29 октябрь куни Озарбойжон Республикасига қарашли Зангилан тумани Арманистон қуролли кучлари томонидан оккупация қилинганига 23 йил тўлди.
“Зангилан аҳли 1988-1993 йилларда душман ҳужумларини мардонавор қайтарди, мудофаа чоғи юзлаб киши шаҳид бўлди” дея чорак аср аввалги воқеаларни ёдга олади Trend ахборот агентлиги.
Боку–Жулфа–Нахчивон темирйўлида – муҳим стратегик минтақада жойлашган ҳудуд учун омонсиз кураш кечган. Биринчи Қорабоғ уруши даврида Зангиланнинг 188 нафар мудофаачиси ҳалок бўлган, 44 киши бедарак йўқолган. Шу тариқа Озарбойжонга қарашли туман 1993 йил 1 ноябрдан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳудуди деб эълон қилинган.
707 квадрат километр майдонни эгаллаган ҳудудда 35 минг аҳоли яшаган.
Европадаги энг катта чинор ўрмони ҳам шу ҳудудда жойлашган. Trend агентлиги хабарига кўра, айни пайтда қадимий чинорлар арманлар томонидан кесилиб, хорижий давлатларга сотилмоқда. Шунингдек, ҳудуддаги мармар, олтин, гранит, молибден каби қимматбаҳо металлар ҳам талон-тарож этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.