Абдулла Орипов. Ўзи йўқ одам (видео)

ЎЗИ ЙЎҚ ОДАМ

Нега одамлардан қочиб юрасиз,
Суҳбат ҳам қилмайсиз у ёқ-бу ёқдан.
Дейди, бармоғини қилганча бигиз:
– У ёқдан топшириқ кўп-да, у ёқдан.

Ҳовли-жой қурибсиз, яхши-ку, бироқ
Мўл-мўл ишлатибсиз қўнғир бўёқдан.
Бармоғин тепага қадайди шу чоқ:
– У ёқдан топшириқ тушди, у ёқдан.

Бир кун сўрадилар: қарарми келин,
Мабодо хасталик чалса оёқдан?
Шўрлик жавоб қилди шивирлаб секин:
– Албатта топшириқ келса у ёқдан.

Охир тирикликдан бўлди у жудо,
Сабаб бошданмиди ёки туёқдан.
Ҳар ҳолда, ётарди дегандай гўё:
– У ёқдан топшириқ бўлди, у ёқдан.
22.03.2015

Абдулла Орипов