Ёпиғлиқ қозон» қандай очилади? (адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов билан суҳбат) (2011)

Филология фанлари номзоди, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов билан суҳбат

Зуҳриддин ака, суҳбатимиз аввалида шуни эҳтиром билан айтиб қўяй: Сизнинг матбуотдаги ҳар бир чиқишингизни катта қизиқиш билан кутиб олувчи мухлисларингиздан бириман. Айниқса, маънавият, тил ва адабиётшуносликка оид қатор мақолаларингиз катта таассурот қолдирган. Сўнгги пайтларда эса маърифий мавзуда ҳам анчамунча мақолалар эълон қилдингиз. Рости, сиз билан суҳ­бат уюштиришга ана шундай мақолаларингиздан бири туртки бўлди.

Гап “Шарқ юлдузи” журналининг 2011 йил 1-сонида чоп этилган “Тарих унутмайди…” сарлавҳали мақолангиз ҳақида. Келинг, гапни ушбу мақола якунидаги мулоҳазалардан бошлаймиз. Сиз савол қўйибсиз: “…ўтмишдаги ҳамма нарса “ёпиғлиқ қозон” бўлиб қолаверса ёхуд ўзимиз билиттифоқ ёпиб қўя қолсак, унда қачон, нимадан ибрат оламиз?”

Дарҳақиқат, “ёпиғлиқ қозон”нинг очилгани ях­ши. Аммо айтинг-чи, сизнингча, бу “қозон”ларни очишда бирламчи таянч манба нима бўлиши ке­рак?

– Мен ҳамма нарсани бироз таҳлил этиб, кейин қабул қилишни ёқтираман. Ҳатто аксиомаларни ҳам. Назаримда, сўзсиз равишда маъқул топилаверишдан аксиомаларнинг ўзи ҳам зиён кўрадигандек. Мана масалан, “ҳақиқат эгилади, аммо синмайди” деган мақолни олиб қаранг. Ҳикматга бой, албатта. Аммо эги­ладиган ҳақиқат… ҳақиқатми? Мен учун тескариси тўғрироқдай: ҳақиқат синади, аммо эгилмайди. Уни син­диришади.

Ёки “андишанинг отини қўрқоқ қўйма” деган мақол. Мен қўрқмайман, андиша қиляпман, холос, дегани бу. Аммо андишани йиғиштириб қўйиб айтадиган бўлсак, айнан қўрқоқ одам “серандиша” бўлишини ким билмайди?

Биз андишали одамлармиз.

Адабиётимиз тарихидаги оқ доғларга ҳам, қора доғларга ҳам тегиб кетишдан жуда эҳтиётланамиз, ҳар бир адибнинг ҳаётига, ижодига оид маълумотларни борича эмас, ўзимизбоп қилиб силлиқлаб, “ёқимтой” равишда тақдим этишга ўрганганмиз (бу бизга ўтмиш адибларни “демократ ижодкорлар” ва “феодал-клери­­кал адабиёт вакиллари”га ажратиш давридан; бир гу­руҳ­ни оқлаш учун уларнинг “диний-мистик” асарлари ҳам борлигини яшириш, иккинчи тоифага қўшиб қўйил­ган адибларни қоралаш учун эса, уларнинг, айтайлик, маърифатга чорлаган асарлари борлигини яшириш давридан мерос бўлиб қолди). Шунинг учунмикин, давраларда баъзи шоир-ёзувчилар ёки улар­нинг асарлари ҳақида дарслик ва монографияларда­гидан бошқачароқ фикр-мулоҳазалар ҳам эшитилиб қолади. Биз ҳар бир ўқувчининг шахсий фикри, ўзига хос қарашлари шаклланишига эришишимиз керак. Айниқса, адабиёт борасида. Чунки шахсий фикрга, эстетик қарашларга эга бўлишни адабиёт табиатининг ўзи тақозо этади, шунинг учун яратилади.

Ўтмишни ҳар қайси замон ўзига мослаб талқин этади. Бу бор гап, ундан қочиб бўлмайди. Аммо ана шу “ўзига мослаш” жараёнида лоақал факт ва далилларни яшириб кетмасдан, ўртага ташлаб, холисроқ таҳлил этишга уринсак, шўро адабиётшунослигидан қол­ган тамойилпарастлик (теденциозлик) ҳам бартараф бўлармиди дейман. Ана шунда “ёпиғлиқ қозоннинг қоп­қоғи” бироз очилар эди.

– Адабиёт масаласида ҳар бир ўқувчининг ўз шахсий фикрини шакллантириш ва ўтмишни “ўзига мослаштириш” жараёнида тадқиқотчининг холис таҳлили, айтиб ўтганингиздек, ниҳоятда долзарб масала. Лекин биз бу масалага қай да­ражада эътибор беряпмиз? Бугун янги тарих, янгича қарашлар шаклланаётган бир даврда ўтмиш ва келажак олдидаги масъулиятимизни тўғри англай оляпмизми? Шундоқ ҳам қаттол замонлар ойболтасида каллаклаб ташланган тарихимизни, буюк аждодларимизнинг маънавий меросларини тўғри талқин этоляпмизми? Минг афсуски, бу саволларнинг жавоби ҳақида ўйлаганингда кўнг­лингда бироз оғриқлар пайдо бўлади.

Зуҳриддин ака, узоққа бормайлик, суҳбатимиз аввалида номини эслатиб ўтганим: “Тарих унут­майди…” мақолангизни олайлик. Ушбу мақо­лада маълум бир манбаларга асосланиб, Бобораҳим Машрабнинг ўлимига Сўфи Оллоёр ва Оллоёрга ўхшаш жоҳил, мутаассиб диндорлар сабабчи бўл­ган, деб хулоса чиқарилган. Иқтибос келтира­ман: “…Машраб ва унинг муридларини айнан Сўфи Оллоёр куфрда айблаган эди. Машрабни кофир деб эълон қилиш, яъни, уни маҳв этишга ҳукм аслида Қабодиёнда чиқарилган эди”.

Бу фикрларнинг исботи учун Сўфи Оллоёр билан Машрабнинг Қабодиёнда учрашгани ва улар ўртасида бўлиб ўтган қисқагина мулоқот далил си­фатида келтирилган. Таъкидланадики, Сўфи Ол­­лоёр Қабодиёнда мезбон мақомида бўлатуриб, Машрабнинг олдига ўзи бормай муридларини жў­натиши ва ўз ҳужрасида Машрабни “Эй, де­вонаи Машраб”, деб кутиб олиши назарингизда Машрабга ҳурматсизлик бўлиб туюлган. Айниқса, Сўфи Оллоёрнинг “Маслакул-муттақин” асарида кел­тирилган: “Яна бир тоифалар лавандлик (ишёқ­­­маслик) бирла ишлар қилурлар, отларин “де­вона” қўйуб, ўзларини мастлардек қилурлар”, деган фикрлари айнан Машрабга нисбатан айтил­ганини ёзасиз. “Сўфи Оллоёрга замондош, отини “девона” қўйган… одам ким бўлиши мумкин эди? Бундай одам биргина Бобораҳим Машраб эди”.

Назаримда, у пайтларда ҳар бир шаҳар ва ви­лоятларда ўнлаб қаландархоналар, юзлаб “де­вона”лар бор эди. Бугун ҳам, ҳа, айнан бизнинг замонамизда ҳам ўзларини “девона”лар деб атай­диган тоифалар бор. Булар ҳақида ўтган йилларда республика матбуотида нордонгина бир-икки ма­қола ҳам эълон қилинди.

Зуҳриддин ака, мен тарихчи эмасман, аммо Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодини мукаммал баён қилиб берадиган тарихий манба ҳозирча мавжудлигига шубҳам бор. Бугунги ўқувчи ҳат­то Машрабнинг қачон туғилганини ҳам аниқ бил­майди. Олимлар бир илмий давра суҳбатида бун­дан кейин “Машраб 1640 йилда Наманганда туғилган” деймиз, деб ўзаро келишиб олишган, холос. Машрабнинг ўнга яқин “туғилган йили” бор. Неча ёшда вафот этгани ҳам баҳс-мунозарали. Сўфи Оллоёр билан неча марта учрашгани ва бу зотлар ўртасидаги мулоқот хусусида ҳам аниқ далиллар йўқ. Сиз манба сифатида келтираётган Исҳоқ Боғистонийнинг “Тазкираи қаландарон” тар­зкирасига эса етук машрабшунос олимларнинг ҳеч бири манба сифатида қарамаганлар. Илмий тадқиқотчи Абдулла Жаббор “Ўзбекистон ада­биёти ва санъати” газетасининг 2010 йил, 27 май сонида айнан шу тазкира ҳақида фикр бил­дириб: “Машрабшунос Муҳсин Зокиров “кашф” этган тазкирачи Исҳоқ Боғистонийнинг Шоҳ Машраб ҳақидаги хотиралари ва унинг “Таз­кираи қаландарон” асари илмий истеъмолга яроқ­­сизлиги исботлаб берилди”, деб ёзади. Шарқшунослик институти илмий ходими Абду­сат­тор Жуманазар айнан шу газетанинг 2010 йил 22 октябрь сонидаги “Матн ва… бутун са­волга ярим­та жавоб” сарлавҳали мақоласида “Таз­кираи қаландарон” асаридан манба сифатида фой­да­ла­ниб бўлмаслигини, асардаги воқеалар кетма-кет­лиги ва матн тузилиши мутлақо талабга жавоб бермаслигини баён қилади.

Мақолада яна бир манба сифатида “Қиссаи Машраб” келтирилган. Не ажабки, бутун умрини машрабшуносликка бағишлаётган олимлар ҳам бу қиссанинг неча хил варианти борлигини аниқ билишмас экан. Бу китобда Машраб вафотидан ўн йиллар кейин битилган айрим ғазаллар ҳам Машрабники бўлиб кетган экан.

Энди, Сўфи Оллоёр масаласига келсак, ўзбек адабиёти тарихида уч тилда баб-баравар ижод қилган зот борми? Агар бўлса бу Сўфи Оллоёр ҳазратларидир. Унинг ўзида фиқҳий, ақида ва одоб-ахлоқ масалаларини жамлаган “Маслакул-мут­тақин” асари қадимдан мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинган. Бу ўн икки минг байтдан иборат муҳташам бир асар. Ҳазрат асарларининг деярли барчасини назмий тарзда инкишоф этган. Шунча илмий салоҳиятга эга бўлган зот Машраб ғазалларининг моҳиятини англамаслигига негадир ишониш қийин. Қолаверса, Сўфи Оллоёр ҳам ҳол аҳлидан эди. Машрабнинг жунун ҳолатини ҳис этол­маслиги мумкин эмасдек туюлади менга.

Умуман олганда, тарихий воқеа­лар, айниқса, тарихий шахслар ҳақида ёзганимизда шахсий ху­лоса чиқаришга, “менимча” деб гап бошлашга шо­шилмаслигимиз керакми дейман-да.

Мана бир мисол: Ҳазрат Алишер Навоий “Саб­­­ъаи сайёр” достонининг Х бобини Ҳусайн Бой­­қаронинг хотинларидан бири Хадичабегимга бағишлаган. Ҳазрат ёзадилар:

 

Ҳам Сулаймони аҳдға ҳамдам,
 
Ҳамдаму ҳамнишину мунис ҳам.
 
 
 
Чун Сулаймонға ёр эрур не ажаб,
 
Анга Билқиси соний ўлса лақаб.

 

Бу ўринда Сулаймони аҳд деганда шоҳ Ҳусайн Бойқаро назарда тутилган. Билқиси соний, яъни иккинчи Билқис эса Хадичабегимдир. Сиз яхши биласиз, Билқис Сулаймон пайғамбарнинг суюкли хотини бўлган. Навоий ҳазратлари Хадичабегимни «Билқиси соний» деб атамоқда. Бу кичкина рутба эмас. Бундан ташқари, бу аёлнинг «маҳди ульё» (олий йўлбошчи), «исматут-дунё» (дунё покизаси) сингари унвонлари ҳам бўлган.

Хўп, энди ўрта асрлар тарихига оид муҳим мемуар асар, тарихий манба ҳисобланмиш “Бо­бурнома” асарини варақлаймиз. Заҳириддин Му­­ҳаммад Бобур ҳазратлари Хадичабегим ҳа­қи­да шундай сўзларни битади: “Ўзини оқила ту­тар, лекин беақл ва вайсақи хотин эди”. Бун­дан ташқари, Ҳусайн Бойқаро салтанатидаги ҳамма фожеаларнинг бош сабабчиси қилиб Ха­дичабегимни кўрсатади.

Айтинг-чи, бу гапларнинг қайси бирига ишо­намиз? Икки буюк зот бир киши ҳақида мутлақо бир-бирига тескари фикр айтмоқдалар…

– Саволингизнинг ҳажми унинг залворига яраша бўлди, балли. Матбуот майдонидаги мулоқот шундай очиқ-ёруғ, дангал бўлгани дуруст. Тўйхона бўсағасида меҳмон кутаётган одамлардай табассумлар алмашиб, ияк сийпалаб, ўзаро таъзим-тавозе қила берсак… унинг кимга кераги бор?

Эсдан чиқмаслиги учун Хадичабегим ҳақидаги охирги саволингиздан бошлайлик. Ҳа, Навоий уни “Бил­қиси соний” деб атаган. Бунинг устига, сиз айтгандай, “маҳди улё”, “исматут дунё” деган унвонлари ҳам бўлган (ўша замоннинг орден-медаллари!).

Сиз “бу икки буюк зот бир киши ҳақида мутлақо бир-бирига тескари фикр айтмоқдалар”, деяпсиз. Менимча эса, ҳар иккови битта гапни икки хил шаклда айтишган. Келинг, Навоийнинг ҳам, Бобурнинг ҳам у ҳақдаги фикрларидан бир лаҳза кўз юмиб, тарихга мурожаат қилайлик. Бу аёл ўз макру ҳийлалари билан Хуросон мамлакатида катта мавқе қозонгани, аммо оқила хо­тинларга хос бўлмаган турли қилмишлари – рофизий бўлгани (шиа мазҳабига ўтиб, уни тарғиб қилгани), саройдаги фитначи аъёнлар билан тил бириктириб, подшоҳ ўғилларини бир-бирига гиж-гижлагани, оқибат – Ҳусайн Бойқаро ўғлига қарши жанг очиб, ака-укалар бир-бирига уруш бошлагани маълум. Айнан шу аёл шоҳнинг бадмастлигидан фойдаланиб, унинг суюкли невараси Мўмин Мирзони қатл қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чектирганини эсланг. Хадичабегим Ҳусайн Бойқаро салтанатига раҳна солгани равшан.

Албатта, Навоий ўша даврда буни очиқ айта олмас эди. Аммо менимча, Навоийнинг мақтовини мадҳ деб тушунмаслик керак: шоир ишора усулини қўл­лаб, Ҳусайн Бойқарони Сулаймонга менгзаган. Сулаймоннинг эса бир ожизлиги бор эди – жаҳонда энг улуғ подшоҳ бўлса-да, айрим хотинларининг (70 ё 90 хотини бўлган) сўзини икки қила олган эмас, уларнинг хато даъватларига кўнган. Демак, Навоийнинг бу “мақтов”и – коса тагида нимкоса бор, деганга ўхшайди. Яна тўғрироғи, шоҳкоса. Боз, Ҳусайн Бойқарони мадҳ этиб ёзган байтларига қараб Навоий Бойқаро ҳақида шундай юксак фикрда бўлган экан, деб тушуниш ҳам бирёқламалик бўлур эди. Навоий подшоҳни ўшан­дай бўлишга ундаган. Филжумла, Хадичабегим таъ­ри­фидаги мисралардан ҳам шундай истакни уқиш мум­кин. Яъни, “Билқиси соний” подшоҳга зимдан ёв эмас, балки “ҳамдам, ҳамнишин, мунис” бўлиши кераклиги… Яна бир гап. Сулаймон нима сабабдан йиқилгани ёдингиздадир? У таяниб турган ҳассани қурт емирган экан. Бу ҳассани, бу қуртни ҳам рамзий талқин қилиб кўрайлик…

“Бобурнома” эса реалистик асар. Бобур унда бар­ча гапини ошкор баён этган, шахсларга нафақат реал, ҳатто рационал нуқтаи назардан баҳо берган. Шу маънода, агар бу рамзу ишоратларга эътибор қилмай, саволни яланг тушунсак, унда жавоб ҳам яланг бўлади: Бобурга ишонамиз.

Машраб билан Сўфи Оллоёр ўртасидаги муно­зарага келсак, уни мен ўйлаб топмаганман, китобларда битилган. Сиз баъзи олимлар Машраб ҳаётини баён қилувчи бу китобларни у ёки бу иллатига кўра инкор қилишган, деб айтяпсиз. Балки уларнинг эътирозларида ҳам жон бордир. Аммо шу ўринда америкалик ёзувчи O’Ҳенрининг бир ҳикояси ёдга келади: кечки пайт кўкка тикилиб ўтирган бир қиз “Вой, ана Вилли Жексон юлдузи!” дейди ҳаяжон билан. Бошқа қўшни аёл “Вой тавба, ахир у фалон туркумнинг альфа юлдузи-ку!” деб қизни масхара қилади. Бир қўшни эркак эса хаёлчан қизнинг ёнини олади: “Ўша сиз айтган мунажжимлар қайси юлдузга қанақа ном қўйишган бўлса, бу – уларнинг иши. Аммо бу хонимнинг бирон юлдузга ном қўйишга ҳаққи ҳам уларникидан асло кам эмас!”

Машрабни кўрган, у билан бирга юрган замондош одамлар битган китоблар қай бир сабаб билан чиқитга чиқар эмиш-да, “Мабдаи нур” у Машрабникими, бу Машрабникими” деган биргина саволга ўнлаб ма­қолалар ёзиб ҳам касбдошига маъқуллата олмай, та­лашишаётган домлаларнинг сўзи мўътабар бўлар эмиш. Тўғри, “Тазкираи қаландарон” ҳам, “Қиссаи Маш­раб” ҳам фундаментал тадқиқот эмас, халқ йўлида битилган асарлар, уларда илмий изчиллик эмас, Маш­­рабга муҳаббат руҳи етакчилик қилади. Аммо Машраб билан Сўфи Оллоёр ўртасидаги мунозара баёни ҳар икки китобда бир хил эканига эътибор беринг-а. Шунинг ўзиёқ ўша муноқаша реал равишда кечганини, баҳс мавзуи айнан нималиги, бу икки улуғ инсоннинг дунёқарашида катта тафовут бўлгани тўғри ёритилганини кўрсат­май­дими? Сиз Сўфи Оллоёр ўзбек адабиёти тарихида уч тилда баб-баравар ижод қилган зот-ку, деб айтяпсиз. Менимча, бунинг айни масалага дахли йўқ. Уч тилда ёзганми, тўрт тилда ёзганми…

Сўфи Оллоёрга ҳам, Машрабга ҳам ҳурма­тим қан­ча эканини ўзим биламан, бари дилимда, аммо ҳар жумлада “ҳазрат фалончи” деявермайман. Била­сизми, бизда ғалати бир иллат бор: ўтмишдаги бирон олимни, шоир ёки уламони, подшоҳ ё саркардани бир қораласак, қора ер билан битта қиламиз, аммо замон бир айланса, ўша шахсни шунчалар кўкка кўтарамизки, қуёшдан ҳам тепароққа чиқиб кетади. Шунинг нима кераги бор? Ахир, ҳар бир одам – банда, бандаи ожиз. Инсоний улуғ­лик, инсоний фожиалар кимда бўлмайди…

Сўфи Оллоёр ҳаётда ўта сезгир одам бўлган кўринади. У Машраб билан учрашишни истамаган, чунки оқибати қанақа бўлишини пайқаган. Ахир ўзингиз ўйланг: қанча подшоҳу беклар пойипатак бўлиб, бир назарига илҳақ турган Машрабдай одам излаб, Каттақўрғонга икки сафар борса, изини ҳам кўрсатмай (“Топмасак Сўфи изин Каттақўрғона юруб…”), ахийри Қабодиёнда ноилож рўбарў келса? Ё, Машрабнинг ўша қишлоқда битган ғазали ҳам ғалатми? Эътибор беринг – Машрабдан бошқа ким шундай ғазал ёзади? Бу ғазалда Сўфи Оллоёр диний етакчи бўлган Қабодиёнда кимда-ким сал тик қараб, нега зулм бунча ошди, дея савол берса, у ўша ондаёқ “кофир” деб эълон қилиниши кўрсатилган.

Энди асосий саволингизга келайлик. Боя айт­ганингиздек, мен Сўфи Оллоёрнинг “Маслакул мут­тақин” асаридаги бир парчани келтирганман: “Яна бир тоифалар лавандлик (ишёқмаслик) бирла иш­лар қилурлар, отларин “девона” қўйуб, ўзларини мастлардек қилурлар. Шариат бирла парволари бўл­мас. Ва яна айтурларки: “Бизлар ошиқдурмиз, бизларга намоз ва рўза даркор эмас”. Аларнинг ул­фати Шайтондур. Бу сўзларга бовар қилиб, андоғ гумроҳға эътиқод қилса, ул Худони душманидур. На учунким, улар Худони оятига мункирдур. Ҳар киши оятга мункир бўлса, бешак кофир бўлур

Ва давомида, “Сўфи Оллоёрга замондош, оти­ни “девона” қўйган, ўзини ошиқ деб атаган, Сўфи Оллоёрнинг қаҳрини қўзғаб, унингча, “шариат бирла парвоси бўлмаган” одам ким бўлиши мумкин эди? Шубҳа йўқки, у… Бобораҳим Машраб эди” деб ёзганман. Демак, менинг талқинимда Сўфи Оллоёр Машрабни куфрда айблаяпти.

Сиз “Назаримда, у пайтларда ҳар бир шаҳар ва вилоятларда ўнлаб қаландархоналар, юзлаб “де­вона”лар бор эди”, деб эътироз билдиряпсиз. Қа­ландархоналарда девоналар эмас, қаландарлар бў­­лади. Борингки, шу фикр тўғри деб топилиб, қа­ландархоналар девоналар билан гавжум бўлса, унда Сўфи Оллоёр юзлаб-минглаб “девона”ларни кофирга чиқариб юборган бўлади-ку? Йўқ, девона лақабини олганлар саноқли бўлган. Чунки “девона” – жинни де­­гани. Қаландарлар, зоҳидлар, сўфийлар… ҳеч са­бабсиз “девона” аталишига рози бўлмайди. Шундай экан, Сўфини иккимиздан қай биримиз кўпроқ ҳимоя қиляпмиз ўзи?

Бу масалада яна бир гап. Шўро адабий сиёсатида синфий душман топиш тамойили кучли эди. Асарларда бой ила хизматчилар, прогрессив кучлар билан қо­рагуруҳчилар бир-бирига қарши курашмаса бўлмас эди. Ҳозир бунга барҳам берилди. Энди бўлиб ўтмиш ҳодисотларни имкон борича реал ёритишга, сунъий конфликтлар тўқиб чиқармасликка ҳаракат қиляпмиз. Ҳатто, ҳаётда ростдан бўлиб ўтган кескинликларни ҳам бироз юмшатиб, силлиқлаб кўрсатишга мойил бўлиб қолдик. Янги асарларда кўп бойлар узоқни кўзловчи, савобталаб, сахий одам қилиб кўрсатилади, камбағал эса ўзининг ялқовлиги, ишёқмаслиги туфайли йўқсил, холос. Тарихий шахслар, шоиру адиблар орасидаги қарама-қаршиликлар-ку, тамом паторат топиб кетди. Гўё, ҳеч қанақа ихтилоф бўлмаган, ғирт идиллия!

Аммо… бу ҳам бирёқламалик эмасми? Одам бо­­­ласи борки, курашади, шу аснода ўзига яраша дўст-душман орттиради ахир. Жамият ҳаёти ҳам, унинг инъикоси бўлган адабиёт ҳаёти ҳам қарама-қар­шиликларга тўла. “Йўқ жаҳон мулкида биздек ожизу бечора халқ” деб фарёд қилган маърифатпарвар Аваз Ўтар ўғли ҳам ҳақ, уни жиннига чиқариб, кишанлашга фатво берганлар ҳам маъқул бўлаверса… Мана, Му­қимийнинг бу байтларига қаранг:

…Халлоқ бандапарвар, қўй, қилма ваҳми маҳшар,
 
Ўйнайлик, кулайлик, омон бўлайлик.
 
 
 
Жўш урса баҳри раҳмат, журминг тамоми туҳмат,
 
Ўйнайлик, кулайлик, омон бўлайлик.

 

Оллоҳ берган неъматларга шукрона қилишга, ундан завқланишга чорлаган бу ҳаётсевар ғазалга қарши Мўҳйи наъра тортганини биларсиз:

…Ин сифлаҳои шумки, онон миёни халқ
 
Пайдо шуданд, пардаи имон ҳамедаранд.
 
 
 
“Ўйнойлику кулойлику” гўён миёни халқ,
 
Ҳукми худою, амри паямбар намебаранд.
 
 
 
Ин чанд сифлаҳои чапан номи шоири,
 
Бар хеш додаанду ҳаме уммии харанд.

 

(…Бу шум, ярамас одамлар халқ орасида пайдо бўлиб, ҳамманинг имон пардасини йиртадилар; Халқ ўртасида “Ўйнайлик, кулайлик” дейдилару одам­лар­га Худонинг ҳукмини, пайғамбарнинг амрини ет­казмайдилар; Бу ярамас, безори одамлар ўзларини шоир деб аташса ҳам, аслида саводсиз эшакдирлар).

Қаранг, фикру ғоялар ўртасидаги кураш адабиёт майдонида ҳамиша бўлиб келган экан. Аммо… шу билан бирга… ғалати бир муштараклик ҳам борлигини сезяпсизми?

– Дунё машҳурларидан бири лутф этади: “Эҳ­тимол мен сизнинг фикрингизга қўшилмасман, аммо шу фикрни айтиш имконияти учун жонимни беришга тайёрман”. Шундай экан, бу масалалар борасида фикр билдириш имкониятини муҳтарам журналхонларга ҳам берсак…

Аммо жавобингиздаги баъзи ўринларга бироз тўхталиб ўтмасам қийналиб кетаман. Аввало, шу­ни айтишим керакки, “девона” сўзининг луғавий маъноси дунёвий истилоҳда “телба”, “ақлсиз” де­ган маъноларни билдиради. Диний-маърифий маънода Аллоҳнинг васлига шошилган, зикру са­мога берилган, сўфий кишига айтилади. Сўфи Ол­лоёр “Маслакул муттақин” асарида “бир киши” ҳа­қида эмас, “тоифалар” ҳақида ёзяпти. Бир киши эса “тоифалар” бўлолмайди.

Сулаймон пайғамбар ҳақидаги фикрлар эса мени бутунлай карахт қилиб қўйди. Билмадим, эҳтимол қўлингизда Сиз ишонган манбалар бор­дир. Бироқ бу борадаги ҳақиқат шуки, Сулаймон алайҳиссалом Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлардан биридир. Қуръони каримнинг “Намл”, яъни, “чумоли” деб номланган сурасида Сулаймон (а.с.) ва Билқис қиссасини яратган зотнинг Ўзи батафсил баён этиб берган. Қолаверса, пайғамбарлар ўз даврининг ва ўз қавмининг пеш­волари бўлишган. Бу ҳақда ҳам оятлар бор. Мана шу оятлардан келиб чиқиб, машҳур ҳанафий ула­моларидан бири Мақсудхўжа ибн Мансурхўжа ақидага доир “Махзанул мақсуд” рисоласида ёза­дики: “Ул пайғамбарларни ҳақларида бизларга билмоғимиз вожиб бўлган сифатлар бешдур: 1. Сидқ. 2. Омонат. 3. Таблиғ. 4. Исмат. 5. Фатонат. Яъни, жами пайғамбарлар сўзларида рост гапиргувчи, омонатдор – хиёнат қилмайдиган, кат­та ва кичик гуноҳлардан пок ва узоқ, ҳамма одамлардан ақллик бўлгувчидир”.

“Сулаймон… улуғ подшоҳ бўлгани ҳолда, хо­тинларининг сўзини икки қила олган эмас, уларнинг хато даъватларига кўнган”. Бу гапга қўшилиб бўл­майди. Оллоҳ Ўзи танлаб олган пайғамбарининг ботил эътиқодга эргашиб кетишини ирода этмайди. Пайғамбар бўлатуриб кимгадир эргашиш, тағин хато даъватга… Бу оддий инсоний мантиққа ҳам зид. Бу масалаларда эҳтиёт бўлишимиз керак.

Зуҳриддин ака, бу гаплардан кейин мен сиздан эътиқод хусусида сўрамоқчи эдим. Назаримда, ҳар бир инсоннинг тақдири унинг эътиқодига мувофиқ бўлганидек, ҳар бир жамиятнинг равнақи ҳам амал қилинаётган эътиқодига бориб тақалади. Ўтмишда қачон мусибатга дучор бўлган бўлсак, эътиқод сусайган, маърифат элдан кўтарилган замонларда бўл­дик. Қачонлардир дунё аҳлининг пешвосига ай­ланган бўлсак, тўғри эътиқодни, яъни тавҳидни мустаҳкам ушлаган даврларда бўлдик. Бугун дину маърифатимиз, қадриятларимиз ўзимизга қайтди. Эндиги масала бу бебаҳо хазинани очиш, ўқиш ва тўғри уқишдир. Ана шу жараён жамиятимизда қандай кечяпти? Ва айнан мана шу жараёнда ада­биётнинг ўрнини қандай баҳолаш мумкин?

– Гапни сизнинг эътирозларингизга жавобдан бош­ласам. Аввало, сиз айтган “Оллоҳнинг васлига шошилган, зикру самога берилган сўфий кишилар” девона эмас, ошиқ, қаландар, сўфий дейилган. Девона лақабини уҳдага олиш учун эса солик машрабмисол бўлиши керак. Тўғри, шеъриятда “ишқингда девона бўлдим” каби мисралар учрайди, аммо бу “ҳажринг ўтиға парвона бўлдим” дегандай лоф. Билқис ма­саласини эса кенгроқ тушунайлик. У Сулаймоннинг бош хотини, Хадичабегим эса Бойқаронинг. Шунинг учун Навоий Билқис отини тилга олади. Аммо Сулаймонни бошқа бир хотини Кўна йўлдан уришга урингани бор гап: у уйига ҳайкал-санам қўйиб унга сиғинган, санамга қурбонлик қилган ва ҳатто Сулаймон бунга рухсат ҳам берган. Ўшанда Сулаймоннинг вазири Осаф ибн Бурқиё унга дашном учун номини хутбага қўшиб ўқимайди. Сўнг Жаброил Сулаймонга ваҳий келтиради: “… Тақи ёрлиғ бўлди: Тўрт хато иш қилдинг сандин кечурдим. Аввал: Кўнани исломга киюрмайин олдинг. Икинчи: Кофира тиши (аёл)ни никоҳ қилдинг. Учунчи: Анинг учун бут йўндурдинг. Тўртунчи: Чугуркани қурбонлиқ бердинг. Қамуғни билди эрса, Сулаймон узр қўлуб саждага борди…” (Қисаси Рабғўзий, 2-китоб, Т., 1991, 45-бет). Албатта, бу борада ихтилофлар кўп, лекин пайғамбарлар адашмаган, дейиш тўғри бўлмаса керак. Мусо ва Хизр воқеаларини эсланг. Зеро ҳар бир пайғамбар – аввал одам, сўнг расулуллоҳ (абдуҳу варасулуҳу). Беайб – парвардигор…

Энди саволингизга келсак, ҳа, эътиқоднинг су­сайиши (ёки унга йўл берилмаслиги) таназзулга олиб келади. Шу билан бирга, жамиятдаги тубанлашиш ҳам одамларнинг имон-эътиқодига ҳам оздир-кўпдир путур етади. Бу қоида, маълум маънода, умумий “теорема”, жамият ҳаётига тегишли. Уни бирон конкрет шахсга татбиқ қилиш, бу одамнинг имони кучли, шунинг учун толеи ҳам баланд, анов кишининг эътиқоди суст, шу сабабли ҳаётда ҳам бахтсиз деб бўлмас-ов.

Диёнатимиз, маърифат ва маънавий қадрият­ларимиз қопқасини янада кенгроқ очиб, ундан баҳ­раманд бўлиш масаласига келсак, бу ҳақда гап кўп. Гап кўп. Менимча, бу хазина бойликларидан тасарруф этиш истиқболимизни таъмин этишнинг бир жиҳати, холос. Энг илғор илм-фан, техника ва технология ютуқларини нафақат эгаллаш, балки уни ривожлантиришда ҳам бошқа халқлардан ортда қолмаслигимиз лозим. Мана шу ерда дилемма ҳосил бўлади: ҳадеб ўтмишимизни тараннум этиб, шу билан қаноатлансак – миллий маҳдудликка, қолоқликка юз тутамиз ва аксинча, глобаллашишга маҳлиё бў­либ, ўзимизни унинг ихтиёрига ташлаб қўйсак, тез орада ўзлигимизни йўқотамиз. Тараққиётнинг катта карвонига етиб юра олмай, йўл четида ўтаётганларга қўл қовуштириб туришни ҳам, глобаллашиш деган офатнинг домига тортилиб, унинг “қора туйнуги”га ютилиб кетишни ҳам истамаймиз. Ўрта, мўътадил йўлдан оғишмай илгарилашимиз шарт. Ўзбек халқининг жаҳон айвонида бир маърифатли миллат бўлиб умргузаронлик қилиши бугун сиз билан бизнинг ақлу шууримизга, ориятимиз ва ҳамиятимизнинг даражасига боғлиқ. Ахир, аждодлар олдидаги бурчимизни қўя ту­ринг, эртанги авлод олдида масъулиятимиз ҳам бор-ку? Бизга меросхўр бўладиган авлодларнинг тақдири бизнинг шу кунлардаги тадбирларимиздан келиб чи­қади. Бозор иқтисодиётини, кундалик ташвишларни баҳона қилиб, асл муддаони эсдан чиқармасак, пи­ровард маррани кўздан қочирмасак бўлгани.

Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, бу са­вол­га жавоб бериш учун бутун бошли китоб ёзса ҳам камлик қилади. Шунинг учун мен фақат бир масалани тилга олмоқчиман.

Миллат маърифатини камол топтиришда ада­биёт­дан катта куч йўқ. Чунки одамлар олаётган ах­бо­ротнинг асосий қисми китоб, газета-журнал ва ҳо­казолар орқали келади, улардаги материаллар ора­сида адабиёт кўп ўрин эгаллайди. Халқ маъна­вияти адабиёт нимани тарғиб қилса, шунга қараб шакл­ла­нади.

Аммо адабиёт фақат энг юксак бадиият наму­наларидангина иборат эмас. Бундай деб билиш ҳаво­йилик бўлур эди. Адабий асар деб тақдим этилаётган, одамлар ўқиб ўзлаштираётган жами адабий маҳсулот учун масъулмиз. Бу борада ўйлаганда қадим ривоят ёдимга келади: Нуҳ кемасини сичқон тешиб қўяди, бунга дарров чора топилмаса, кемага сув кириб, жа­ми махлуқот чўкаёзади, нақлнинг давоми – илон ва қалдирғоч ҳақидаги миф…

Тўй раққосаларини биласиз, қошини қоқиб, иш­вали боқиб ёнингизга келиб туриб олади. Қийқириқ. Тезроқ пул чиқармасангиз, тиззангизга ўтирволгудай бўлади, бўйнингиздан икки қўлини ўтказиб қучади, кўксини бошингизга ишқайди – эвоҳ, чўнтакнинг энг қо­ронғу жойларидаги шилдироқ ақчалар қандай қилиб бирин-кетин чиқиб кетганини идрок ҳам қилолмай қоласиз, қарасангиз, бу пайт бояги гўзал бошқа бир «бойвачча»нинг теграсида хиром айлаётган бўлади.

Баъзилар бунга ҳа энди, замон шу экан, деб кулиб қўяқолади.

Ўткир ёзувчиларимиз бор – хоҳласа, икки ой ичи­да икки юз бетлик ўта қизиқарли, ўта шарманда бир романни ёзиб ташлаш қўлидан келади. Уни, масалан, икки юз минг нусхада чоп этинг: икки ҳафтада ур-йиқит бўлиб сотилиб кетмаса, биз бенават.

Таниқли раққосаларимиз бор – истаса, ғамзани бояги орсиз «санъаткор қиз»лардан ўн чандон орт­тириб, минг кишилик даврадаги жамики Одам ўғил­ларининг ҳушини бошидан учира олади. Бироқ улар бунчаликка бормайди; аёлларга хос ҳаё, ўзбекона андиша ва аввало инсоний номус бунга йўл қўймайди. Маънавиятимиз пешволари бўлган адибларимиз ҳам асло боягидек шарманда асар ёзишдай тубанликка тушмайдилар; бунга уларнинг ҳаётий эътиқоди, ижо­дий принципи йўл қўймайди.

Аммо қарийб чорак асрча бўлиб қолди: илгари бировнинг қулоғига ҳам айтиб бўлмайдиган уят гаплар китобларга бемалол ёзиладиган, сариқ-суруқ газета-журналларнинг саҳифаларига “ҳусн” бўладиган бўлиб қолди. Мен шаҳватпараст айрим қаламкашларни ҳаё кемасини кемираётган сичқонга ўхшатаман. Ҳаёсизлик – маҳв этувчи куч, ҳаё йўқолган жойда жамиятнинг жамиятлиги, халқнинг халқлиги қолмайди. Биз Шарқ элимиз, бинобарин сўз санъатимиз ҳам бизнинг ҳеч кимникидан кам бўлмаган менталитетимизни тарғиб қилганидагина файзли бўлади. Адабиёт миллий ҳодиса, у миллатимиз руҳиятини камол топтиришга интилмай туриб барака топмайди.

Қадимдан адабиёт кимнинг “дотация”сида бўл­­са ўшанинг ғояларини тарғиб қилиб келган. Ўтиш дав­рининг қийинчиликлари сабаб, айрим қа­лам­каш­­лар баъзан уят ва фаҳшни тасвирлаб пул то­пишга уриндилар ҳам. Ажабки, бундай асарларда ба­дииятнинг йўқлиги ҳам билинмай кетаркан. Аслида сўз санъати пул топиш воситаси бўлганида эмас, балки пул бақувват асарлар яратишнинг моддий асоси бўлганида адабиёт ривожланади. Кейинги йилларда давлатимизнинг бу соҳага эътибори кучайиб боряпти. Шундай экан, ёзувчилар ҳомийнинг саховатли қўлига қараб қуллуқ қиладиган замонлар орқада қолиб кетса ажаб эмас. Адабиёт ана ўшанда ривожланади, камол топади, ҳақиқий вазифасини бажаришга киришади.

– Зуҳриддин ака, бизга ажратган вақ­тин­гиз ва қимматли фикрларингиз учун мин­нат­дор­чилигимизни айтиб қўйсак. Суҳбатимиз ни­­­­ҳоя­сида ўйлаб кўрсам, ҳар иккимиз ҳам ўз фик­римизда қолгандекмиз. Албатта, бу “келиш­мовчилик” шунчаки гап талашиш ёки ўз фикрини ўтказиш эмас. Гап, тилга олганимиз – шу улуғ зот­лар ҳақидаги қарашларимизга бироз ойдинлик киритиш. Зеро, ҳазрат Машрабнинг ўзи лутф этади: “Олими худдон бўлма, олими касдон бўл”. Яъни, у зот айтмоқдаларки, сен фақат ўзингни кўрувчи, худбин бўлма, аксинча, яхши-ёмонни, инсонларни танийдиган олим бўл!

Олими касдон бўлиш йўлида эса хато ва кам­чиликлар бўлиши табиий. Зеро, бу ҳақда ҳазрат Сўфи Оллоёр ёзадилар:

 

Хатти тақдир аст берун аз ғалат,
 
Аз ғалат холи набошад ҳеч хат.

 

Яъни, фақат тақдир хати хатодан холи, бошқа ҳар қандай хат хатодан холи эмасдир.

Дарҳақиқат, ўзбек адабиётида, маънавий-маъ­рифий ҳаётимизда ўзига хос мақомга эга бу зотлар билан ҳар қанча фахрлансак, ҳар жумлада эмас, битта жумлада икки марта “ҳазрат” десак ҳам му­болаға қилмаймиз.

 

Суҳбатдош: Алишер НАЗАР

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 9-сон.