Маматқул Жўраев 1956 йилда Қоракўл туманидаги Жиғачи қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
“Сеҳрли рақамлар сири”, “Ўзбек халқ эртакларида сеҳрли рақамлар”, “Эл деса Навоийни”, “Наврўз”, “Ипак йўли афсоналари”, “Ўзбек халқ тақвими ва мифологик афсоналар”, “Ўзбек халқ самовий афсоналари”, “Ой олдида бир юлдуз”, “Миф, фольклор ва адабиёт” сингари 30 дан ортиқ монография ва китоблар муаллифи.
ЎзРФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг Фольклор бўлими мудири вазифасида фаолият юритган. 2021 йил 24 август куни вафот этган.
– Ҳар бир халқнинг миллий ўзлигини кўрсатадиган қадимий урф-одат ва маросимлари, эзгуликни улуғлайдиган боқий анъаналари бўлади. Хусусан, бизнинг миллий қадриятларимиз ҳам маънавиятимизнинг юксалишига, миллат сифатида шаклланишимизга алоҳида ҳисса қўшиб, асрлар давомида халқимизга жуда катта руҳий-маънавий қувват бахш этиб келган. Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган бу қадриятлар том маънода маънавий бойлигимиздир. Даставвал ана шу бебаҳо тафаккур дурдоналарининг бугунги маънавий-маданий тараққиётимизда тутган ўрни хусусида тўхталсангиз.
– Дарҳақиқат, ҳар бир халқнинг миллий ўзига хослигини кўрсатадиган анъана ва маросимлари, урф-одат ва байрамлари бор. Асрлар бўйи яратилиб, зукко халқнинг юксак ижодий салоҳияти туфайли сайқалланиб келган ана шундай анъаналар аслида ўша миллатнинг ўзлигини, менталитетини, миллий қиёфасини белгилайди. Зеро, бундан бир неча минг йиллар муқаддам Зарауткамар ва Сармишсой қоятошларига ғаройиб сурат ва чизгиларни муҳрлаб, асрлар давомида кўнгилдай поёнсиз ватанимизнинг барча сўлим гўшаларида “Алпомиш”, “Гўрўғли” сингари буюк эпосларни куйлаб келган зукко аждодларимиз бамисоли бадиий тафаккур сарчашмасидаги инжуларга қиёс қилса арзигулик бой маданий меросни яратишган.
Ўзбек халқининг пайдо бўлиш тарихи қанчалик қадимий бўлса, унинг миллий анъаналари, урф-одатлари, маросимлари ҳам шунчалик узоқ тарихий илдизга эгадир. Улар халқимизнинг маънавий эҳтиёжлари замирида жуда қадим замонлардаёқ пайдо бўлиб, шаклланган ва зукко аждодларимизнинг беназир ижодий салоҳияти туфайли асрлар мобайнида сайқалланиб келган.
– Домла, сиз айтаётган ўша миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизнинг бетакрорлиги нимада? Аниқ мисоллар билан айтиш мумкинми?
– Албатта, халқимиз анъаналарининг гўзаллиги ва бетакрорлигини ҳис этиш учун биргина деҳқончилик маданияти билан алоқадор урф-одатлар, мавсумий маросимлар ва серҳосиллик ғоясини ўзида мужассамлаштирган қадриятларни эслашнинг ўзи кифоя. Мисол учун, ҳут яқинлашиши билан, “қантар оғиб, қозиқ бошида қор турмай” эриб кетадиган давр бошланганда қиш уйқусидан уйғонган дала-қирларда, тоғ унгурларида кўклам даракчилари ‒ бойчечаклар бўй кўрсатиши биланоқ халқимиз анъанасига кўра, “бойчечак хабари” маросими ўтказилган. Болакайлар, ёш-яланглар даладан бойчечак териб келиб, маҳалладаги кекса отахонлару нуроний онахонлар, кўпдан буён касал бўлиб ётган кишилар олдига бориб, баҳор чечакларини тақдим этишган. Кексаларни қадрлаш ва эъзозлаш билан бевосита боғлиқ бу қадриятнинг моҳияти шундан иборатки, унда кексаларимиз бойчечакни юз-кўзларига суртиб, кўкламга етиб келганликларига шукрона қилганлар, ёшларга иқбол, юртга хотиржамлик тилаганлар. Шу тариқа табиат билан инсоннинг тақдирдошлиги ғояси улуғланган. Асрлар синовидан ўтиб, асл қадрият даражасига кўтарилган ана шу маросим халқимизнинг мавсумий урф-одат, анъаналарининг дебочаси ҳисобланган. Йил бўйи ўтказилган бундай анъанавий удумлар, расм-русумларнинг санаб адоғига етиш қийин. Биргина баҳор фаслида ўтказилган удум ва маросимларнинг ўзида бир олам маъно акс этган: “лой тутиш” – баҳор фаслининг илк кунларида лойқа ўтириб қолган ариқ-зовурларни маҳалла-қишлоқ аҳли биргалашиб, кўпчилик бўлиб тозалаши, ариқ қазиш ва уларни янги мавсумга тайёрлаш мақсадида ўтказилган анъанавий ҳашар; “қозон тўлди” ‒ рўзғорга қут-барака ёғилиши, маҳаллалар обод, кўнгил хотиржам бўлишини тилаш мақсадида наврўз байрамидан бир кун аввал ўтказилган оилавий маросим; “шох мойлар” – бободеҳқонларимизнинг мўл ҳосил олиш ниятида эрта баҳорда далага қўш чиқариб, барака уруғи қадаши удуми; “қўш оши” – эрта баҳорда далага биринчи марта қўш солинадиган куни момолар томонидан буғдой ёрмасидан махсус таом пишириш одати; “йилбоши сайли” ‒ қуёшнинг ҳамал буржига ўтиши, янги меҳнат мавсумининг бошланиши, инсон руҳиятида ҳам, табиатда ҳам янгиланиш, тозариш жараёни рўй бериши ва баҳорий тенгкунликни нишонлаш мақсадида ўтказилган қадимий байрам; “кади синдирди” – наврўз сайли куни маҳалла аҳли бир ерга жам бўлиб, янги йилда барча эзгу ниятлар амалга ошсин, рўзғоримиздан қут-барака аримасин деган ниятда оилада фойдаланиб келинган сув ва мойқовоқлардан бир нечтасини ерга уриб синдириш удуми; “наврўз гўжа” ‒ ғалла экинларининг ҳосили баракали бўлсин учун йилбоши байрами куни етти хил донли экин масаллиғидан гўжа тайёрлаш анъанаси; “олма отиш” – наврўз байрами сайлида қиз-жувонлар ҳалинчак учишаётганда йигитлар ўзларига унаштириб қўйилган қайлиқларига олма отиши одати; “сумалак сайли” – ҳар йили кўкламда йил баракали, серҳосил, тўкин-сочин келсин деган ниятда буғдой майсалатиб, баҳорий таом тайёрлаш маросими; “сумалак байти” – сумалак сайлида чечан момоларнинг кўкламни васф этувчи халқ қўшиқларини айтиши анъанаси; “ҳалинчак учиш” – кўкламда қиз-жувонларнинг боғлардаги мевали дарахтларга арқон ташлаб, арғимчоқ учиши удуми; “буқча ташлади” – кўклам кунлари деҳқонлар дала ҳовлисига кўчиб чиқмоқчи бўлганда ўзлари танлаган жойга пичоқ суқиб белги қилиши ва банд қилиш учун бирор буқчани ташлаб келиши одати; “абрук чиқариш” – бошқа чорвадорлар билан биргаликда белгиланган куни баҳорги яйловга кўчиб кетолмаган чўпон оиласи ўзининг бирорта рўзғор анжомини кўчувчилардан бериб юбориши қаъдаси; “гулбарра” – кўкламнинг биринчи чечаги – “гулбарра” очилганда ўтказилган халқ сайли; “лола сайли” – қир-адирлар, дала-тузлар қип-қизил лолаларга бурканган пайтда табиат қўйнига сайлга чиқиш удуми; “қизил гул сайли” – ҳар йили кўкламда қизил гуллар очилган пайтда анъанавий тарзда ўтказилган сайл; “дарвешона” – йил баракали келсин деган умидда эрта баҳорда аҳолидан ихтиёрий асосда тўпланган пул ёки озиқ-овқат ҳисобига ўтказилган хайрия эҳсони; “Суст хотин” – йил қурғоқ келганда ўтказилган қадимий ёмғир чақириш маросими ва ҳоказо. Хуллас, ижодкор халқимизнинг баҳор фасли билан боғлиқ бундай маросим ва удумлари ғоят кўп бўлиб, бундан бир-икки йил бурун мен уларни рўйхат қилганимда биргина наврўз байрами тантаналари доирасида анъанавий тарзда ўтказиб келинган 70 дан ортиқ турли хил удум, расм-русум ва маросимлар мавжуд бўлганлигини кўриб, халқимиз маънавий қадриятлари тизимининг қанчалар серқирра ва мукаммаллигидан қалбимда ўзгача бир ғурурни туйган эдим. Шулардан баъзи бирларинигина мисол қилиб келтирдим, холос. Аслида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ўзига хос баҳорий анъаналар шаклланганки, бу хилма-хиллик аждодларимиз заковатининг нечоғлик теранлигини кўрсатади. Биргина баҳорги ҳашар анъанасининг “лой тутиш”, “боқи”, “чим қўйди”, “хайров оши”, чўпонларнинг сурувни эрта баҳорда яйловга чиқариши билан алоқадор “абрук чиқариш”, “таёқ қизартирар”, “супра қоқди”, “қўтон бузиш” сингари удумлар мавжуд бўлган.
– Миллий қадриятлар, анъаналар замонлар оша ривожланиб ва бу жараёнда турли ўзгаришларга учраганлиги, айрим урф-одат ва расм-русумлар унутилиб, янгилари яратилиб, халқимизнинг беназир ижодий салоҳияти туфайли сайқалланиб келганлиги табиий. Лекин ҳамма даврларда ҳам миллий қадриятларга муносабат бир хилда бўлмаган. Масалан, ўтган асрнинг мафкуравий тазйиқлари оқибатида минг йиллар давомида элимизнинг эзгу дамларига эш бўлиб келган не-не қадриятларимиз қатағонга учрамади дейсиз. Мана шу таъқиб ва тазйиқлардан ҳозир биз таъкидлаётган миллий анъаналаримиз қай тариқа омон чиқди? Яъни, анъаналаримизнинг барини сақлаб қололдикми? Айрим удумларимиз ёки расм-русумлар, дилбар қўшиқлар унутилиб, тарихга айланмадими? Бугун-чи, бугун миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш жараёнида қайсидир анъаналаримизни эсдан чиқариб қўймадикми?
‒ Халқ ижоди ўз моҳиятига кўра, ҳамиша янгиланиб, яшариб, такомиллашиб, узлуксиз ривожланиб борадиган жараён ҳисобланади. Бундан минг йиллар бурун яратилиб, ҳозирга қадар ҳеч бир ўзгаришсиз, “соф ҳолида” етиб келган бирор маросим ёки фольклор асарини топиш қийин. Чунки ҳар бир давр, ҳар бир авлод бобомерос қадриятлар силсиласига ўз бадиий-эстетик мезонларидан келиб чиққан ҳолда ўзгариш киритиши табиий. Шунинг учун ҳам биз фольклорни доимий ҳаракатдаги ижод дея таърифлаймиз.
Ўзининг асрий тараққиёти мобайнида халқимизнинг миллий қиёфаси тимсолига айланган удум ва маросимларимиз ҳам доимий равишда янгиланиб, тўлишиб, тобора гўзаллашиб ва бойиб келган. Ана шундай тарихий тараққиётнинг қайсидир қатламларида айрим удумларнинг унутилиши, сиз айтгандай “тарихга айланиши” ҳодисаси ҳам рўй берган албатта. Ҳатто халқ оғзаки бадиий ижодининг жанрлар таркиби ҳам тарихий-фольклорий жараённинг изчил тараққиёти давомида муттасил такомиллашиб, баъзи жанрлар йўқолиб, бошқалари ривожланишда давом этаверган. Масалан, улуғ бобокалонимиз, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ўзининг “Мезон ул-авзон” асарида ўша давр ўзбек фольклорида мавжуд бўлган жанрлар хусусида сўз юритар экан, “Чун ўзонларнинг ўзмоғи ва ўзбакларнинг буди-будойи ҳеч вазн била рост эмас эрди” деб ёзган. Бу ўринда ўзон, яъни бахши-шоирлар томонидан ижро этилган “ўзмоғ” ҳамда халқ лирикасининг “буди-будой” жанри хусусида гап бормоқдаки, бу жанрга мансуб матнлар бизнинг кунларгача сақланиб қолган эмас. Шоир асарларида “аёлғу” деган бир атама ҳам учрайди. Гарчи айрим манбаларда бу сўз “чолғучи”, “созанда” маъносини ифодалаши қайд этилса-да, таниқли тилшунос олим Шайх Сулаймон Бухорий ўзининг 1882 йилда яратган “Луғати чиғатойи ва турки усмоний” номли асарида “аёлғу” сўзини “булбул садосидай қалбга озиқ берадиган ёқимли куй, оҳангга эга қўшиқ” деб изоҳлаган. Афсуски, ҳозиргача ўтказилган фольклор экспедицияларда халқ орасида шундай ном билан аталадиган қўшиқ тури мавжудлиги аниқланмади. Назаримизда, “аёлғу” халқ лирикасига мансуб қўшиқлардан бўлиб, кейинчалик у унут бўлиб кетган ёки жанр номини билдирувчи атама ўзгаришга учраган бўлиши мумкин.
Лекин шундай маросим қўшиқлари борки, орадан неча асрлар ўтганига қарамай, муайян ўзгаришга учраган ҳолда бўлса-да, миллий фольклоримизда яшашда давом этмоқда. Масалан, “чинка” қўшиғини олиб кўрайлик. Алишер Навоийнинг “Мезон ул-авзон” асарида бу хусусда “яна “чинга”дурким, турк улуси зуфоф ва қиз кўчурур тўйларида ани айтурлар” деган бир қайднома келтирилган. Демак, ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, XV асрда халқимизнинг никоҳ тўйи маросими фольклори таркибида “чинка”/“чинга”/“чанги” деб номланган қўшиқ ижро этилган. Шуниси қизиқки, беш юз йил бурун янграган бу қўшиқнинг акс-садоси халқимизнинг никоҳ тўйи маросими билан боғлиқ айтимларнинг ХХ асрда ёзиб олинган намуналарида ўз ифодасини топганлиги маълум бўлди. Ҳассос олима Музайяна Алавия ўз фольклор экспедициялари кундаликларидан бирида шундай ёзган эди: “Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Сижжак қишлоғида қиз тўйига хабар қилаётганларида “Ҳабибаникига чинкага боринглар!” – деб қиз ўлтиришга чақирар эканлар. Унда ўйин, қўшиқ бўлар экан. Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Каркидон қишлоғида қиз узатарда қизнинг отаси фотиҳа бергандан кейин “ёр-ёр” айтишни “қиз чинкага ўтирди” ёки “чинка бошланди” дер эканлар. Тошкентда хатна тўйида йигитлар кўпчилик бўлишиб айтадиган қўшиқни “чинка” дейдилар. Пскентда тўйда ёқиш учун тўнка қўйганни “чинка” дер эканлар”.
– Ҳозир ҳам “чинка” қўшиқлари айтиладими?
– Менинг билишимча, чинка қўшиқларининг фақат бир тури, яъни “ёр-ёр” анъанавий такрори қўшиб айтиладиган кўриниши бугунги кунда ҳам маросим фольклори тизимида сақланган. Чунки Алишер Навоий ҳам “Мезон ул-авзон”да “чинка” қўшиғининг икки хил тури бўлиб, “Бир навъи ҳеч вазн била рост келмас ва бир навъида бир байт айтилурким, мунсариҳи матвийи мавқуф баҳридур ва ёр-ёр лафзини радиф ўрниға мазкур қилурлар, андоқким:
Қайси чамандин эсиб келди сабо, ёр-ёр,
Ким дамидин тушти ўт жоним аро, ёр-ёр”, ‒ деб ёзган эдилар. “Чинка”нинг ана шу “ҳеч вазн била рост келмайдиган” тури унутилиб кетган бўлиб, иккинчи навъи “ёр-ёр” жанри сифатида ҳозир ҳам кенг ижро этиб келинмоқда.
Айтиш жоизки, урф-одат ва маросимлар, халқ қўшиқчилиги анъаналарининг бундай ўзгариб, янгиланиб бориши номоддий маданий мерос ривожининг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Ҳар бир даврнинг бадиий-эстетик эҳтиёжи ва ҳаётий воқелиги, халқнинг турмуш тарзи ва бадиий тафаккури тараққиётидан келиб чиққан ҳолда фольклор анъаналари ҳам айрим узвларини йўқотиб, баъзилари эса янада бойитилиб, тўлишиб-такомиллашиб, ўсиб-ривожланиб бораверади. Лекин шуни қайд этиш керакки, у ёки бу фольклор жанри, урф-одат ёки маросим унут бўлиб кетишининг ҳам муайян сабаблари бор. Тарихий-фольклорий жараённинг қонуниятларига кўра, қадимда муайян маросимни ўтказишга ҳаётий-маиший эҳтиёжнинг йўқолиши, яъни ижтимоий воқеликда ўша маросимни ўтказиш эҳтиёжи йўқлиги боис кўпгина маросимлар болалар ўйинлари сифатида ўз шакли ва функциясини ўзгартирган ҳолатда яшашда давом этаверган. Хусусан, болакайларимизнинг кўкламги ўйинларидан бирида ижро этиладиган “Офтоб чиқди оламга” деб бошланадиган қўшиқ аслида қачонлардир сурункали ёғингарчилик давом этганда “қуёшни чақириш” мақсадида ўтказилган мавсумий маросимнинг вербал компоненти ҳисобланган. Бу маросимни ўтказишга эҳтиёж йўқолгач эса у болалар ўйинига айланган.
Урф-одат ва маросимларимиз тизимидаги ана шундай ўзгариш кейинги даврларда ҳам рўй берди. Масалан, далага илк бор қўш олиб чиқилаётганда, момолар катта-катта дошқозонларда “қўш оши” пиширишган. Улар “Илоҳим оқликка буюрсин, тўқликка чиқайлик! Сенинг шарофатинг билан тоғора-тоғора ун элайлик!”, ‒ деб ҳўкизларнинг шохи орасига бир чимдимдан ун сепишган. Далага қўш чиқараётган кекса миришкорлар эса: “Бу йил ҳосилимизга барака берсин, мўл-кўлчилик бўлсин, оёғинг теккан жойга Бобо деҳқон назар қилсин, хайру баракасини берсин!” деб яхши ният билан ҳўкизларнинг оёқларига ун суртиб қўйишган. Одатда “қўш оши”ни пиширишдан аввал уйма-уй юриб, масаллиқ учун ун, дон-дун йиғишган. Ҳар бир оила келаётган йилда ҳосил мўл, рўзғор бут, бола-чақаси соғ-омон бўлишини ният қилиб, “қўш оши”га имкон қадар ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилишган. Қут-барака ва мўл ҳосил ғоясини ўзида мужассамлаштирган бу удумнинг мавсумий маросимлар силсиласидан тушиб қолганлигининг сабаби уни ўтказишга ҳаётий эҳтиёж йўқолганлиги билан белгиланади. Чунки эндиликда ерлар техника воситалари билан шудгор қилиниб, экин экишда ҳўкиз ва омочдан фойдаланишга эҳтиёж қолмаганлиги боис, “қўш оши”, “шох мойлар” сингари маросимлар ўтказилмайдиган бўлди. Аммо бу маросимлар бутунлай халқ хотирасидан чиқиб кетгани йўқ, аксинча, ўзининг иккиламчи талқиндаги ҳаётида яшашда давом этаверди.
Ўтган асрда шўролар тузумининг мафкуравий тазйиқи натижасида кўплаб удумларимиз, асрий қўшиқларимиз унутилиш арафасига келиб қолган эди. Биз 80-йилларнинг бошларида фольклор экспедициясига чиққанимизда йилбоши-наврўз билан боғлиқ халқ қўшиқлари, рўза пайтида айтиладиган “ё рамазон” айтимлари, сўз магияси билан боғлиқ фольклор асарлари ‒ афсун-авраш, бадик, кинна, гулафшон сингари жанрларга оид матнларни ёзиб олишимиз жуда қийин кечган. Чунки ижрочилар бундай фольклор намуналарини айтиб беришга чўчишар эди. Шукурлар бўлсинки, мамлакатимиз осмонида истиқлол қуёши порлаб, миллий анъаналаримизни қайта тиклаш ва сақлаб қолишнинг кенг имкониятлари юзага келди. Айниқса, маросим фольклорининг бутун бир тизими ‒ мўл ҳосил ва қут-барака ғоясини ўзида мужассамлаштирган наврўз байрами ва кўкламни улуғлаш билан боғлиқ баҳорий қадриятлари, баркамол авлод тарбияси билан боғлиқ удум ва ўйинлар, никоҳ тўйи маросими таркибидаги кўплаб қадимий расм-русумлар тикланганлиги ёш авлодни маънавий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялашда муҳим роль ўйнамоқда.
– Халқ оғзаки ижодиётининг энг муҳим хусусиятларидан бири – тарбия воситаси эканлиги билан белгиланади. Халқимиз томонидан яратилган ривоятлар, масалан, Амир Темур, Алишер Навоий сингари буюк боболаримизнинг эзгу ишлари ҳақидаги ривоятлар, тарихий қўшиқлар, тарихий достонлар, мақол ва ҳикматли сўзлар орқали ёш авлод дунёқараши шаклланади, тарихий қадриятларни эъзозлаш анъанаси камол топади, маънавий маданият юксакликка кўтарилади. Чунки бу асотирларда ўзига хос ғоя, мафкура яширинган…
‒ Албатта, ғоятда бой бадиий анъаналар маҳсули ҳисобланган фольклоримизда халқимизнинг орзу-истаклари, эзгу ўйлари, ўзига хос турмуш тарзи ҳамда ахлоқий қарашлари мужассамлашган. Шунинг учун ҳам фольклор асарлари, урф-одат, анъана ва маросимлар халқимизнинг маънавий қиёфасини кўрсатувчи кўзгугина эмас, балки миллий тарбиянинг муҳим ва қудратли воситаларидан бири ҳaмдир. Чунки бизга аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган ҳар бир достон, ҳар бир қўшиқ, ҳар бир мақол ёки ривоятда халқимизнинг ўзига хос миллий қиёфаси, орзу-интилишлари, эзгу мақсадини ифодаловчи ғоялар ўз ифодасини топган.
Сиз юқорида Амир Темур, Алишер Навоий сингари буюк бобокалонларимизнинг муборак номларини тилга олганингизда халқимиз орасида нақл қилинадиган пурмаъно ривоятлар ёдимга тушди. Дарҳақиқат, ўзбек халқ оғзаки ижодиётида юртимизнинг шонли тарихи, илмий ва маънавий қадриятларининг яратилишига улкан ҳисса қўшган улуғ сиймолар ҳаёти ва эзгу ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи ривоятлар жуда кўп. Биласизки, ҳар қандай тарихий шахс ҳақида ҳам ривоят ёхуд афсона яратилмайди. Ўзининг бутун умрини эл-юрт равнақи, она ватан осойишталиги, диёримизнинг гуллаб-яшнашига бахшида этган буюк зотларнинг номигина фольклор асарларида муҳрланиб, боқийликка дахлдор сиймоларга айланади. Шунинг учун ҳам ўзининг беназир илмий салоҳияти билан жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк олимлар, мардлик, адолат ва ватанпарварлик тимсолига айланган улуғ бобомиз соҳибқирон Амир Темур, ўзбек халқи бадиий тафаккурининг бетакрорлигини дунё миқёсида эътироф эттирган Алишер Навоий, Бобур сингари зукко сўз усталари ҳақидаги халқ ривоятлари ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўла олади.
Зеро, ривоятларда халқимизнинг қон-жонига сингиб кетган яратувчилик ва бунёдкорлик ғоялари ўз бадиий ифодасини топган.
– Биз бугун юксак технологиялар замонида, илмий тафаккур ғоят тараққий этган бир даврда яшаяпмиз. Яъни, глобаллашув жараёни ҳаётимизга қанчалик чуқур кириб борар экан, мафкуранинг аҳамияти ҳам шу қадар ошиб бораверади. Фольклор ўз моҳиятига кўра миллий мафкурани шакллантирувчи қадриятлардан бири экан, ана шундай вазиятда унинг тарбиявий аҳамияти нималарда кўринади?
‒ Глобаллашув жараёни кундан-кунга авж олиб, техника тараққиёти мислсиз даражада ўсиб бораётган ҳозирги даврда ҳам фольклорнинг тарбиявий аҳамияти сира камайган эмас. Агар жаҳон миқёсида ҳам олиб кўрадиган бўлсак, дунё адабиётида, жаҳон кино санъатида фольклорга юз буриш, фольклорнинг тарбиявий қувватидан куч олишга интилиш тамойили устуворлик қилаётганлигини кўриш мумкин.
Биласизми, чанқовузнинг поёнсиз кўнгил кенгликларига жо бўлган туйғуларни тараннум этувчи сирли наволарию, “Алпомиш”ни куйлаётган бахшининг жозибадор бадиҳаси, фарзандига алла айтаётган онанинг меҳр байтларию, “остонаси тилло уй”га энтикиб қадам ташлаётган келинчакнинг пойига қўшиқлардан пояндоз тўшаётган момоларнинг бетакрор наволари ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмайди. Чунки фольклор – халқ ижоди бўлгани учун у инсоннинг моҳиятида, руҳиятида яшайди. Бу руҳият мудроқ бўлиши мумкин, уни уйғотиш учун эса фольклорга мурожаат қилинса кифоя. Зеро, асрлар бўйи яратилиб, халқимизнинг улкан ижодий даҳоси туфайли сайқал топиб, гўзаллашиб келган қўшиқлар, сўз гавҳарларидан шодалар тизган чечан бахшиларга илҳом берган достонлар, ўзида аждодларимизнинг пурмаъно ҳикматларини мужассамлаштирган мақол ва маталлар, хаёлот оламининг сирли мўъжизаларидан сўйлагувчи эртаклар моҳиятини англаган ҳар қандай киши аввало ўзлигини англайди.
Фольклор бугунги кунда ўзига хос, янгича кўриниш касб этмоқда. Буни адабиётда ҳам, санъатда ҳам кузатиш мумкин. Фольклорнинг янгича кўринишда ривожланиб бораётганлиги ҳамиша тараққий этиб, доимий ривожланиб келган халқ ижодиёти бугунги кун кишисининг маънавий-маданий ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутишидан далолат беради.
– Маълумки, 2010 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “2010-2020 йилларга мўлжалланган номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастури” қабул қилинган эди. Айтинг-чи, ҳозирда фольклоршунос-мутахассислар халқимизнинг номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш ва тарғиб этиш борасида қандай ишларни амалга оширмоқдалар?
‒ Маълумки, ўзбек халқ оғзаки бадиий ижоди қадим замонларда яшаган аждодларимизнинг мифологик тасаввурларидан тортиб зукко бахшиларимиз заковати туфайли яратилган юзлаб достонлар, шунингдек, хилма-хил жанрлардан иборат ғоят бой дурдоналар тизими ҳисобланади. Асрлар давомида яратилиб, сайқалланиб келган ана шу улкан қадриятларимизда халқимиз бадиий тафаккурининг бир неча минг йиллик тарихи мужассамлашган. Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш юзасидан 2010-2020 йилларга мўлжалланган “Давлат дастури”нинг қабул қилиниши ана шу бебаҳо маънавий қадриятларни сақлаш, илмий тадқиқ этиш ва оммалаштириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширишга имкон яратди.
Халқимиз томонидан яратилган номоддий маданий мерос ўзликни намоён қилишнинг оғзаки шакл ва анъаналари (шу жумладан, тил – номоддий маданий меросни ифодалаш омили сифатида), ижрочилик санъати, жамиятнинг урф-одат, маросим ва байрамлари, табиат ва коинот билан боғлиқ билим ва урф-одатлар ҳамда анъанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмаларни ўз ичига олади.
Мазкур “Давлат дастури” ижросини таъминлаш мақсадида ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида ҳам изчил иш олиб борилмоқда. Хусусан, номоддий маданий мерос тарихининг моҳиятини очиб берувчи қадимий қўлёзмалар ва фоно ёзувлар синчиклаб ўрганилмоқда. Бу ишга кўпгина ёш олимлар жалб этилган бўлиб, улар ўзбек фольклорининг жанрлар таркиби, халқ достонлари, ўлан, топишмоқ, эртак жанрларининг тарихий асослари ва бадиияти, ҳозирги тарихий-фольклорий жараён масалаларини самарали тадқиқ этмоқдалар.
Жумладан, “Гўрўғли”, “Алпомиш” сингари жаҳоншумул аҳамиятга молик ўзбек халқ достонларини фундаментал илмий тадқиқ этиш ишлари янада жадаллаштирилди. Ҳозирда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини асар матни, нотаси ва изоҳлари билан нашрга тайёрлаш ишлари жадал суръатда амалга оширилмоқда.
Суҳбатдош: Шаҳодатбону Имомназарова
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 4-сон.