Арманистон Қуролли кучлари ўт очишни тўхтатиш борасида Озарбойжон билан келишувни 33 маротаба бузди. Бу ҳақда Озарбойжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати 15 декабрь куни хабар беради.
Қайд этилишича, икки ўртадаги фронт чизиғининг турли нуқталарида Озарбойжон армияси позицияларини Арманистон томонидан йирик колибрли пулемётдан ўққа тутиш ҳолатлари кузатилган.
Озарбойжон Мудофаа вазирлиги 14 декабрь кунги хабарномасида қўшни давлат томонидан оташкесим битими 54 маротаба бузилганини маълум қилган эди.
Шунингдек, мудофаа маҳкамаси 12 декабрь куни Озарбойжон Қуролли кучлари бўлинмалари яқинида Арманистонга қарашли учувчисиз қурилма йўқ қилинганини ҳам билдирган. Қурилма разведка маълумотлари йиғиш учун юборилгани таъкидланган.
Икки томоннинг бир-бирини оташкесимни бузишда айблаши биринчи бора кузатилаётгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Илҳом Алиев: “Озарбойжон оккупацияга чек қўяди”. 13.11.2016