БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ
Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳро юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.
Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айри ҳам тушдим баъзан қалб билан, имон билан
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.
Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан.
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан…
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.
Ҳолбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юлдуздай кулганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб сўлганим йўқ,
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.
Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам – муҳаббатга суянгай.
Чорасиз қолса одам – муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.
Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим.
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги оҳим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.
Абдулла Орипов