Бобур. Хазон яфроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим (видео)

Хазон яфроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим,
Кўруб раҳм айлагил, эй лола руҳ, бу чеҳраи зардим.

Сен, эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,
Аёғингға тушуб, барги хазондек мунча ёлбордим.

Латофат гулшанида гул киби сен сабзу хуррам қол,
Мен арчи даҳр боғидин хазон яфроғидек бордим.

Хазондек қон ёшим, сориғ юзумдин эл танаффурда,
Ба ҳар ранге, биҳамдиллаҳ, улусдин ўзни қутқордим.

Не толеъдур мангаким, ахтари бахтим топилмайди,
Фалак авроқини ҳар нечаким дафтардек ахтардим.

Улуснинг таъну таърифи манга, Бобур, баробардур,
Бу оламда ўзумни чун ямон-яхшидин ўткардим.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур