Ўзбекистон ва Туркия ўртасида барча соҳалар каби тўқимачилик бўйича ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилади. Бу ҳақда Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен 9 июнь куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш масалаларига бағишланган анжуманда маълум қилди.
Элчи ўз чиқишида икки мамлакат ҳамкорлигида баъзи даврларда турғунликлар кузатилгани, аммо айни пайтда робиталар янги ўзанда ривожланаётганини қайд этди.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 13 йиллик танаффусдан кейин 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди. Элчи Аҳмет Башар Шеннинг таъкидлашича, давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ила икки қардош халқ ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очилди.
Дипломат кейинги вақтда делегациялар алмашуви жадаллашганини мамнуният ила қайд этди.
Жумладан, жорий йил февралда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги делегация Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK) Истанбулда ташкил этган ўзбек-турк бизнес-форумида иштирок этди.
Жорий йил 25 май куни Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича тўртинчи ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Туркия Бош вазир ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш бошчилигидаги делегация қатнашди.
“Ўтмишда эришилган ютуқлар ва баъзи хатолардан хулоса чиқариб, икки қардош халқ ҳамкорлигини барча соҳаларда ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Негаки, муқаддас омонат саналган қардошлик байроғини авлодларга тўкис етказиш зиммамиздаги муҳим вазифадир”, – деди Туркия элчиси.
Дипломатнинг қайд этишича, Туркия барча соҳалар қатори тўқимачилик бўйича ҳам ўз билим, тажриба ва технологияларини Ўзбекистон билан ўртоқлашишга тайёр.
Тўқимачилик саноати Туркия иқтисодиётининг муҳим йўналишларидан бири саналади. Айни пайтда ушбу соҳа савдо айланмаси 65 миллиард долларни ташкил этади, ундан экспорт улуши – 29 миллиард доллар.
Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида ташкил этилган 500 га яқин корхоналарнинг ярми тўқимачилик соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Уларда 30-40 минг ишчи ўрни яратилган.
Элчи Аҳмет Башар Шен Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига олиб чиқишда Туркия кўмаклашишга шай эканини таъкидлади.
Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон–Туркия тадбиркорлари уюшмаси (UTID) раиси Эржан Булут, “Ўзбекенгилсаноат” АК раиси Илҳом Ҳайдаров, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси вакили Светлин Сергеенков тўқимачилик саноатини кенгайтириш истиқболлари хусусида сўзлади.
C.Cалим