Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул-худо,
Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқти садо.
Ғайр нақшидин кўнгул жомида бўлса занги ғам,
Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.
Эй хуш ул майким, анга зарф ўлса бир синғон сафол,
Жом ўлур гетинамо, Жамшид ани ичган гадо.
Жому май гар буйладур, ул жом учун қилмоқ бўлур
Юз жаҳон ҳар дам нисор, ул май учун минг жон фидо.
Дайр аро ҳуш аҳли расво бўлғали, эй муғбача,
Жоми май тутсанг мени девонадин қил ибтидо.
Токи ул майдин кўнгул жомида бўлғач жилвагар
Чеҳрайи мақсуд, маҳв ўлғай ҳамул дам моадо.
Ваҳдате бўлғай муяссар май била жом ичраким,
Жому май лафзин деган бир исм ила қилғай адо,
Сен гумон қилғондин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.
Ташналаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин
«Ишрабу ё айюҳал-атшон» келур ҳар дам нидо.
Алишер Навоий