«Икки халқ фарзанди» (Мақсуд Шайхзода)
Сценарий муаллифи, режиссёр ва оператор: Э. Мамедов
Бу фильм шоир ва олим Мақсуд Шайхзода ҳаёти ва ижоди саҳифаларига бағишланади.
Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири, машҳур шоир, забардаст драматург, адабиётшунос олим ва таржимон Мақсуд Шайхзода 1908 йил 25 октябрда Озарбойжоннинг Оқдош шаҳрида таваллуд топти. Бошланғич ва ўрта маълумотни Оқдошда олгач, Боку Олий педагогика институтида сиртдан ўқиди ва 1925 йилдан бошлаб Деркенд шаҳрида муаллимлик билан шуғулланди.
Шайхзода 1928 йилда Тошкентга келиб, турли газета ва журналлар муҳарририятларида, 1935—1938 йилларда эса Фанлар Қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1938 йилдан то умрининг сўнгига қадар Низомий номли Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида доцент вазифасида хизмат қилиб, юқори малакали кадрлар тайёрлади. Шоирнинг адабий фаолияти 1929 йилдан бошланди. Унинг «Ўн шеър» (1932), «Ундошларим» (1933), «Учинчи китоб» (1934), «Жумҳурият» (1935) тўпламларининг нашр этилиши адабиётга ўзига хос овозли шоир кириб келаётганидан дарак берди.
Уруш йилларида шоир бутун ижодий қувватини, қалб ҳароратини душман устидан ғалаба қозонишга сафарбар этди. Урушнинг биринчи кунлариданоқ жанг қаҳрамонларини улуғловчи, фронт орқасидаги кишиларнинг фидокорона меҳнатини ифодаловчи «Кураш нечун» (1941), «Жанг ва қўшиқ» (1942), «Капитан Гастелло» (1941), «Кўнгил дейдики…» каби шеърий тўпламлари, «Жалолиддин Мангуберди» (1944) тарихий драмаси ва бошқа қатор публицистик асарларини яратди.