Ҳамидулла Болтабоев: Ҳаммамиз яхши биламизки, адабиёт назарияси минг йиллар давомида амалга оширилган қонуниятлар билан эмас, ҳаётни бадиий таҳлил қилиш асосида ривожланади. Амалда яратилган ҳар бир даҳо, ҳеч бўлмаса, оригинал асар назарий қоидаларни бойитибгина қолмай, аввалги эски қолипларни синдиради. Ундаги янгилик қуввати ҳам, охори тўкилмаган белгилар ҳам мана шу назарий тамойилларни янгилашига қараб белгиланади. Шунинг учун ҳам адабиётшунослик классицизм эстетикасидан тезда воз кечиб, унинг рационал қолиплари қаршисига ҳиссий, туйғулар оқимини қўйди. Табиийки, бу қараш адабиётнинг юрак қонига асослангани учун ҳам юзлаб “…изм”лар вужудга келганига қарамай, бадиий асар учун ҳиссий асос бирламчи бўлиб қолмоқда. Менимча, дунё адабиётшунослиги XVIII асрнинг охиридаёқ ана шу сиз айтган “деканонизациялашув” даврига кирган эди.
Бадиий асарни инсон каби тирик мавжудот сифатида билиш, уни ўрганишда, ана шу тириклик белгиларини эҳтиёт қилиб ёндашиш бадиият илмини имкон қадар ўнг ва сўлларга оғиб кетишдан сақлаб турибди. “Модерн” истилоҳи мана 110 йилдан бери ўз аҳамиятини йўқотмагани ҳаммага кундай аён. Бу ҳолатни кўриб туриб билмаслик нафақат адабиёт назариясини, балки янги ва гўзал асарлар яратилишидек адабий жараён амалиётини ҳам торайишига олиб келиши мумкин. Ўзининг ажойиб асарлари билан соцреализм инерциясини рад этган устоз адибларнинг модерн адабиётини хушламаслиги ҳақидаги ёзувларини ижоддаги самимият белгиси деб ҳисоблаб бўлмайди.
«Современная русская литература (1968-1986)» муаллифлари ҳам биз модернизм деб қабул қилаётган тушунча бағрида “мутация”, ахлоқий максимализм, сокин лирика, маданий парадигма, руҳ экологияси, романтик, психологик ва карнавал гротески, интеллектуал тенденция, “стоицизм”, тарихий хотира ва хотирасизлик, “трагифарс”, “неоакмеизм”, “мовизм”, хаос метонимияси, “палисандрия” каби қулоғимиз унчалик ўрганмаган истилоҳларни келтириш баробарида уларнинг ҳар бири назарий китобларда эмас, балки “70-йиллар” дея шартли ном берилган адабий жараёнда акс этганлигини англатадилар. Ҳар бир тушунчанинг истилоҳий моҳиятини изоҳлабгина қолмай, уларни маъносига мос бадиий асарлар орқали асослаб кўрсатадилар. Бироқ, рус заминида вужудга келган ҳар қандай адабий ҳодисани (борингки, у модерн – замонавий бўлсин) ўзбек тупроғига тўғридан-тўғри кўчириб бўлмайди. Менимча, “шўро адабиёти” деган мужмал тушунчани таназзулга олиб келган унсурлардан бири ҳам шу бўлса керак. Шунинг учун ҳам адабиётимиз мафкура бўғувида қолганда ҳам айнан рус шўро адабиётига туйғудош бўлиш тажрибасида оқсаганини кузатиш мумкин. Модернизм бағрида ўсган ўнлаб тушунчаларни бизнинг адабиётимизда учрамаслиги ҳам табиий ҳол. Олайлик, ўзбек насридан “легал шўро сўллиги”га мос бир-икки асар топишимиз мумкиндир, “эмиграция ва ватан андеграунди” каби адабий ҳодисани ўзбек адабиётига тиқиштириб бўлмайди, чунки муҳожирлик адабиёти бизда “русское зарубежье” каби тараққий этмаган. ХХ асрнинг 90-йилларида ўзбек матбуотида учраган айрим парчалар Войнович ёки Бродский асарлари даражасидан анча қуйида. Бизнинг муҳожирлик адабиёти ҳақидаги қарашларимиз ҳам, унинг айрим намуналари ҳам устоз Абдулла Қаҳҳор истеҳзо қилганидай, “Тўйтепадан нарига ўтмайди”. Табиийки, қарашларимиз қанчалик ожиз бўлса, адабиётимиз ҳам шунга яраша бўлиши тан олинган ҳақиқат.
Умарали Норматов: Гапларингизга қўшиламан. ХХ аср рус адабиётида юз берган ҳодисаларнинг миллий адабиётимизда айнан такрорланмаслиги табиий ҳол. Айни пайтда биздаги миллий адабий ҳаракат жаҳон адабиётидаги етакчи тамойиллардан, аниқроғи, модернизм оқимидан бутунлай четда кечгани йўқ. Шўро адабий сиёсати модернизмни хушламай қарши олишига қарамай, рус ва бошқа миллий адабиётлар, жумладан, ўзбек адабиётида 20-йиллардаёқ бу тамойил бўй кўрсата бошлади, бир оз нўноқлик билан уч берган футуризм даврнинг суръатини, яратувчилик меҳнатини олқишлаш тарзида социалистик ғояларга уйғунлашган ҳолда хийла кенг тарқалди. Чуқур миллий илдизга – тасаввуф фалсафасига бориб тақаладиган «рамзчилик» замонавий символизм тажрибалари билан туташган ҳолда эрк-озодлик туйғу-ғояларини ифодаловчи жиддий адабий тамойилга айланди, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Боту, Ойбек шеърияти бунинг ёрқин далили. Илм-фанда, масалан, Фитрат, Абдураҳмон Саъдий асарларида модернистик истилоҳлар ва уларнинг шарҳ, талқинлари майдонга келди. Яна бир характерли жиҳат – янги миллий адабиётнинг етакчи намояндалари – Абдулла Қодирий 20-йиллар ўрталарида рус модернизмининг сардорларидан бири Брюсов асос солган адабиёт институтида таълим олди; «символист шоир» номини олган Чўлпон бир неча йиллар Москвада ўша даврнинг қизғин адабий-маданий муҳити ичида яшаб ижод этди; Фитрат ҳам марказ об-ҳавосидан баҳраманд бўлди; Ойбек Ленинградда ўқиб, Оврўпо маданий муҳити руҳида шеърлар битди; Абдулла Қаҳҳор Тошкентда университетда рус тилида таҳсил олиш баробарида замонавий жаҳон фалсафаси, руҳшунослиги, адабиёти ва адабиётшунослиги янгиликлари билан танишди… Ҳеч иккиланмай дадил айтиш мумкинки, улар яратган асарларда замонавий жаҳон адабиёти, жумладан, модернистик тамойилларга оҳангдош жиҳатлар кўп. Ҳозирча бу хусусда узуқ-юлуқ гаплар айтилди, холос. Бу муаммо жиддий ечимини кутиб турибди.
Социалистик реализм совет адабиётининг расмий методи деб эълон этилган, модернизмнинг ҳар қандай кўринишлари реакцион оқим сифатида кескин рад этилган замонларда ҳам ё ихтиёрий, ёки беихтиёр ижодкор – онги ости шеваси тарзида модернистик тамойиллар турли кўринишда давом этди. Миллий адабиётимизда бу ғаройиб ҳодисанинг ажойиб намуналари сифатида Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз»ини, Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романи, қатор ҳикоялари ва «Ўтмишдан эртаклар» қиссаларини тилга олиш мумкин. Уларда модернистик адабиётга хос «онг оқими», абсурд ғояси ва туйғуси, экзистенциализм тамойиллари яққол кўзга ташланади. Бу адабий ҳодиса ҳам жиддий тадқиқотлар учун ажойиб мавзу бўла олади.
Ҳамидулла Болтабоев: Модерн атамаси нисбий тушунча. Фикрни бевосита назарий муаммолар ва ҳозирги жонли адабий жараёндан 20-йилларга кўчирадиган бўлсак, ўтган аср бошларида ўзбек шоири Чўлпон мумтоз шеъриятнинг “бир хиллиги”дан безиб, янги шакл ва вазн ахтариш натижасида ўзбек шеърияти бармоқ вазнини таомилга киритиб, сарбастни топган экан, бу имконият биргина янгилик илинжидан эмас, балки анъанавий шеъриятни чуқур билиш натижасида амалга оширилган саъй-ҳаракат эди. Жадид адабиёти ўзигача бўлган мумтоз адабиётни чуқур ўзлаштириш, жаҳон адабиётидаги етакчи тенденциялардан хабар топиш натижасидагина маданий ҳаётнинг барча жабҳаларидаги каби бадииятда ҳам янгилик эҳтиёжини ҳис қилган ва бунга ўзларининг бутун ижодий кучларини қаратган эдилар.
Шунга ўхшаш 60-йиллардаги “илиқлик” шамоли янги “модернчи”ларни яратгани каби мустақиллик эпкинлари ҳам янги адабиётни яратиши шубҳасиз. Бироқ бугунги мустақиллик шароитидаги янгиланиш жараёни бизда қай даражада суст кечаётгани 16 йиллик даврнинг шиддатида сезилмаслиги мумкин. Аммо биз “мустақиллик даври адабиёти” деб атаётган бадиият намуналари чинакамига мустақил адабиёт бўлиши учун нималар етишмаётганини илғаш ва шунга кўра иш тутиш адабиёт назариячиларининг ҳам, адабий ҳаракатдаги мунаққид ва адибларнинг ҳам бирдай зиммасида турибди.
Умарали Норматов: Менингча, 70-йилларнинг охири, саксонинчи йиллар бизда модернизм тамойилларининг янгидан жонланиш даври бўлди. Ижодкорлар орасида жаҳон модернистик адабиёти ва санъатига қизиқиш бениҳоя кучайди. Нитше, Пруст, Кафка, Жойс, Камю, Сартр номлари ёшлар тилидан тушмайдиган бўлиб қолди, улар асарларидан таржималар қилинди. Ёшлар ижодида бу жараён таъсири яққол кўрина бошлади, Чўлпон, Қаҳҳор ижодида уч берган «онг оқими», абсурд ғояси ва туйғуси, экзистенциализм тамойиллари янада ёрқинроқ, айни пайтда, ўзгачароқ бир тарзда намоён бўлди. Айни шу йилларга келиб хийла кескин тус олган мустабид тузум, коммунистик эътиқодлар инқирози бундай тамойилларнинг миллий адабиётимизда кенгроқ илдиз отиши учун қулай имкон – шароит яратди. Қатор ҳикоя, қиссалардан бошланган бу бадиий жараён «Лолазор», «Отамдан қолган далалар», «Тушда кечган умрлар», шунингдек, «Кўҳна дунё»дек тарихий роман орқали ўз интиҳосига етди. Миллий адабиётимизда айни шу тамойилларнинг бетакрор ва таъсирчан намуналари сифатида эътироф этилган Назар Эшонқулнинг қатор ҳикоя ва қиссалари ҳам шу оралиқда яратилди.
Бу муҳим адабий ҳодисани ҳам биз ҳозирги жаҳон адабий-танқидий тафаккури даражаси ва миқёсида туриб ёрита олганимиз йўқ.
Ҳамидулла Болтабоев: Бу асарларнинг ҳар бири бир дунё. Мен уларни бирор “…изм”га солиб кўришдан аввал улар мутолаасидан санъат асари сифатида завқ туяман, ҳар бирини бирор қолипга тортмасдан ўз ҳолича, ўзининг ички табиатидан келиб чиқиб холис ўрганилиши тарафдориман…
Умарали Норматов: Мен ҳам шу фикрдаман… Миллий адабиётлар тарихидаги туб бурилиш паллаларида янгича адабий йўналишларнинг ижодий дастурини –ижодкорларнинг ўзлари ишлаб чиққанлиги маълум. Бизда ҳам шундай бўлди. Чўлпон анъанавий шеъриятимиз дарғаларига чуқур эҳтиром сақлаган ҳолда «Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил!.. Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир» деб ёзган бўлса, янги давр адабиёти, Оврўпо адабиёти гази билан ўлчаганда ҳам тўлақонли асар яратган Абдулла Қодирий илк миллий романининг илк жумласини «Модомики биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз» сўзлари билан бошлайди. Чўлпоннинг адабий-танқидий мақолалари, тақризларини кўздан кечиринг. Шунингдек, Абдулла Қодирийнинг айни шундай мақолаларини эсга олиб кўринг. Уларда янги адабий ҳодисалар моҳияти нақадар теран идрок этилиб, қўллаб-қувватланган. «Тонг сирлари» тўпламига Жулқунбой имзоси билан ёзилган мухтасаргина сўзбоши Мустақиллик йилларига қадар Чўлпон ҳақидаги энг одил, энг теран баҳодир. Афсуски, янги адабиёт билан бирга шакллана бошлаган адабий танқид, айрим ҳолларни истисно этганда, янги адабий ҳодисаларни одилона, профессионал баҳолай олмади. Бугина эмас, улар шўро адабий сиёсати босими остида сўз санъатида пайдо бўлган янги ҳодисаларни найза кўтариб қарши олди; шу тариқа чин адабиёт билан адабий танқид орасида темир девор қад кўтарди. Бу девор фақат ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, Абдулла Қаҳҳор мактабида тобланган икки забардаст мунаққид Озод Шарафиддинов ва Матёқуб Қўшжоновлар илмий-ижодий шижоати туфайли орадан олиб ташланди… Ижодни, ижодкорни англаш, ижодкор қалбига йўл топа билиш орқали бадиий жараёнга таъсир кўрсатиш, танқидчиликнинг бахти, омади; чин ижодни, ижодкорни англай билмаслик эса мунаққиднинг бахтсизлиги, миллий адабиётнинг заволи эканлигини бир асрлик тарихий тажриба тўла-тўкис исботлади. Озод домланинг сўнгги китоби «Ижодни англаш бахти» деб аталишида теран маъно – бир асрлик тарихий тажрибанинг ибратли сабоғи бор.
Шу ўринда ғаройиб бир парадоксни эслатиб ўтсам дейман. О.Шарафиддинов, М.Қўшжонов ва уларнинг танқидчиликдаги издош-маслакдошлари танқидий реализм, соцреализм ва бошқа номлар билан аталишидан қатъи назар, миллий адабиётимизда реализм анъана тусини олган давр мунаққидлари эдилар. Уларнинг адабий-танқидий мезонлари асос-эътибори билан реализм эстетикаси ўзанида шаклланган, реализм йўналишига мансуб жорий миллий адабий жараённи, шунингдек, муайян сабабларга кўра ўз даврида танқидчиликда одилона баҳосини ололмаган 20-50-йиллар адабиётини, хусусан, Чўлпон, Қодирий ижодий мероси қадрини тиклаш ва баҳолашда улуғ ишларни адо этдилар. Истиқлол арафаси ва истиқлол йилларига келиб, бадиий тафаккур ва ижодда «модерн» номи билан юритилган туб янгиланиш пайдо бўлди; бу жараённи англаш, идрок этишда ўз даврида ҳар қанча прогрессив – илғор қараш бўлишига қарамай, мавжуд адабий мезонлар билан янги жараёнлар моҳиятини англаш, очиш мумкин эмаслиги аён бўлиб қолди. Етакчи мунаққидларнинг аксарияти, О.Шарафиддинов, М.Қўшжонов, шулар қатори биз каби шогирдлар ҳам, гарчи янги тамойилларга хайрихоҳ муносабатда бўлсак-да, уларни англашда хийла қийналдик, янги ҳодиса поэтикасини ҳис этиш, илмий кашф этиш бобида ожизлигимиз панд берди. Буни тенгдошлари орасида биринчилардан бўлиб тан олган зот Озод Шарафиддиновнинг ўзлари бўлдилар. «Модернизм – жўн ҳодиса… эмас» сарлавҳали суҳбатида у киши шундай дейдилар: «Шахсан мен ўзим шу пайтга қадар адабиётдаги модернизмга ўзимнинг муносабатимни аниқ белгилаб олган эмасман. Баъзи бир модернистик асарларни, айниқса, юморга йўғрилган асарлар (Станислав Лем, Рэй Брэдбери)ни завқ билан енгил ўқийман. Фолкнер, Жойс, Пруст каби адибларнинг асарларини эса ўқишда қийналаман. Ҳатто баъзан уларнинг асарларини ярмидан ташлаб қўйган ҳолларим ҳам бўлган. Лекин шунга қарамай, мен бу ёки бу каби бошқа ёзувчиларни ҳечам қораламайман. Эҳтимол, гап ёзувчида эмас, балки менинг дидимда, савиямдадир. Ҳарҳолда фақат менга ёққани ёки ёқмаганига қараб бирор асарни рад этиш ёки улуғлаш мумкин эмас… Модернизм муносабати билан қилган гурунгларимиздан фақат битта хулоса чиқаргим келади – яшасин эркинлик, йўқолсин қолиплар!»
Нақадар самимий, мардона эътироф. Қани энди ўзини мунаққид, назариячи олим деб юрган кимсаларда ҳам шунақа адолат, шижоат туйғуси бўлса! Устоз гарчи «шу пайтга қадар адабиётдаги модернизмга ўзимнинг муносабатимни аниқ белгилаб олган эмасман» деган бўлса-да, бош муҳаррир сифатида «Жаҳон адабиёти»да ўзбек ўқувчиларини «ХХ асрнинг етакчи услуби» – модернизмга оид фалсафа, руҳшунослик, санъатшунослик, адабиётшунослик асарлари, жаҳон модерн адабиётининг сара намуналари билан таништиришда мислсиз савоб ишларни амалга оширди, ҳамкасбларининг бу мавзуга оид мақола, суҳбатларини мунтазам ёритиб борди. Танқидчилигимизда ҳам модерн асарларни ҳис этиш, англашга рағбат ортиб бормоқда. Бу жиҳатдан Қ. Йўлдошевнинг «Ёниқ сўз», У. Ҳамдамнинг «Янгиланиш эҳтиёжи» китобларидаги қатор мақола, суҳбатларни эслатиш мумкин. Лекин, барибир, бу борада ҳам улоқ ҳамон ижодкорлар қўлида. Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад, Баҳром Рўзимуҳаммад каби модерн йўналишга мансуб носир, шоирларимизнинг адабий-танқидий мақола, суҳбатлари тўпланиб китоб ҳолига келтирилса, чиройли бир ўқув қўлланмасига айланиши тайин.
Ҳамидулла Болтабоев: Адабий жараён ва ундаги ҳар бир асар биз ҳозиргача ўзлаштириб олган назарий қоидалар қай даражада акс этганига қараб эмас, Оллоҳ ато қилган ўз умрича яшайди. Ҳар бир асарга ёндашганда уни ижодкор истеъдоди табиатига асосланиб ўрганиш, асар бетакрорлигини ўша адибга Оллоҳ берган буюк неъмат – истеъдод ҳосиласи деб қараш керакка ўхшайди. Қолаверса, бундай ўлмас асарларнинг умрзоқлиги китобхонларимизнинг дид-фаросатларига ҳам боғлиқ. Сиз тилга олган мақолалар ҳам муаллифнинг бетакрор фитрати ва унинг асардаги аксини имкон қадар тушунишга ҳаракат қилиб ёзилган. Қолаверса, истеъдод табиатини олимларга қараганда ижодкор аҳли яхшироқ танийди, айниқса, уларнинг ижодий қиёфаси ўзаро яқин бўлса. Шунинг учун ҳам бу мақолаларни адабиётшунослик мажмуа (афсуски, бизда бундай мажмуалар яратиш ҳали йўлга қўйилмади)ларига киритиш, уларни ёш ижодкорлар мутолааси лозимлигини филологларга қайта ва қайта уқтиришимиз керак. Фахриёрнинг шоирлиги, модерн услубдаги ёки анъанавий фольклорча шеърларининг ўзи алоҳида адабий ҳодиса. Бироқ шоирнинг интеллектуал дунёсининг нақадар бой эканлиги Тимоти Ж. Уинтернинг “ХХI асрда ислом” китобининг инглизчадан таржимаси орқали янада равшан кўринади. ХХ аср сўнггига келиб постмодерн дунёнинг қиблани таниши урчиб бораётган имонсизлик қаршисидаги илмий-маънавий дастакдир. Эътиқодсизлик фожиасини кўрсатган юзлаб асарлар бор, шу жумладан, “Сароб” ҳам. Бироқ имонсизликнинг қаёққа олиб боришини, унинг эртаси абсурд эканини илмий публицистик йўсинда англата олган шу биргина китоб таржимаси учун ҳам биз Фахриёрдан миннатдор бўлишимиз керак. Назар Эшонқулнинг қиссаларидаги интеллектуал руҳ ўзини миллат фарзанди деб билган ҳар бир зиёлига кўчиши, қалбида аксланиши керак.
Умарали Норматов: Ниҳоят, суҳбатимиз энг мураккаб, масъулиятли ва чигал масала – постмодернизм жумбоғига келиб тақалаётир. Постмодернизм башарият тараққиётидаги учинчи тўлқин – информатика ва глобаллашув босқичининг маҳсули, у фақат адабиёт, санъатгина эмас, фан ҳодисаси сифатида майдонга чиқди, бугина эмас, сизу биз яшаётган ҳозирги давр постмодерн дунё деб аталадиган бўлди. Постмодерн дунёнинг муҳим белгилари сифатида маънавият оламида кечаётган жараёнлар – ҳар қандай кўринишдаги модерн – янгиликларга сиғинишдан тийилиш, юксак ва оммавий маданиятни бир-бирига яқинлаштириш, фан билан дин ва санъатни муросага келтириш каби ҳолатлар тилга олинаётир; фан оламида методологик асос сифатида диалектика ўрнига синергетик тафаккур усули олдинга ўтди, эволюцион синергетик парадигма, жумладан, бадиий ижодиёт фанининг методологик асосига айланди. Реализм билан модернизм орасида муросасиз баҳс, яъни «реалликда маъно бор» деган реализм ақидаси билан «реалликда маъно йўқ» деган модернистик қарашларни муросага келтириш мақсадида бу ҳаёт-мамот масаласи ўзгача тарзда қўйилмоқда – инкор ёки тасдиқ этиш йўлидан бирини танлаш ўрнига, бу хил кескин саволларга аниқ жавобни очиқ қолдириб – бу борада ўзгача йўлни, яъни масала моҳиятини, реалликнинг сир-синоатини тафтиш этиш, диққат-эътиборни ҳодиса қаърига йўналтириш таклиф этилмоқда. Айни шу жиҳат постмодернизмнинг энг асосий хусусияти деб қаралмоқда. Моҳиятни очиш сари интилишда, хусусан, фан ва санъатда моддиюнча реалистик, диний-илоҳий ва мифологик тафаккур бирдек аҳамиятга эга эканлигига урғу берилмоқда.
Ҳамидулла Болтабоев: Соцреализм “ҳаётни ўз шаклида кўрсатишдан” “борлиқни ўз моҳиятида кўрсатиш”га ўтиши муносабати билан унинг имкониятлари кенгайгани, очиқ система сифатида қабул қилингани ўз даврида Сиз ёзган китобларда ўринли қайд этилган эди. Илмий адабиётларда “постмодернизм” тушунчаси “постструктурализм”га синоним тарзида қўлланилмоқда (Ильин И. П. Постструктурализм. Деконструктивизм. Постмодернизм. М.: Интрада, 1996). Ҳар икки ҳолатда ҳам бу назарий тамойиллар энг янги адабий ақидалар сифатида талқин қилинаётгани билан ҳали адабий-эстетик нуқтаи назардан янги «назарий парадигмалар» яратмади, деган қарашда маълум маънода жон борга ўхшайди. Албатта, илк модернизм давридан сўнгги модернистларнинг қарашлари тубдан фарқ қилади. Лекин жадид эстетикаси назарий жиҳатдан бадиий адабиётнинг санъат сифатидаги моҳиятини англатишга қанчалар аҳамият берган бўлмасин, амалда уларнинг эстетик мезонлари “юрт оёғидаги кишанга бориб тақалади”, яъни ижтимоий ҳаёт талаблари назарий қоидалардан устунроқ тургани учун улар бутун ижодини мана шу сиртмоққа қарши қаратганлар. Шунинг учун ҳам Чўлпоннинг энг гўзал шеърларида ҳам, “кўланка”, “кишан” қайғуси унинг елкасидан босиб турган. Фитрат домла ҳам шеърий шаклларга сиғмаган тўфонли ўйларини санъат, адабиёт дарди деб эмас, “юрт қайғуси” ниятида битган. Демак, назарий тамойиллар ҳаёт ҳақиқатига дуч келганда бир оз ўзгариши, ўзининг эстетик моҳиятидан ижтимоийликка қараб бурилиши мумкин эканини жадид адабиёти тажрибаси англатиб турибди. Шундан кейин шўро истибдоди даврида адабиёт тўла-тўкис ижтимоийлашув жараёнини бошдан кечирди. Бора-бора бу ҳолат адабиётнинг қонуний “хусусияти”га айланиб қолдики, энди мустақиллик даврида ҳам мана шундай назарий тушовлардан озод бўлолганимиз йўқ, – “Ўтмишдан эртаклар”даги қулфланмаган ҳужрада “қамалиб ўтирган” Бабар сингари. Биз кўп ўринда бадиий адабиётнинг жамият олдидаги вазифасини публицистик функцияда деб биламиз, яъни у янги фикр айтиши, жамият иллатларини фош қилиши, халқни тараққиётга бошлаши керак. Мана шу улуғвор вазифани маълум маънода кунига юзлаб номда нашр этилаётган газета ва журналларга юкласак-да, бадиий адабиётни “фикр айтиш воситаси” деб қараш ўрнига муддаони соф бадиият талабларига кўчирадиган бўлсак, бизнинг жуда кўп асарларимиз паришон ҳолда қолади. Ҳатто ХХ аср миллий адабиётимизнинг “олтин фонди”дан ўрин олган асарлар ҳам. Постмодернизмнинг назарий тамойилларини тадқиқ этиш миллий адабиётшунослигимизда, Сиз тўғри қайд этганингиздагидек, ҳали изланиш йўлига ҳам киргани йўқ.
Умарали Норматов: Гарчи бу борада адабиётшунослик оқсаётган бўлса-да, миллий адабий жараён жим тургани йўқ. Шуниси муҳимки, постмодернизмнинг бу хил тамойиллари фақат Ғарб, тараққий этган мамлакатларгагина хос бўлмай, ҳозирги глобаллашув жараёнида узоқ йиллар «темир тўсиқлар» билан иҳота қилинган собиқ шўро тузуми ҳудудидаги халқлар адабиётида ҳам ўзига хос кўринишда намоён бўлган. «Ҳозирги рус адабиёти» китоби, шунингдек, рус постмодернизмига бағишланган кўплаб тадқиқотларда бу жараён кенг ва ишонарли тарзда очиб берилган. 70-80-йиллар ўзбек адабиёти манзарасига синчиклаб назар ташланса, чунончи, «Руҳлар исёни», «Жаннатга йўл», «Ҳаққуш қичқириғи» каби асарлар, сон-саноқсиз ҳикоя ва қиссалар бу борада жиддий мушоҳада юритиш, тадқиқотлар олиб бориш учун етарли асос беради.
«Учинчи тўлқин» ёки «постмодерн» босқичига келиб анъанавий реализм ҳам жиддий янгиланиш жараёнини бошидан кечираётир. Биз юқорида тилга олган, бошқа яна кўплаб тадқиқотларда «постреализм», «модернизациялашган реализм», «янгиланган реализм» истилоҳлари кенг қўлланилмоқда. Ҳаттоки қатор тадқиқотларда «Соцреализмнинг янгиланиши» ҳодисаси хусусида қизиқарли мулоҳазалар ўртага ташланаётир. Чунончи, «Ҳозирги рус адабиёти» муаллифлари С. Давлатов, В. Катаев, Ч.Айтматов каби улкан адиблар ижодий тафаккури тадрижи мисолида, хусусан, «Бинафша», «Асрга татигулик кун», «Қиёмат» каби машҳур асарлар мисолида бу масалани теран таҳлил этиб берганлар.
О. Ёқубов, Асқад Мухтор каби жаҳондаги янги адабий жараёнлардан хабардор адибларимиз қатори 70-80 – йилларда миллий насримиз майдонига дадил кириб келган Тоғай Мурод, Х. Султонов, М. Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам каби адиблар ижодий тадрижида ҳам шунга яқин ҳодисаларни кузатиш мумкин. Биргина Одил Ёқубовнинг янги «Осий банда»си ёки Тоғай Муроднинг оддий меҳнат аҳли вакиллари бисотидаги юксак маънавий қадриятлар талқинидан бошланган тамойиллар «Отамдан қолган далалар» ва «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романлари томон тадрижий йўли миллий адабиётимиз, хусусан, насримиздаги ноёб ҳодисадир. Анъанавий реализмдан постмодернизмга қараб бундай зафарли юриш ҳақида ўйлашнинг ўзи мароқли!
Ҳамидулла Болтабоев: Кузатиш мароқли туюлган анъанавий реализмдан постмодерн сари қадам ташланиши, менимча, бизнинг муаллифларимизнинг “зафарли юриши” эмас, балки жаҳон, ҳеч бўлмаса, шарқ адабиётларида кузатилаётган, айрим ҳодисалар билан адибларимизнинг ҳамқадамлигида деб тушуниш мумкин. Бизга Ғарб матбуоти (жумладан, рус оммавий ахборот воситалари ҳам) орқали сингдирилишича, “ўз ички қобиғлари ичида” сиқилиб қолган Эрон адабиётидаги янгиланишларни кузатайлик. Эронликларда ўз адабиёти даражасида туриб, назарий тадқиқотлар яратишдан кўра хорижда, айниқса, Ғарбда яратилган адабиёт назарияларни таржима қилиш тамойили кучлироқ кўринади. Инглиз олимлари Ричард Хардланднинг “Адабий-назарий фикр тарихи: Афлотундан Боротгача”, Чарльз Брислернинг “Адабий танқид адабиёт назарияси аспектида”, Жонатан Куллернинг “Адабиёт назарияси”, Роман Селден ва Петер Уиддоусон таҳрири остида чиққан “Ҳозирги адабий жараён назарияси”, немис олимлари Йоҳаннес Бертензнинг “Адабиёт назарияси”, Ҳанс Бертинснинг “Ҳозирги адабиёт назарияси” каби асарлари 2006-07 – йилларда таржима этилди. Номланишига эътибор қаратганда ҳам буларнинг ҳеч бири қатъий қонунлаштирилган адабиёт назариялари эмас, балки бадиият қонуниятларини замонавий адабиёт билан боғлаш йўлидаги тадқиқотлар сифатида таассурот уйғотади. Албатта, бу мисоллардан янги назарий тадқиқотлар яратишни қўйиб, таржимага ўтайлик, демоқчи эмасман. Бироқ адабиёт назариялари яратилиши даврида жонли адабий жараён тамойилларидан келиб чиқиб иш юритиш назарий тафаккур тадрижи учун ҳам, миллий адабиёт муваффақияти учун ҳам фойдалироқ эканини таъкидламоқчиман, холос. Менимча, бизнинг адабий-назарий йўсиндаги ишларимиз ана шу жиҳатдан оқсайди.
Умарали Норматов: Адабий-бадиий жараёнда жиддий янгиланиш, туб ўзгаришлар кетаётган, янгиланиш анъана тусини олаётган, хилма-хил, кутилмаган тамойилларнинг намоён бўлиши, ўзаро таъсири, бир-бирини бойитиши учун имкон яратилган ҳозирги постмодерн шароитида адабий ҳодисаларга хилма-хил илмий мактаб таҳлил методлари орқали ёндашиш эҳтиёжи ортиб бориши табиий. Адабиётшунос А. Раҳимов 1997 йили тузган «Адабиёт назарияси» дастурида ХIХ аср Оврўпа адабиётшунослигининг асосий методлари сифатида мифологик мактаб, қиёсий-тарихий, маданий-тарихий, биографик, психологик, филологик; ҳозирги адабиётшуносликнинг асосий методлари сифатида эса психоаналитик, интуитивизм, формализм, экзистенциализм, структурализм, марксистик методларни келтиради. Д.Қуроновнинг «Адабиётшуносликка кириш» дарслигида социологик, тарихий-маданий, қиёсий, биографик, ижодий-генетик, шунингдек, имманент таҳлил методлари сифатида структурал, стилистик ва семиотик методлар хусусида маълумот бериб ўтилади. Фанда бу ерда тилга олинмаган яна қанчадан-қанча методлар бор.
Шўро даврида марксистик методдан бошқа барча мактаблар «буржуача-реакцион» ёрлиғи остида кескин қораланган. Айниқса, ўтган асрнинг 40-йиллари бизда бу борада рўй берган нохуш ҳодисаларни асло унутиш мумкин эмас. Бир-икки мисол. Психоаналитик метод асосида иш кўриш у ёқда турсин, А.Алимуҳамедовнинг Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида психологизм, яъни руҳий тасвир маҳорати масалаларини текширишга қаратилган, бугунга қадар ҳам аҳамиятини йўқотмаган тадқиқоти буржуача эстет-космополитизм кўриниши деб баҳоланган; «Адабиётимизда эстет-космополитларни охиригача фош қилайлик», «Адабиёт ва санъатда беватан космополитларни охиригача фош қилайлик» сарлавҳалари остида дағдағали мақолалар эълон этилган. 1947 йилда чоп этилган «Узбекский народный героический эпос» китоби муаллифлари В.М.Жирмунский билан Х.Т.Зарипов «Алпомиш» достонини «Одиссея» билан қиёсий таҳлил этишда Веселовскийнинг қиёсий-компративистик мактаби йўлидан борганликлари учун уларга «Веселовскийнинг совет адабиётшунослигига кириб олган вакиллари» деган ёрлиқ ёпиштирилади.
Бу хилдаги дағдаға, сиёсий ҳукмномалар туфайли адабиёт фани бошига қандай қора кунлар тушганлигини яхши биламиз…
Оллоҳга шукурки, бундай мудҳиш адабий сиёсат, уни яратган мустабид тузум билан бирга тарих қаърида қолиб кетди. Эндиликда барча чин илмий мактабларнинг эшиклари ланг очиқ.
Хўш, биз улардан қанчалик фойдаланаётирмиз. Устоз О.Шарафиддинов бизнинг адабий танқидчилигимизда, асосан, биргина социологик тадқиқот усули етакчи бўлиб келаётганидан афсусланиб, ҳамкасбларини мустақиллик шарофати билан адабиётшунослик ва танқидчиликда доимий изланишлар олиб бориш, адабиётнинг ички гўзаллиги ва бойликларини тўлароқ очиб беришга қаратилган янги имкониятлар топишга даъват этган эди. Тан олиш керак, бу борада айрим уринишлар бор. Бироқ адабиётшуносликда жиддий воқеа бўладиган изланишлар самарасига гувоҳ бўлганимиз йўқ. “Айрим уринишлар”га оид аниқ мисоллар келтирсам. Озод ака “Адабий танқид ва янги тафаккур” сарлавҳали суҳбатида А.Аъзамовнинг “Жаҳон адабиёти”да эълон этилган бир мақоласи хусусида тўхталиб: «Олим Абдуллажон Аъзамов… адабиётшунослик илмида биринчи бўлиб Алишер Навоий ғазалларини математик таҳлилга тортган. Маълумки, ҳали математиклар гўзаллик формулаларини ихтиро қилганларича йўқ. Ажаб эмаски, Аъзамовнинг бу мақоласи ана шу йўлдаги биринчи қадам бўлса. Ҳарҳолда, мақолада бир қатор эътиборга лойиқ кузатишлар бор”, – дея олимнинг изланишларини қўллаб-қувватлаган эди (“Ижодни англаш бахти”, 231- бет). Аслида, А.Аъзамовнинг бу йўлдаги илмий изланишлари ҳам структурал методга мансуб.
Ҳамидулла Болтабоев: Агар таянч нуқтаси топилса, ер шарини тўнтариб беришни “ваъда қилган” Архимеднинг бир гапи бор: “Ҳар бир фан математикадан улги олгандагина ўз такомилига етишиши мумкин”. Бу гап қайси мақсадда айтилганидан қатъи назар, структурал метод ҳам маълум маънода математика, хусусан, кибернетика фанига таянгани рост. Профессор Абдулла Аъзамов бу мақоласига қадар Алишер Навоийнинг насрий муножотини имкон қадар асар матнидан узмай талқин қилишга киришиб, “Муножотнома” битганини эслайман. Озод ака тилга олган мақола ҳам адабиётшунос олим ўз объектига математик аниқлик билан ёндашиши, ўзининг ҳар қандай фалсафий тушунчаларини таҳлилга тортилган асарга тиқиштиравермай, ундаги маънони борича талқин қилиши лозимлигини эслатади. Чўлпон домланинг “Ҳақ йўли бир ўтилгуси…” деган ҳикмати аён. Менинг назаримда, соцреализмдан постструктурализмга сакрашдан аввал структурал таҳлил деб аталган бекатга бир оз бўлса-да қўниб, ундаги айрим жиҳатларни англашга уриниб кўрайлик. Чунки айни шу таҳлил усулигина бадиий матн ҳақида нисбатан максимал аниқлик билан хулоса чиқаришга йўл очади. Ижод жараёнини тушунтиришда борлиқ – ижодкор – матн – китобхон муносабатидан сўнгги икки жиҳатга кўпроқ аҳамият қаратади. Структурал таҳлил муаллифнинг шахси кимлиги, унинг амалию қайси асрда яшаганидан кўра бирламчи объект сифатида матнни танийди ва у ҳақда, асосан, бадиий матннинг ўзидангина келиб чиқиб таҳлил қилишга киришади.
Айни шу усулни суиистеъмол қилиб (аслида структурал метод моҳиятини юзаки, жўн тушуниш оқибатида) ўз тадқиқотини статистик маълумотлар ва математик формулалар ҳисобига семиртираётган тадқиқотчилар (айниқса, методика соҳасида) ҳам мавжудлигини унутиб бўлмайди…
Умарали Норматов: Сиз бир неча йиллардан бери магистратура босқичида «Адабиётшунослик ва структурал методлар» фанидан маърузалар ўқийсиз. Сизда таълим олган шогирдлардан қай бири шу илмий мактаб йўлини танлади? Шу метод асосида бирор жиддий тадқиқот олиб бордими? Шахсан ўзингиз Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» ҳикоясини шу усул орқали чиройли таҳлил этиб намуна кўрсатдингиз… Шогирдлар бу борада нега устозга эргашмаётир?..
Эътибор беринг-а, постмодернизм, постреализм, постструктурализм, синергетика ва бошқа тафаккур усуллари орасида теран бир алоқадорлик, мутаносиблик бор, қолаверса, буларнинг барчаси башарият цивилизацияси равнақидаги бир давр, янги босқич маҳсулидир.
Шу нуқтаи назардан ҳозирги янгиланаётган кўп тармоқли адабий-ижодий жараёнга, бадиий ижод тарзига, янгича ижодий тафаккур маҳсулига ёндашилса, қизиқарли изланишлар қилиш, биз амал қилаётган таҳлил усулларининг нигоҳи етмаган ижодий жараённинг сирли қатламларига кириб бориш мумкин деб ўйлайман…
Афсус, менинг ёшимда бу усул асосида иш кўриш қийин кечаётир. Қани энди ёшлар шу хил усулларга дадил қўл урсалар дейман.
Ҳамидулла Болтабоев: 1997 йили “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” қабул қилиниб, олий таълим тизими икки босқичли тус олди. Шунга кўра магистратура таълимига бакалавриатни такрорламайдиган замонавий фанларни дастурлаш тавсияси берилди. Университет таълими магистратура босқичининг “Адабиётшунослик” мутахассислиги учун барча Олий таълим тизимида бирваракайига математика ёки алгоритмлар назарияси эмас, балки соҳага яқинроқ “Адабиётшунослик ва структурал методлар” фани ўтилишини таклиф қилдим. Шукрки, бу фикр инобатга олиниб, мана 7-8 йилдирки, бу фан ўқитилмоқда. Бундан кутилган мақсад бадиий таҳлил тажрибасида структурал поэтика деган ҳодиса (майли уни метод деб атамасак ҳам) бор экан, биз ҳам ҳеч бўлмаса, олий адабий таълимнинг юқори бочқичида шу йўсиннинг имкониятларини ўрганайлик, деган муддао эди. Бу тажриба қандай натижалар беради, буни олий ҳакам – вақт кўрсатади. Бироқ ушбу ўринда биз француз структуралистлари (Клод Леви-Стросс, Ролан Барт) каби структурализм мактаби деб ёки собиқ иттифоқда ном қозонган Юрий Лотман ибораси билан “структурал поэтика” деб эмас, ўзимизга яраша жўнроқ қилиб, қулоққа ғализ эшитилса ҳам “Адабиётшунослик ва структурал методлар” деб атадик ва адабиётшунослик тарихида академик мактаблар қаторида мана шундай таҳлил усули борлигини ва у “замонавий классицизм” лақабини олган соцреализмнинг беш усутивор қонуниятларини бадиий асардан излаб топишдан кўра самаралироқ натижа бериши мумкинлигини тусмол қилдик.
Замон ҳам, адабий жараён ҳам тезкор. Биз структурализмнинг моҳиятини англаб улгурмасимиздан постструктурализм деган тушунча модага айланди, бу қарашдагилар структурализм ўрнига янгича таҳлил методини (“пост” – “кейинги” сўзи моҳиятан янги қарашни ифода этмайди) шу каби “постструктурализм” ҳам структурализмни инкор этгани билан унинг ўрнига қўядиган таҳлил усулини тавсия этгани йўқ. Айни структурал методни инкор қилган Анна Балакян «Структурализм ва адабиётшунослик” мақоласида уни алмаштирадиган бирор усул ёки методни тавсия этолмагани ўзбек китобхонларига ҳам маълум (“Филология масалалари”. 2005 йил 2- сон). Бу мураккаб илмий-ижодий жараённи дарахтга ёки ризома (ажириқ)га менгзаб бўлмайди. Олмонлар, ҳар қандай ўхшатишда бир қусур бор деганларидек, ҳозирги адабиётшуносликда борлиқни ўз шаклида, қандай бўлса шундайлигича кўрсатадиган адабиёт (санъат) эмас, балки уни бутун мураккаблиги билан тасаввур қилишга ўргатадиган, глобал муаммоларни унинг кичик модели ҳисобланган бадиий асарга сингдириб, уни тасвирлай олган, муаллиф нигоҳини таҳлил қилиш усуллари асосий мақсад қилиб олинмоқда. Шундай экан, биз адабиётшунослар ҳам бу адабий ҳодисаларни жўнлаштирмай, аксинча, бор мураккаблигича ўрганишга жазм қилишимиз керак бўлади.
Умарали Норматов: Яхши биласизки, илмий ёки адабий тафаккурдаги янги ҳодисалар кўп ҳолларда ўзининг муносиб номини тополмайди, ҳар доим ҳам исми жисмига тўла мос келавермайди. Ҳатто “синергетика” деб аталган ҳодисани унинг ижодкорлари айни шу ном билан аталишини унча хуш кўрмаганлар. Аслида назариядаги кўп чалкашликлар ўринли-ўринсиз атамалар билан ҳам боғлиқ. А.Компаньон шу хусусдаги бир мақоласини “Назария шайтони” деб аташи тасодифий эмас (Комапаньон. Демон теории. Литература и здравый смысл. М.: 2001). Шу маънода Сизнинг эътирозларингизда жон бор. «Дарахтсимон», «ризомасимон» тафаккур атамалари ҳам бир қарашда ғалатироқ, жўнроқ туюлиши мумкин. Аммо синчиклаб қаралса, муайян қолип – қатъий қонуниятга айланган анъанавий авторитар тафаккур билан эркин, асов ижодий тафаккур орасидаги фарқни, уларнинг асл моҳиятини англаш – англатишда бу образли тимсоллар ниҳоятда қўл келади. Эҳтимол, постструктурализмга хос ризомасимон тафаккур усулидан биз адабиётшунослар ўз фаолиятимизда уқув билан фойдаланмаётгандирмиз. Аммо кейинги йилларда табиий фанлардаги буюк ихтиро – кашфиётлар айни шу тафаккур усули – ҳодисаларга кутилмаган томондан ноанъанавий тарзда ёндашиш орқали амалга оширилаётгани аллақачон эътироф этилган.
Ҳамидулла Болтабоев: Сиз айтаётган ҳодиса тафаккур усули сифатида мавжуд, яшашга ҳам ҳақли. Бироқ бадиий асарни таҳлил этиш тамойиллари хусусида фикр юритилаётганда ҳар қандай янгича тафаккур усули ҳам, боринг, у самарадор ҳам бўлсин, бадиий таҳлил методи сифатида қабул қилиниши қийинлигини эслатмоқчиман, холос…
Умарали Норматов: Адабиётшуносликдаги мактаблар масаласига қайтайлик. Шу пайтга қадар бизда адабий-илмий мактабларни кўпроқ адабий ҳодиса объектига қараб белгилаш русм бўлган: мумтоз адабиётимизнинг турли босқичлари, минтақалари, чунончи, Қўқон, Тошкент, Бухоро-Самарқанд, Хоразм адабий муҳити ва ҳ.к.; берироқ келадиган бўлсак, ўзбек маърифатчилик, миллий-уйғониш – жадидчилик, шўро даври, бугунги адабий жараён билан шуғулланувчи илмий жамоалар тарзида шаклланган. Булар ёнига сўнгги йилларда тасаввуф адабиёти тадқиқотчилари мактаби келиб қўшилди.
Шахсан ўзим янги ўзбек адабиёти тарихи, адабий жараён масалалари билан шуғулланиб келганим учун бу давр адабиётининг кўпдан-кўп ғаройиб жумбоқларини ҳозирга қадар устуворлик қилиб келаётган социологик ёки бошқа бир-икки метод орқали ечиш мумкин эмаслигига аминман. Чунончи, анъанавий реализм бағридаги туб янгиланишлар – ижтимоий таҳлил билан баробар экзистенционал ҳолатлар ифодасининг кенг ўрин олиши, бадиий тип эмас, индивидуал шахсларга эътиборнинг ортиши, моҳият қаърига кириб боришда ижтимоий, мифологик ва диний бадиий талқинларнинг бирдек мавқе тутиши, асар матнида хилма-хил ифода услубларининг ёндош ҳолда келиши, гоҳо бир-бирига зид тасвир тарзларининг ўзаро «муроса»га киришиши – ана шундай ғаройиб поэтик ҳодиса моҳиятини англашда постструктурал метод ниҳоятда қўл келиши мумкин. Масалан, Саид Аҳмаднинг кейинги йилларда яратган лагер ҳаёти мавзусидаги ҳикояларида аниқ ҳужжат – лагер ҳаётига оид автобиографик тарздаги хотиралари билан ижодий тасаввур маҳсули бўлмиш «соф тўқима» сюжет-интригаларнинг ажиб тарзда уйғунлашуви, «Осий банда» романида муаллиф Одил Ёқубовнинг шахсан ўзи гувоҳ бўлган кечмиш воқеалари, қатор тарихий шахслар билан боғлиқ реал ҳодисларининг ўта муболағадор, фантастик гипербола тарзида берилиши; Хайриддин Султоновнинг «Бобурийнома» романида эса Бобур ва бобурийлар қисматини ёритишда ниҳоятда ранг-баранг талқин йўллари – ҳикоя, киноҳикоя, қисса, эссе, суҳбат, репортаж, автобиографик хотира, сафарнома, «Бобурнома» услубини ёдга туширувчи тасвир усули, муаллиф ҳикоя ва қиссалари орқали шаклланган янгича ифода тарзи, соф реалистик талқин билан баробар, тушуниш, тушунтириш мушкул бўлган, фақат «илми ғойиба» орқалигина изоҳланадиган ҳолатлар – бу каби ҳозирги адабий жараённинг янги ҳодисалари тубдан янгича ёндашувларни тақозо этмоқда.
Бугунги шеъриятда ҳам ҳали очилмаган қўриқлар беҳисоб. «Жаҳон адабиёти»нинг 2005 йил 6-сонида америкалик адабиётшунос Рэйчл Харелнинг «Кўкламдан кўкламга» мақоласи эълон этилди. Унда Абдулла Ориповнинг «Баҳор кунларида», Рауф Парфининг «Ёшлик – зангор фасл», шунингдек, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад, Гўзал Бегим каби модерн шоирларимиз шеърларининг инглиз тилига таржима қилиш асносида туғилган кузатиш, ўй-мушоҳадалар ёритилган. Йўл-йўлакай янги ўзбек миллий шеъриятидаги биз шу пайтга қадар назардан четда қолган бир талай янги жиҳатларга эътибор жалб этилган. Мақола муаллифи буларни ҳисобга олмай туриб, янги ўзбек шеърияти бисотини инглиз тилига кўчириш мумкин эмаслигини таъкидлаган. Маълум бўлишича, Рэйчл хизмат қиладиган Мичиган университетининг Славян тиллари ва адабиётлари кафедраси структурал ва постструктурал методлар асосида тадқиқот олиб борар экан.
Ҳамидулла Болтабоев: Мўлжални каттароқ олиб, жаҳонда яратилаётган адабий-назарий ишлардан имкон қадар тугалроқ хабардор бўлиш зарур. Ҳолбуки, бугун ҳавас билан тилга олаётган адабиёт назариялари ва ҳозирги рус адабиётига тааллуқли асарлар, ҳозирги рус адабий-назарий тамойиллари билан бир қаторда кўпроқ Ғарбдаги қарашларга ҳам асосланмоқда. Истаймизми, йўқми уларда европацентризм белгилари йўқ эмас. Биз эса шарқликлармиз, шарқ адабиёти учун ҳар доим очиқ реализмдан кўра шартлилик, абстракционизмдан кўра рамзийлик устувор белги ҳисобланган. Янгидан вужудга келаётган назарий адабиётларда ҳар икки томон (аслида, дунё ягона, худди ҳар қандай бадиий асар бир бутунликда ўрганилгани каби) инобатга олинишини, бу тамойиллар “ХХ аср классиклари” асарларини ҳам, модерн усулда яратилаётган китобларни ҳам таҳлил этишда кўмак бўлишини орзу қиламан.
Умарали Норматов: Рус ҳамкасбларимизнинг кейинги йилларда чоп этилган айрим асарлари муносабати билан юқорида айтилган ўй-мушоҳадалар, мулоҳазалар билан танишган дўстларимиздан бир истак шуки, бу гапларни асло ўзгалардан айнан андаза олишга чақириқ деб тушунмасинлар. Биз аллақачон ўзимизнинг, ҳамма соҳада бўлганидек, адабиёт ва адабиёт илмида ўз мустақил йўлимизни топиб олганмиз. Кўриб ўтганимиздек, рус ҳамкасбларимиз ҳам шўро давридаги қолиплардан дадил воз кечиб, янгича замонавий йўллардан шахдам бормоқда. Бу борада улар билан бўйлашиш истаги бизни шундай йўл тутишга ундаётир. Президентимиз ташаббуси билан ҳозир бизда бутун мамлакатни, жамиятни модернизациялаш жараёни кетаётган, бу борада ҳам жаҳон андазаларига мос келадиган даражага кўтарилиш вазифаси қўйилган экан, биз адабиётшунослар бу қутлуғ ҳаракатдан четда туролмаймиз.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 3-сон