Алишер Навоий. Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил (видео)

Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

Юзунг гулига кўнгул равзасин яса гулшан,
Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.

Таковарингға бағир қонидин ҳино боғла,
Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил.

Фироқ тоғида топилса туфроғим, эй чарх,
Хамир этиб, яна ул тоғда кўҳкан қилғил.

Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни,
Сочингни боштин аёғ чин ила шикан қилғил.

Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас монеъ,
Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мени
Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил.

Навоий анжумани шавқ жон аро тузсанг,
Анинг бошоғлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил.

Алишер Навоий