Кечагидай ёдимда, Ёдгор Саъдиев таваллудининг олтмиш йиллигига бағишланган ижодий кеча анъанавий андозалардан айрича ташкил этилганди. Саҳнада актёр учун алоҳида курси ҳам ҳозирланмаган, у кечанинг бошловчиси вазифасини ҳам ўзи бажарганди. Қўлига тор олиб “Ялла”га жўровоз бўлган, доира чалиб ҳамнавозлик қилганди. Аския пайровини-ку, қўяверинг. Мен ўшанда самимиятга бой бу кечанинг муваффақияти ҳақида ўйлаб, бунга актёрнинг саҳнани соғиниб қолганини сабаб деб билгандим.
Бахтидан сармаст актёрнинг устозлари билан боғлиқ теша тегмаган ҳангомалари йиғилганлар учун янгилик бўлганди. Мана ўшалардан бири: “Ялтада юрибмиз. Портда “Нахимов” теплоходи турган экан. Теплоходга яқинлашишимиз билан Наби ака: “Мен неча марта айтишим керак “Нахимов” эмас, “Раҳимов” деб қолдилар. Кўзимиз теплоходдаги ёзувга тушдию ҳаммамиз кулиб юбордик. Мана шундай топқир устозларимиз бор эди”.
Экранда актёр иштирокидаги спектакллар, кинофилмлар ва видеофилмлардан парчалар намойиш этилгани, “Дилбарим”даги Абдусалом, “Енгилмас”да Шайх Жаъфар, “Минорхўрлик овчи”да Тагай, “Армон”да Дадабўри, “Довженко” киностудияси маҳсулоти “Ўн уч терак кўчасида” Олимжон образларининг ҳар бирини томошабин қизғин кутиб олганди… Айниқса, анча ҳавойи, енгил ҳаётга мойил Маъмурнинг (Саид Аҳмад, “Келинлар қўзғалони”) хатти-ҳаракатлари зални жонлантириб юборган, “Шайтанат” видеофилмидан кадрлар намойиш этилаётганда зал бирдан тин олиб, асарни тўлалигича қайта кўришга тайёрлигини қарсаклари орқали намойиш этганди… Йиллар эса зувиллаб ўтиб кетди. Бугун ўзим ҳам ўша оқшомни хотираларимдан излаяпман. Шу ўй-хаёллар қуршовида актёр ҳузурига бордим.
— Саҳнада турли қиёфаларни яратдингиз. Улар орасида кучлилари ҳам, уддабуронлари ҳам, мушоҳадалию ҳавойилари ҳам бор. Ҳаётда эса сизни кучли одам, деб таърифлашади…
— Ўзимнинг кучсиз томонларим нимадалигини яхши биламан, лекин уларни бошқаларга кўрсатмайман.
— Ҳаёт мураккаб, тақдир эса инсонни турли куйга солади. Мана шундай пайтларда кўнглингизни кимгадир ёргингиз келадими?
— Бунинг учун оилам, фарзандларим, акам бор. Фақат уларгагина очилишим мумкин. Шунда ҳам ичимда сақлай олмаган нарсаларимнигина айтаман. Ҳатто яқинларим ҳам сезишини истамайдиган кемтик томонларим бор. Мана-ман деган одам ҳам борган сари кўнгли бўшашиб боравераркан. Баъзан ўкириб йиғлагим келади. Лекин ўзимни босаман. Энг кучсиз томоним — кечиримлилигим. Кек сақлолмайман.
— Атрофдагилар бундан фойдаланмайдими?
— Фойдаланадиганлар ҳам бордир. Энг ёмони, кечираверсангиз бошқача тушунишади. Шу ўринда, у қадар тўғри келмаса ҳам, бир мақолни айтгим келади. “Камбағални сийласанг — чориғи ила тўрга чиқади”. Тўғри, мен ҳам бой эмасман. Бу мақолни эслаш орқали моддий бойликни эмас, маънавий бойликни назарда тутяпман. Мана шундай кимсаларга қараб даҳшатга тушаман. Лекин начора, беш қўл баробар эмас. Ҳаёт ҳам, инсонлар ҳам мураккаб. Бир одамни ўз ўлчовингга туширишни истайсан. Лекин бунинг иложи йўқ. Чунки у бошқа феъл-атвор билан яратилган. Унинг ўз ҳақиқатлари бор.
— Тушкунлик ҳолатидан қандай чиқиб кетасиз?
— Тушкунликка тез тушиб, ундан тез чиқаман. Бунинг учун Оллоҳдан нажот сўрайман.
— Ўз даврида тан олинган футболчи эдингиз. Бирдан санъатга юз буришингизга нима сабаб бўлди?
— Қон тортди. Отам актёр эди, акам эъзозли актёр. Қолаверса, спортдан бутунлай кетиб қолмадим. Баъзан-баъзан кўнглим тусаганда ўйнаб тураман. Лекин катта спортдан кетганимга ачинмайман.
— Танлаган касбингиз дунёқарашингизга таъсир кўрсатдими?
— Албатта. Агар муҳандис ёхуд шифокор бўлганимда балки характерим бутунлай бошқача бўлармиди. Бизнинг касбда ҳалол, тўғри одамлар ишлаши керак. Чунки саҳна ёлғонни кечирмайди, ўзидан итқитиб ташлайди. Ҳаётда баъзан одамлар бир-бирига қараб: “артистлик қилмагин” дейишса, менга ҳақорат бўлиб туюлади. Балки артистлар орасида ушбу тоифадагилар ҳам бордир. Бироқ улар саҳнада артистлик қила олмайди. Ўзим эса ҳаётда ҳеч роль ўйнамайман.
— Одамлар эътиборида бўлиш осонми?
— Қийин-ку, лекин фахрли. Энг муҳими, эътиборни сақлаб қолиш.
— Саҳна хоқони актёр дейилади-ю, бироқ у асосан режиссёрга тобе.
— Актёр ва режиссёрни бир-биридан ажратиш керак эмас. Улар ҳамфикр бўлиши лозим.
— Сиз миллий театр саҳнасида режиссурага ҳам қўл урдингиз…
— Тўғри, учта спектакл саҳналаштирдим: “Алдагани хотин яхши”, “Тунги меҳмон”, “Ҳаёт эшик ортида”. Ҳали булар билан мақтана олмайман. Режиссурада ўрганадиган нарсам кўп.
— Очиғи, Миллий театр актёри сифатида кўп йиллардан бери ушбу саҳнада бирор рол ижро этмаётганингиз сири бир мутахассис сифатида мени қизиқтиради.
— Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Баъзан таклифлар бўлиб туради. Бироқ асарнинг умумий савияси ёқмагани учун рад этаман.
— Санъатнинг кўплаб турларида ижод қиласиз, сиз учун қай бири қадрли?
— Албатта — театр! Чунки мен театр актёриман. Саҳнада томошабин нафасини сезиб турасиз. Театрда жонли мулоқот бор.
— Телевидение билан кино унга нисбатан оммавийроқ-ку?!
— Барибир театрни танлайман. Балки сиз халққа танилиб бўлгансиз, шунинг учун бу гапларни айтяпсиз, дейишингиз мумкин. Баъзан ўзини ўққа-чўққа уриб гоҳ телевидениеда, гоҳ клипларда, гоҳ кинода ўйнаётган ёшларни кўрсам, уларни тўхтатгим, тўғри йўлга солгим келади.
— Ижро этган ролларингиз орасида қай бири кўнглингизга яқин?
— Пиримқул Қодиров романи асосида Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган “Юлдузли тунлар” спектаклидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур образи. Балки шу образ устидаги ишим охирига етмагани учундир. Тўғри, мен видеофилм устида иш бошлагандим. Унинг бир неча кўринишлари суратга олинган ҳам эди. Кейин баъзи сабабларга кўра рад жавобини бердим.
— Кейин ачинмадингизми?
— Бунга ачиниш керак эмас, балки бу йўлдаги ишларни давом эттириш лозим. Бобур юрагим тубида ётибди. Видеофилм ёмон чиқмаган. Ижодкорларни биринчи бўлиб табрикладим. Уни баҳолашга эса ҳақли эмасман.
— Ижодий тақдирингиздаги энг бахтли онлар…
— Менимча, актёр учун саҳнада ўзи ўйнаётган образ, қаҳрамон ҳаёти билан яшай олишнинг ўзи бир бахт. Шу маънода, бахтли онларим кўп бўлган. Қаҳрамоним Асадбек билан хайрлашган кунимни ҳам бахтли онларимдан бири, деб биламан. Бу кунни ҳеч унутмасам керак. Ўшанда кўзимга ёш келди.
— Ушбу образингиз ижодий биографиянгизда алоҳида ўрин тутади. У томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Филмни кўриш жараёнида Асадбекнинг қатор қабиҳликларга бош қўшганлигини унутасиз, беихтиёр унга хайрихоҳ бўласиз. Фикримча, ижро этаётган образингизга меҳрингиз тушгану, ундаги ижобий хислатларни бўрттириб, қаҳрамонингизни яхшилар қаторига қўшгингиз келгандек, туюлади. Экранда яратган образингиз ички дунёингизга таъсир этмадими? Баъзи журналистлар Асадбек характеридан чиқиб кетишга қийналаётганингиз ҳақида ёзишди.
— Албатта ўзгартиради. Ўйлашимча, Асадбек билан характеримда яқинлик бор бўлса керак. Шунинг учун табиатим сажиасида содир бўлган ўзгаришларнинг ҳеч бири менга халал бермаяпти. Ёдгор Саъдиев Асадбек бўлиб ўйнадию Асадбек Ёдгор Саъдиев қиёфасида яшади… Улар бир-бирлари билан қанчалик қўшилиб кетишса, ўшанчалик бир-бирларини инкор ҳам этади.
* * *
Менимча, актёр Асадбек образи устида ишлар экан, қаҳрамонининг кирдикорларини, улар ортида турган даҳшатли оқибатларни фош этиш асносида уни халққа яқинлаштиргиси ҳам келарди. Асадбекка дунёда ёмонлик ёнида турган яхшилик ҳам борлигини, покиза умр аталмиш шамчироқ борлигини сингдиргиси келарди. Актёр Асадбекни шу тахлитда талқин қилишни истади ва бунга эришди ҳам.
Дилфуза Раҳматуллаева
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 21-сонидан олинди.