КУН КЎРИШ
Чалпак ёққан эмас осмондан асло,
Ҳар ким насибасин албатта еган.
Одам болаларин лафзида, аммо
Битта ибора бор – Кун кўриш деган.
Асли бу қисматга йўлиққан ҳар кас,
Орзу-умидидан айрилган демак.
Қайда бир луқмани илғадими, бас,
Ўша томонга у югургай бешак.
Кун кўриш дегани ўртаб дилларни,
Амаллаб яшашдан бир белги, нишон.
Забтига олгай у ҳатто элларни,
Не-не мардларни ҳам айлагай яксон.
– Нега ёлғон айтдинг, алдадинг нега,
Нега ҳақни ёқлаб бермадинг туриш?!
Дейди: – Сен ҳақ дейсан, жон керак менга,
Кун кўриш керакми, ахир, кун кўриш.
Кун кўриш йўлида юрарлар куйлаб,
Кун кўриш дардида тўкарлар кўз ёш.
Агарда теранроқ қарасанг ўйлаб,
Жаллод ҳам кун кўриш учун олгай бош.
Фақат кун кўриш деб қилинган ишдан
Баҳра топармикан бирорта банда.
Одам чарчар бир кун бундай юмушдан,
Ўзини ўйлар-ку ҳеч бўлмаганда.
Улуғ орзуларга этганди даъват
Фидойи инсонлар – беназир зотлар.
Наҳотки, кун кўриш йўлида фақат
Ёниб битган бўлса ўша ҳаётлар?!
Инсоф бера қолсин ҳар кимга Эгам,
Ҳаёт кўзгусида турланмоқ нечун?!
Эҳтимол, мана шу сатрларни ҳам
Ёзиб тургандирман кун кўриш учун.
08.11.2014
Абдулла Орипов