МОНОЛОГ
Мен узоқ даврлар қароқчи бўлдим,
Шу йўлда тобланди ақл ва юрак.
Ўзимдан ўтганин мен ўзим билдим,
Сен нега қароқчи бўлмоғинг керак?
Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб,
Нажот деворига тирмашдим узоқ.
Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб,
Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ?
Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун
Айтмаган ёлғоним қолмади бирор.
Сен-чи, ҳийлакорлик қиласан нечун,
Сенга ўтрик айтиш нимага даркор?
Дуч келган кимсага қилдим хушомад,
Оёғин яладим мушукдай ҳатто.
Эгилди бир замон тик бўлган қомат,
Бу ҳолни сенга ҳеч кўрмасман раво.
Энди сен боболар шавкатига боқ,
Актёрдек сохтакор шавқларга тўлма.
Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ,
Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма.
13.03.2015
Абдулла Орипов