Ўн йилча олдин адабий жамоатчилик луғатида “бозор адабиёти” деган атама пайдо бўлди. Тил ҳам ўрганди, қулоқ ҳам. Бир қарасанг бинойидек, аммо ҳаққингиз кетганини сезасиз! “Адабиётни ҳам бозорга солиб бўладими?” деб ўйлайсиз. Аммо ҳурматли адибларимиздан бири: “Ҳар қандай адабий жараён ўзининг ички қонуниятларига бўйсунади. Адабиётда қандай асарлар яратиляпти, ижодий муҳит, кайфият қандай, бадиийлик мезонлари тўғри танланганми-йўқми – буларнинг бари ўша қонуниятнинг самараси…
Адабий жараёндаги ҳар қандай янгиланиш, интилиш муносабат билан тирик. Муносабат – бадиий ижодга ҳаёт бахш этувчи қудратли куч. Бизнинг “бозор адабиёти”миз малакали ва холис муносабатга жуда муҳтож!” деб айтгандан сўнг ҳайрон бўлиб қолдик.
Бу ҳақда ёш ижодкорлар нима дер экан?
Саъдулло ҚУРОНОВ:
– Ижодкор шахс – ижтимоийлик фарзанди. Шундай экан, унинг дунёқараши, туриш-турмуши шу ижтимоийликнинг тутумлари билан уйғун ҳолда кечади. Бугун бозор иқтисодиётига асосланган жамиятда яшаётганимизни ҳис қилишимиз учун атрофга “кўзларимизни катта-катта очиб қарашимиз” шарт эмас. Образли қилиб айтганда, бозор кайфияти руҳимизга сингиб кетди. Кейинги пайтлар адабий жараёнда айни шу мавзу кўп кўтариляпти, назаримда. Матбуотда, телевидение ва радиода бот-бот чиқишлар қилинса-да, сезиларли натижа йўқ. Нега? Бу саволга жавобни зиёлиларнинг ҳар бири ўзидан қидириши керакдай. Мана биз, ҳаммамиз матбуотда, ижодга яқин соҳаларда ишлаяпмиз. Дўстларимиз, ҳамкасбларимиз ва ўзимиз ҳам китоб чиқарганмиз, жилла қурса, шунга ўхшаш масалаларга аралашганмиз. Хўш, қайси ижодкор бугун китоб чиқарар экан, бозорбоплик масаласини четлаб ўта олади?! Китобнинг дизайни, номи, ҳеч бўлмаса, қоғози бозор талабига мослаштирилмаяптими?! Энди мавзунинг бозорбоп қилиб танланишию оммавий ўқувчини назарда тутиб китоб чиқаришни қўяверинг. Нима, “Дайди қизнинг дафтари” каби номлар фақатгина муаллифнинг дидсизлигию ноширнинг саводсизлиги билан пайдо бўлибдими? Йўқ, бунинг ортида ўша бозор турибди…
Айтмоқчи бўлганим, “бозор адабиёти” шу ижтимоий-иқтисодий зарурат юзасидан чиқаётган табиий ҳодиса эканини назардан қочирмаслигимиз керак. Акс ҳолда, соғлом фикрлашдан қочиб, ҳаёт ҳақиқатларидан юз ўгирган бўламиз.
Мен бу билан шамол қаёққа эсса, шунга қараб кетаверайлик, демоқчи эмасман. Шунчаки, шамолга қарши турганимизни эслатиб ўтмоқчиман, холос. Албатта, “бозор адабиёти”га бутунлай барҳам бериб бўлмаса-да, муайян чора-тадбирлар билан мувозанатни сақлаб туриш мумкин. Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, бу мувозанат тизгинини ушлаб туриш фақат ижодкорга боғлиқ эмас.
Беҳзод ҚОБУЛОВ:
– Менинг кузатишларимга қараганда, бугун бозоргир (“бозор адабиёти” демайлик, “бозоргир асарлар” дейилса, аслига тўғри бўлади, шекилли) асарлар ҳақидаги танқидий-таҳлилий фикрларни умумлаштирсак, адабиётшуносликнинг бу борадаги концептуал қарашларини қайта баҳолаш, ўзгартириш зарурати ҳақида гап кетаётгани ойдинлашади. Содда қилиб айтганда, илм бугунги адабий жараённи баҳолашнинг методологиясини ўзгартириши керак, деган фикрдаман. Адабий жанрларнинг типологияси эволюцияга учраганини ва бу жаҳон адабиётида анча бурун бошланганини назарда тутиб, эндиликда жанр хусусиятларини назарий жиҳатдан узил-кесил шарҳлаш, фарқлаш керак. Ўшандагина бу жиддий ва бу сийқа деган ялпи бўлинишда мантиқ бўлади. Ҳозирги муносабатларда жўяли назарий асоснинг йўқлиги, фикрларнинг ҳиссиётларгагина асосланиб қолаётгани ёзарларни ҳам, ўқувчиларни ҳам, олимларни ҳам қониқтирмаяпти. Биз ҳар қандай асарга жанр талабларига мувофиқ баҳо беришимиз керак. Ёзувчига ҳам, олимга ҳам, кўнгилли бир таҳлилчига ҳам ягона назарий асос керак. Назарияга кўз ташламай туриб, таассуф ва таассуротларни қалаштириб ташлаш, айтилажак фикр қувватини сусайтиради. Яна бир гап. Сиз бозор ҳақиқатларини катта бир кучга қиёс қилибсиз. Бу – хато фикр. Одамзод минг йиллардан бери бозор атрофида айланади. Бозор географик тушунча, моддият касб этган майдон эмас, унинг жуда чуқур маънолари бор. Дунёнинг боқий сифатларидан бири ҳам – бозор. Ҳар қалбнинг яратиғига талабгор бор – талаб ва таклиф аро боғланишда ҳаётнинг кўҳна мантиғи мавжуд. Бозор биз учун янгилик эмас. Илм ва адабиётнинг оммавий ўзлаштирилиши ҳамиша ўз маромида кечган, бу жараёнга катализаторнинг ҳеч бир кераги йўқ, акс таъсир қилиши мумкин. Адабий жараёнга бозорнинг таъсири ҳақида гап сотиш бемаъни туюлади менга. Социологлар, файласуфлар бу ҳақда ўйлашаётгандир. Фаннинг қамровидан чекиниш, зиммасига улкан юк ортиб қўйиш депсинишга олиб келади. Системалар, тузумлар ҳақида баҳслашиш илмнинг ўзагидан чалғитади.
Жасур КЕНГБОЙ:
– Мен адабиётшунос эмасман. Аммо бир ўқувчи сифатида, кўп қатори бадиий бақувват, мағизли асарлар билан “карра жадвали”дан иборат битикларнинг фарқини сезаман. Суҳбатимизда кўтарилаётган мавзу – асл адабиёт ва “бозоргир адабиёт” деган нарсанинг аҳамияти унча йўқ мен учун. Нега? Менинг назаримда, адабиёт – адабиёт дегани. Бозорбоп ном қўйилиб, оҳанжама дизайнда чиқарилган китоблар орасида адабиётга дахлдори йўқ, дейишга шошмайлик. Айни пайтда адабиётшуносларимиз кўкка кўтариб мақтайдиган асарлар ичида икки саҳифасидан у ёғига одам эснай бошлайдиганлари ҳам топилса керак…
Демак, ҳамма гап – адабиётнинг мазмун-моҳияти, мағзида. Бугун истаган кутубхонангизга киринг: биз икки қутбга ажратиб, гапираётган адабиётнинг иккиси ҳам ўз мижози – истеъмолчисини топганини кўрамиз. Фақат… растабоп, бозор қонуниятларига сўзсиз бўйсунган китоблар чаққон сотилади.
Хўш, нега бугунги ёзувчи зап асар ёзиб, уни бозоргир қилишга қизиқмасин экан? Ўзи асар ёзса, ўзи пул тўлаб нашр қилдирса, сотиш ҳам ўз гарданига тушса… Ёзувчини чалғитадиган, чарчатадиган иш эмасми булар? Ундан кўра, асарни ҳам пишиқ битиб, китоб номидан тортиб ранги-рўйигача жозибадор, харидоргир қилгани беҳроқ эмасми? Албатта, бу фикрларимни “бозор адабиёти”ни қўллаб-қувватлаш деб тушунмаслик керак. Фикримча, адабиёт мезонлари даврлар оша ўзгариб турса-да, ўқувчининг адабиётдан кутадигани, умиди аслича қолган – янги ғоя, янги гап, янги тасвир. Китобхонни пуч ғоялар билан бир алдасангиз, қайтиб меҳрини қозониб бўлмайди. Шунинг учун адабиётнинг қай йўлдан кетиши, қайси мезонлар асосида яшаб қолиши алал-оқибат адибга боғлиқ бўлиб қолаверади.
Умид ЁҚУБОВ:
– Ёзувчи аслида қутулиш учун ёзади. Ёзади, ўзини қийнаётган ҳис-туйғулардан озгина қутулади. Тамом. Аммо у ёзганларини кимдир ўқишини исташи билан, ҳа, айнан чоп этиши эмас, исташи билан бозорга киради. Бозор эса олағовур. Ҳеч ким ўз маҳсулотини ёмон демайди:
“Ихтилофи жузв ила кун мундадур –
Ким тараққию таназзул мундадур…”
(Алишер Навой).
ХХ аср ўзбек насри хулқланишни ҳаётий мақсад, аҳдни эътиқод, вафони ҳаё, ўзига садоқатни бурч деб билишдан бошланганди. Бу инсон ғалабасини, Эшқобил Шукур тили билан айтганда, “инсонни инсондай кўрмоқ орзуси” эди. Бугун эса шу бошланмага қайтишнинг ўзи катта гап бўлиб қолди. Чунки йиллар тўфонида бу қарашлар эврилди, ўзгармоқда (бу ҳам мобил телефон ривожига ўхшайди-да: у дастлаб фақат гаплашиш воситаси бўлган бўлса, ҳозир унинг дастурлари битта одамнинг вақтини бемалол олишга етади, ҳамма гап шу вақтнинг қандай тақсимланиши, истифода қилинишида). Шундай экан, адабиётнинг ҳам ҳамиша яхши маънода ўз бозори бўлган, дейишса, ёқавайрон бўлманг. Фақат бу бозор ҳалол савдога асосланиши лозим. Яъни, сотувчи ўз харидорига сифатли асар етказиб бериши керак: гени ўзгартирилган ё кимёвий ўғитлар билан кўкартирилган нарсасини тоза, табиий маҳсулот деб ўтказишга уриниш – очиқ пасткашлик, муттаҳамлик.
Бу масалада яна бир жиҳат: “маънавий ҳамён” масаласи. Бозорга бодини кўргани бормайдилар, дейишади, одамнинг нимадир харид қилиш мақсади бўлади. Аммо харид қурғур ҳамёнга яраша-да. Ўқувчи ҳам бадиий адабиётни “маънавий ҳамёни”га яраша харид қилади. Ҳамёни бўш одамни “Қимматбаҳо нарсани нега сотиб олмадинг?” деб сўроққа тутиш беҳуда.
Жасур КЕНГБОЙ:
– Яхши, истеъдодли адиблар авлоди қайси даврда кўпроқ етишиб чиққан бўлса, ўша замонда адабиётнинг пилиги баланд, ижодкорнинг ҳам манглайи ярқироқ бўлган. Тарихга қаранг – минг битта далил. Шундай экан, ҳақиқий адиб, ҳақиқий ижод ўзи қандай бўлади, деган савол доим бизни қийнаши керак, деб ўйлайман. “Ҳақиқий ёзувчи – ўнг-сўлига қараб, эҳтиёт билан қадам босишга фурсати бўлмайди. У ўз вазифасини адо этади-ю, дунёдан ўтади. Агар сиз оддий истеъдод эгаси бўлсангиз, узоқроқ яшашингиз керак, негаки, тузукроқ бирор нарса ёзиш учун вақт даркор. Қобилиятсиз ёзувчилар эса абадий яшамаса бўлмайди”, дейди Эрнест Ҳемингуэй. Дарҳақиқат, шундай. Аммо, энг ачинарлиси, бугун қобилиятсиз “ижодкор”лар ҳам кўпайибгина кетди-да. Бўш вақти бўлди дегунча китоб чиқариб ташлаётганлар қанча…
Тоши енгил газеталарнинг оддий хронологик воқеалар асосида тўқиб-бичилиб, учи-кети йўқ ҳодисанома битиклари ҳам бир зарбда тўпланиб, қалин-қалин асар, детектив китоблар шаклида растага чиқарилмоқда. Бунинг оқибати ҳаммани ўйлантириши керак…
Одоб бозорда сотилмайди, дейди халқимиз. Асоси, таянч нуқтаси одоб ҳисобланган адабиёт ҳам бозорга солинмайди. Бозорга солиндими энди, у адабиёт эмас, қиймати уч пулга қиммат матоҳга айланади-қолади. Мен, шундан асрасин, дейман.
Беҳзод ҚОБУЛОВ:
– Кўраяпмизки, масалага ҳар хил нуқтаи назардан ёндашиш мумкин ва шундай бўлиши ҳам керак. Жасурбек айтгандай, адабиётни фарқламай, ажратмай қўяқолиш принципи бугунги аксарият зиёлиларнинг йўли, тутуми. Бунда улар ҳақ. Лекин адабиётшунослик илми бундай йўл тута олмайди. Чунки у алоҳида бир шахснинг имкониятлари билан чегараланмайди. Аниқроғи, халқ, зиёлилар, қолаверса, ёзувчиларнинг ўзи ҳам бу майдонга чиққан каттаю кичикнинг жами ёзганига муносабат кутади. Демак, таҳлил учун материал ҳаддан зиёд кўпайган бир пайтда адабиётшунослик уларни туркумлаши керак эди. “Бозор адабиёти”, “бозоргир адабиёт” деганлари шундай эҳтиёж туфайли пайдо бўлган тушунчалардир. Бундай ажратишнинг ўзиёқ, аслида бозоргир асарлар туркумига холис ва ҳаққоний муносабатдир. Ижобий ва салбий хусусиятлари билан биргаликда бу адабиёт бугунги ўзбек адабиётининг узвий бир қисмини ташкил қилади. Фақат асар фабуласида, тасвирда, сюжет яратишда адиб, ўқувчининг савқи табиийсини инобатга олган ҳолда, қаерда қандай ғирромлик қилганини …шунослар жуда яхши билади. Аслида, бизнинг гурунгимиз ана ўша ғирромлик устида боряпти, назаримда.
Умид ЁҚУБОВ:
– Ўқувчи кутилганидан камроқ ўқиётгани, адабий савия, дид пасайиб кетаётгани ҳақида кўп гап бўлмоқда. Албатта, қуруқ дийдиё билан иш битмайди. Президентимиз таъкидлаганидек: “Энди одамлар, ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб фақат нолиб ўтирмасдан, таъсирчан замонавий ахборот воситалари орқали адабиётимизни кенг тарғиб этиш, хусусан, интернет имкониятларидан фойдаланиб, етук бадиий асарларни ёшларга етказиш устида ҳам жиддий бош қотириш зарур”.
Фойдали озиқ-овқат танимизга қувват, руҳимизга дармон беради. Шундай экан, назаримда, бадиий адабиётнинг ҳам битта мезони бор – инсон руҳига, маънавиятига фойдали бўлиши.
Соф бадиият – инсоннинг ўз-ўзи (нафси, истаклари) билан мангу кураши, қадриятлар, тутумлар тафтиши ифодаси. У инсон тафаккури ва тасаввурининг бадиий инъикоси, тимсол билан тиллашиш, дунёни, инсонни янгича идрок этиш ва ўша идрокни ифодалаб, керак бўлса, исботлаб бериш. Бироқ “ёзиш – танлай олиш салоҳияти” (А. Камю) эканини ҳам унутмаслик керак. П.Лагерквист айтганидек, “одамнинг маънавий эҳтиёжларига дахл қилиш санъатнинг ютуғи эмас”. Адабиёт – маънавий тозаришга, ибодатга айлангандагина, ўз моҳиятига яқин келади.
Агар ўқувчилар, чиндан ҳам, “бугун ташвиқоти зўр, номи оҳанжама асарларга эмас, том маънодаги яхши асарга эҳтиёж сезиб қолган” бўлса, яхши. “Ёмондан яхшини ажрата олиб, танлаб ўқишни бошлаган” бўлса-ку, нур устига нур. Аммо унақа ўқувчилар кўп эмас деб ўйлайман. Адашаётган бўлсам, хурсанд бўлардим. Масалан, яқинда бир профессор айтди: “Таътилда бешта китоб ўқидим”. Ўқиганлари нима экан десам, ўша, енгил-елпи битиклар ёзиб юрадиган акамизнинг “эъжод” маҳсули. Кундалик газеталарда парча ўқиб, асабим бузилгани учун ҳайрон бўлиб сўрадим: чиндан яхши асарларми? Профессор айтдики: “Ҳа, чунки бошни оғритмайди, одам дам олади”. Бешта китобни у сотиб олган. Чунки “маънавий ҳамён” шуни тақозо этган. Ким билсин, вақти-вақти билан шундай ҳам бўлиб турар. Чунки ўзи турмуш ташвишларидан чарчаган одам, дейлик, Раскольников, Мишкин, Ставрогин ё Мерсо каби одамнинг асабини эговлайдиган, биз кўниккан ҳаёт қоидаларини тан олмайдиган қаҳрамонларнинг ташвишини кўтаришга мажоли борми? Ўзидан ортиб, уларнинг изтиробини ўзида кечиришга, яшашга иродаси, қуввати етадими? Ўзи, шунга мажбурми?
Бугун китоб расталари ва ўқувчилар жавонини эгаллаб олган “асар”ларни саралаб олиш, фойдали-фойдасизга ажратиш – адабий танқиднинг иши. Балки бизда бугун том маънода Бутун ва Соф адабиёт назариясига эҳтиёж борлиги учун ҳам чин ижод билан қалбакилик кундан-кун қоришиб кетаётгандир. Балки Абдулла Қаҳҳор сингари муросасиз устозларнинг “қалампир” сўзлари етишмаётгандир. Билмадим. Билганим, асарни яхши-ёмонга ажратиш – бугун ўқувчининг гарданида: у бечора эса таъми шўрми ё тузи камми, аччиқми ё ўта ширинми – баридан бир ўзи татиб кўришга мажбур.
Бу масалада кўрсатувлар қилиняпти, мақолалар ёзиляпти. Яқинда бир кўрсатувда ўша “яллачи шоир” чиқиб, менга ёрдам беринглар, айбимни тушунтиринглар, деди. Албатта, шундай дегани учун ҳам раҳмат, лекин ҳамма билиб турган айбини ўзи тушунмаётгани – унга ёрдам беришнинг имконсизлигидан дарак.
Жўрамизнинг “қобилиятсиз “ижодкор”лар мўр-малахдек кўпайиб кетгани”дан куюнганича бор. Аммо уларнинг уриниши вақт чиғириғидан барибир ўта олмайди, десак, ўзимизга таскин берган бўламиз. Ахир, уларнинг вақт чиғириғидан ўта олмаганини кўришни кутиш учун умримиз етармикан?!. Сабримиз-чи?! Фарзандларимизнинг маънавий олами нима бўлади?!
Беҳзод ҚОБУЛОВ:
– Менимча, бундай ташвишли савол қўйишга ҳожат йўқ. Чунки сифатсиз нарсалар асл баҳосини жуда олади. Эҳтимол, асар ёзиб бўлинган пайтидаёқ муаллифнинг ўзи чин қалбдан: “Эсиз вақтим”, деб ўртанса керак. Ҳарҳолда, қўлига қалам ушлаган ёзар барибир ўзи яратган асарнинг асл баҳосини сезади, билади, куюнади ёки севинади – азалдан шундай. Лекин Умид Ёқубов айтган бошқа бир масала, яъни адабий диднинг тараққийси қаён кетиб бораётгани, чиндан ҳам, ўйловга муҳтож масаладир. Барибир, зўр асарнинг пайдо бўлиши – ноёб воқелик. Буни тан олишимиз керак. Бутун бошли адабиёт тарихида салмоққа ярайдиган асарлар кўп эмас. Дунёда ҳам, ўзимизда ҳам. Аммо бу ўринда бошқа бир хосият бор, яъни ижодкор ўзи мансуб бўлган адабий жараённинг ривожланиб, илдамлаб, янгиликларга қучоқ очиб боришини таъмин этади. Шу тарз кейинги ҳодисага вазият етилади. Худди ижтимоий муносабатлар каби адабий жараёнда ҳам хаоснинг муайян тартибга келиши, флуктуация жараёни содир бўлиб, янги тартибга бошловчи кучнинг туғилиши учун жуда кўп ва хилма-хил воқелик талаб этилади. Умид Ёқубов таъкидлаганидек, кейинги юз йилликда негадир адабиётимизда фикрлар мароми, идеаллар кутилмаган йўналишга ўзгариб борди. Қаҳрамонларнинг қадриятларга муносабати мутлақо ўзгача, баъзан қўрқинч тус олди. Ахлоқ, эътиқод, вафо, ҳаё, садоқат, бурч каби тушунчаларнинг мазмуни, совет адабиёти мисолида, қашшоқлаштирилди, тузумга садоқат бош мезон саналди. Ҳозир шундай бир фикр туғилдики, ўша жимжимадор адабиёт таъсиридан халос бўлишни ният қилган давримизда бозоргирликка ошиққан адибларнинг бирдан бодроқдай кўпайиши, расталарни эгаллаб олиши аслида кутилган, кечиши муқаррар жараён бўлса-чи? Чунки битта яхши асарнинг пайдо бўлиши учун юзлаб тажрибалар, умри қисқа битиклар ҳам керак бўлгандай, асиллик билан хом-хаталани фарқлаш учун муайян майдон, материал, содда айтганда, рақиб зарурмикин, деб ўйлаб қолдим. Аммо бу жараёнлар, адабий реакциялар биз нима деб ўйлашимиздан қатъи назар, бизнинг инон-ихтиёримиздан ташқарида, ўз-ўзича ривожланишини назарда тутишимиз керак.
Нурилла ЧОРИ:
Назаримда, бугунги суҳбатимиз бесамар бўлмади, мавзу бўйича ўз қарашларимиз, фикрларимизнинг бир-биримизга ҳавола этиб, чиғириқдан ўтказиб олдик. Ўртага ташланган масалалар бизни қанчалик ўйлантирмасин, Беҳзод дўстимизнинг фикрига қўшиламан: ҳар бир асар Вақтдан ҳаққоний баҳосини олади. Олганда ҳам, узоқ эмас, қисқа фурсатда олади. Ҳозирданоқ бунинг аломатлари сезилмоқда, одамлар илгаригидай олди-қочди ҳикояларни кўп ўқимаяпти, бундай “асар”ларни чоп этаётган нашрларнинг ҳам бозори аввалгидек чаққон эмас. Ўқувчи асл, жиддий адабиётга қайтмоқда. Шубҳасиз, бунда давлатимиз томонидан олиб борилаётган маънавий ислоҳотлар, чинакам китобхонликнинг тарғиботи, ёш ижодкорларга берилаётган эътибор ва бошқа омиллар муҳим ўрин тутмоқда. Халқимиз “Зар қадрини заргар билади”, дейди. Иккиланмасдан айтиш мумкинки, юртдошларимиз орасида ана шундай юксак таъбли “заргар” китобхонлар кўпчиликни ташкил қилади…
Нурилла ЧОРИЕВ ёзиб олди.
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 8-сон