ЎЗБЕКИСТОН
О, ота маконим,
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам,
Римни алишмасман бедапоянгга.
Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,
Қанча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.
Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,
Тоғларинг изимдан эргашиб юрар.
Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин,
Ё худбинман ё бир содда касман мен:
Парижнинг энг гўзал ресторанларин,
Битта тандирингга алишмасман мен.
На гапга кўнайин,
На тил билайин,
Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат.
Уч кунда соғинсам нима қилайин?..
Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.
Билдимки, баридан улуғим ўзинг,
Билдимки, яқини шу тупроқ менга.
Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг
Араб оҳусидан азизроқ менга.
Сен билан ўтган ҳар кун байрам-базм,
Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.
Сени билганларга қиламан таъзим,
Сени билмасларга раҳмим келади.
Муҳаммад Юсуф