Тошкент шаҳридаги «Пойтахт» бизнес марказида “Abituriyent” газетасининг 10 йиллигига бағишланган “Abituriyent”: кеча, бугун ва эртага” мавзусидаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда зиёлилар, газета ходимлари, ҳамкорлар ва газетхонлар иштирок этди.
“Abituriyent” газетасининг раҳбари Баҳромжон Холиқов ва бош муҳаррири Мансур Сиддиқов анжуманни очаркан, меҳмонларни нашрнинг 10 йиллиги билан табрикладилар, унинг фаолияти, келгуси режалари ҳақида батафсил маълумот бердилар.
“Abituriyent” газетаси 2007 йили ташкил этилган бўлиб, у абитуриентларни олий ўқув юртларига тайёрлашни мақсад қилган. Газетанинг ҳар сонида она тили ва адабиёти, тарих, математика, инглиз тили, физика, биология, кимё, география, рус тили ва адабиёти, француз тили, немис тили каби фанлардан ўзбек ва рус тилларида тест саволлари эълон қилинади. Шунингдек, фанлар бўйича қўшимча маълумотлар, жадваллар, абитуриентлар учун психологик тавсиялар, қизиқарли мақолалар ҳам бериб борилади.
Ҳозирда “Abituriyent” газетаси 48 саҳифада, 11000 нусхада чоп этилмоқда. Газетанинг abituriyent.uz номли сайти ҳам фаолият юритмоқда. Яқин орада газетанинг архивини бевосита сотиб олиш ва онлайн тест топширишга мўлжалланган мобил илова тақдим этилиши режалаштирилган.