Ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоилнинг “Жинлар базми” романи (таржимон Дональд Рейфильд) 2019 йилги Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки адабий мукофоти ғолиби бўлди. Бу ҳақда BBC Ўзбек хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий ҳаёти ва у асарларида тасвирлаган хонлар даври қаламга олинган роман ўзбек тилидан инглиз тилига ўгирилган биринчи йирик асардир. Лондондаги Мустақил ҳакамлар ҳайъати Ҳамид Исмоилнинг “Жинлар базми” романини “ўзбек тахтлар ўйини” деб таърифлади.
Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг 20 минг фунт стерлинг миқдоридаги пул мукофоти (26 мингАҚШ доллари) роман муаллифи ва таржимон ўртасида бўлинади. Халқаро мукофот 7 март куни ЕТТБнинг Лондондаги қароргоҳида ўтган тантанали маросимда топширилди.
2017 йилда Британия Кенгаши билан биргаликда таъсис этилган мукофот Европа банки фаолият олиб борадиган Марокашдан Мўғилостонгача ва Эстониядан Мисрга қадар бўлган бўлган улкан ва бой минтақанинг адабий анъаналари ҳамда муаллифларини қамраб олади. Мукофот ушбу жўғрофия адабиётини инглиз тилида сўзлашувчи китобхонлар оммасига таништириш мақсадини ҳам кўзлайди.
“Жинлар базми” атоқли ўзбек адиби, Сталин қатағонлари қурбони Абдулла Қодирий ва унинг ёзилмаган асари ҳақида ҳикоя қилади. Унда Қодирийнинг қисматдошлари – Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир ҳамда бошқа ўзбек мунавварларининг образлари ҳам бор.
Ёзувчи асарда шунингдек, 19-аср Марказий Осиёси, хусусан, Қўқон хонлигида кечган зиддиятли воқеалар, ғарбда “Катта ўйин” номи билан билинган мустамлакачилик урушларидаги рақобатга доир алоҳида саҳна ва эпизодларни қаламга олади. Муаллифнинг ўзи асарни “ёзилмаган роман ҳақидаги роман” деб атайди.
Илк бор 2016 йилда Ўзбекистонда “Жинлар базми ёҳуд катта ўйин” номи билан чоп этилган (“Академнашр”) романни инглиз тилига Дональд Рейфильд ўгирган, ундаги шеърлар таржимаси Жон Фарндон қаламига мансуб. Китоб Лондондаги Tilted Axis Press нашриёти томонидан чоп этилган. Инглиз мунаққидлардан бири “Жинлар базми”ни “Ўзбек маданияти энциклопедияси” деб таърифлади. Китобни Зиёуз кутубхонасидан олиб, ўқиш мумкин.
“Жинлар базми” Абдулҳамид Исмоилнинг инглиз тилида чоп этилган олтинчи романи бўлган.
Муаллифнинг рус тилида ёзилган илк йирик насрий асари “Темир йўл” романи 2006 йилда инглиз тилига ўгирилганди (таржимон Роберт Чандлер). Абдулҳамид Исмоил ўзбек, рус, инглиз, француз ва немис тилларидаги ўнлаб шеърий ва насрий китоблар муаллифи. У асарлари хорижий тилларга энг кўп ўгирилган ўзбек ёзувчиси бўлишига қарамай, Ўзбекистондаги ўқувчилар оммасига унчалик яхши таниш эмас.
Ҳамид Исмоил 1992 йилда профессионал фаолияти туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва шундан буён Лондонда яшаб, ижод қилади. У 2010-2014 йилларда Лондондаги Би-би-си Жаҳон Хизматининг фахрий ёзувчиси (Writer in Residence) бўлган.