2018 йил 4 октябрь куни Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонасида Фавқулодда ва мухтор элчи Ахмет Башар Шен билан бирга «Туркиянинг ташаббускор ва гуманитар ташқи сиёсати» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда элчи жаноблари қардош Туркия давлатининг сўнгги йилларда жаҳон бўйлаб амалга ошираётган хайрия ишлари ҳақида батафсил маълумот берди.
“Туркия табиий офатлар, урушлар, йўқсиллик ва жамиятлараро тўқнашувлар сабабли мушкул вазиятда қолган давлатларга ёрдам кўрсатишни инсонийлик вазифаси ва халқаро ҳамжамиятнинг барқарорлигидаги муҳим унсур деб билади”, деди элчи жаноблари. “Бугунги кунда ҳудудидан паноҳ топган қочоқлар сони жиҳатидан Туркия жаҳонда биринчи ўриндадир. “Development Inıtiatives” ташкилот томонидан тайёрланган “Умумжаҳон Инсонпарварлик Ёрдамлари Ҳисоботи-2018” (“Global Humanitarian Assistance” (GHA) ҳисоботида келтирилган фактларга кўра, 2017 йилда Туркия инсонпарварлик ёрдамлари учун 8.07 миллиард АҚШ доллари сарфлаган. Бу маблағ билан Туркия инсонпарварлик ёрдамлари бўйича дунёда биринчи ўринга кўтарилди. Инсонпарварлик ёрдамларининг миллий даромадга нисбатига кўра ҳисобланганида Туркия 0,85 фоизлик кўрсаткич билан биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринда 0.17 фоизлик кўрсаткич билан Норвегия ва Люксембург давлатлари турибди”.
Туркия фақатгина ўз минтақасида эмас, дунёнинг деярли барча минтақаларида эҳтиёжмандларга ёрдам беришга ғайрат кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда Суданда давом этаётган инсоний бўҳронни енгиллатиш, Сомалидаги қурғоқчиликни бартараф этиш, Ливиядаги турли касалхона ва тиббий марказларнинг шошилинч тиббий жиҳоз ва дори-дармонга бўлган эхтиёжини қондириш, Яманда вабо эпидемиясига қарши кураш, Мьянмарнинг Аракан провинцияси шимолида 2017 йил август ойида юзага келган ҳодисалардан кейин Мьянмар ва Бангладешда яшаётган Роҳинга мусулмонларига озиқ-овқат ва тиббий ёрдам бериш, Фаластин халқига кўмак бериш, Ғазо секторидаги жароҳатланганларга хизмат қилиш учун Туркия давлати катта миқдордаги инсонпарварлик ёрдамларини хайрия қилди.
Туркия ҳозирда 4 миллиондан зиёд қочоқларга жой берган. Улар орасида сурияликларнинг сони 3,5 миллиондан ошади. Охирги 7 йил ичида Туркияда 300 мингдан зиёд суриялик чақалоқлар дунёга келди. Мамлакат касалхоналарида 1,5 миллион сурияликларга жарроҳлик операциялари амалга оширилди. Сўнгги йиллар давомида Туркия ҳукумати, турк нодавлат ташкилотлари суриялик қочоқлар учун қарийб 33 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфлади.