўлиб, у 2015 йил мартда BBC томонидан чоп этилган.
Ижтимоий тармоқда “Туркия танки ёнмоқда” деган мазмунда хабар тарқатилган. Аслида 2011 йили Буюк Британияинг “The Telegraph” газетасида чоп этилган бу суратда Ливиядаги вазият акс этган.
Туркия элчисига кўра, расмий Анқара терроризм билан ҳеч қачон муроса қилмайди.
“Бизнинг терроризмга қарши кураш қароримиз қатъийдир. Туркия ўз чегарасида бирор террор ташкилоти бемалол фаолият юритишига асло йўл қўймайди”, – деди элчи Аҳмет Башар Шен.
Cобир Салим
Шу мавзудаги мақола: