Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Турғун Азизовни муштарийларга батафсил таништириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бу санъаткорни халқимиз Ўзбек Миллий театри саҳнасида ўйнаган турли-туман роллари, филмларда, айниқса, «Мафтунингман» филмида яратган Бакир образи орқали жуда яхши танийдилар. Катта ва воқеаларга бой ижод йўлининг айни қизғин палласида актёр ҳузурида бўлиб, бир неча савол билан мурожаат қилдик.
— Турғун ака, аввало, янги йил билан табриклайман. Ижодий парвозлар ҳамроҳингиз бўлсин. Сўнгги йилларда асосан режиссура соҳасида фаолият кўрсатяпсиз. Саҳна асарининг туғилиш жараёни, сизнингча, қандай кечади?
— Табрик учун раҳмат. Саҳна асари, яъни спектаклнинг дунёга келиши ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳаммамиз биламизки,бу жараён кўпчиликнинг меҳнати билан амалга ошади. Спектакл асоси пиеса, драматургия ҳисобланади. Аслида спектакл тақдири драматургик асосга боғлиқ. Лекин пиеса ҳамиша ҳам талаб даражасида бўлавермайди. Шусабабли режиссёр ва муаллиф ҳамкорлиги ниҳоятда зарур.
Дастлабки режиссёрлик ишларимдан бўлган «Чимилдиқ» спектаклини олайлик. Очиғи, Эркин Хушвақтов бу пиесани олиб келганида иккинчи пардаси бизга маъқул келмаганди. Мунаввара Абдуллаева билан бирга ўқиб чиқиб, спектаклни «Ёр-ёр» саҳнаси билан бошлашга келишдик. Кейин келиннинг рашкини қўзғатиш, куёвнинг беэътиборлиги саҳналари қўшилиб, охири «Келин салом» билан тугайдиган бўлди. Бундан, назаримда, асар ҳам, томошабин ҳам ютди. Эркиннинг«Қаллиқўйини», «Қирмизи олма» пиесалари ҳам шундай ҳамкорлик билан юзага келди.
Ҳозир саҳнамизда муваффақият билан намойиш этилаётган «Ўзбекча рақс» спектаклида ҳам муаллиф билан бамаслаҳат ишладик. Пиесага кўра бош қаҳрамон бошидан ўтганларини ҳикоя қилиб, яна ўзи саҳнада шу образни жонлантириши керак эди. Бунда бироз чалкашлик, ўнғайсиз ҳолатлар юзага келишини ўйлаб спектаклга муаллиф образини киритдим, яна бир-икки кўринишларни ўзгартирдик. Асар ўзбек халқининг ўттиз йиллик ҳаётини ўз ичига олган. Авлодлар давомийлигини қайнонадан келинга ўтувчи рақс орқали беришга ҳаракат қилганмиз. Бу пиесанинг саҳна безаги ечимини топишимизда «Мирзо Улуғбек» спектаклида Улуғбек ролини ижро этганим қўл келди. Унда улуғ адибимиз Мақсуд Шайхзоданинг бош қаҳрамон тилидан «Қуёш биру инсон биру инсоният бир» деб айтган жумлалари саҳна безаги ечимига асос бўлди.
Хуллас, режиссёр ва муаллиф ҳамда постановкачи гуруҳнинг ўзаро самимий, бир-бирини тушунган ҳолдаги ҳамкорлиги, албатта, яхши самара беради.
— Сиз актёр сифатида ҳам театр репертуаридаги деярли барча спектаклларда банд эдингиз. Режиссурага ўтишингизнинг сабаби нимада? Бу соҳада асосан нималарга таяниб иш олиб боряпсиз?
— Бу жараён бирданига содир бўлгани йўқ. Ўзим қатнашган ҳар бир спектаклдан олган таассуротларим, машқ, ижро жараёнида туғилган фикр-мулоҳазалар, кузатишлар охир-оқибат кинога суратга тушишлар жараёнида орттирган тажрибаларимни амалда қўллашга ундади.
Биласизми, ҳар бир актёр ўз ролини ўйнайди, режиссёр эса бутун бир ансамблни ўйнайди. Яхлит саҳна асарининг дунёга келиши режиссёрнинг дунёқараши, билими, савияси, ҳиссий кечинмалар кўламига боғлиқ. Демак, режиссура мен учун қўшимча мажбуриятлар ва имкониятлар эшигини очди.
Асар устида ишлаш, актёрлар билан репетициялар ўтказиш жараёнида устозларим Тошхўжа Хўжаев ва Гинзбург билан бирга ишлагандаги кўрганларим асқотди. Яна Маннон Уйғур, Етим Бобожоновлар тажрибаларидан сабоқ олдим.
Лекин, очиғини айтиб қўя қолай, ўзинг актёр бўлиб ишлаган даргоҳда режиссурага қўл урсанг, сен билан бирга рол ўйнаб юрганларга турлича таъсир қилар экан. Дастлабки вақтларда бирор асарни қўйсам, «Ҳа, ўзимизнинг Турғун-да», «Актёр актёрлигини қилсин» деганларини ҳам эшитганман.
«Меҳробдан чаён» устида иш бошлаганимда олтита актёр ўзларига тақсимланган ролни қўлимга қайтариб бериб кетишган. Лекин спектакл жуда яхши кетди. Зуҳра Ашурова, Ғайбулла Ҳожиев ролларини маромига етказиб ўйнашган. «Етти фарёд» спектакли ҳам бир неча йил саҳнадан тушмади.
Ҳар ҳолда, турли гап-сўзлар режиссурадан менинг ихлосимни қайтаролмади,аксинча пишдим, ўз устимда ишладим. Изланишларимнинг баҳоси эса томошабинларга ҳавола.
— Режиссёр асосан нималарга амал қилиши керак, деб ўйлайсиз?
— Асосийпринципларимдан бири шуки, режиссёр актёрни севиши, ҳурмат қилиши керак. Чунки режиссёр уч-беш ой, нари борса, асар устида бир йил ишлаб, уни саҳнага олиб чиқади. У ёғига спектаклнинг тақдири актёрларга боғлиқ. Актёр ҳар куни, умр бўйи саҳнада ўйнайди. Спектаклнинг умри қанча давом этса, актёр шунча меҳнат, куч-ғайрат, ҳиссиёт сарфлайди. Ахир, репертуарда битта спектакл бўлмайди-ку! Шу маънода яхши актёрларни бошга кўтарсангиз арзийди.
Режиссёр актёрни ва унинг имкониятларини назарда тутган ҳолда асар танласа, ҳар томонлама ютади, деб ўйлайман. Ёки асарни ўқиган заҳоти образлар ўрнида маълум актёрларни кўра олиш зарур. Масалан, мен «Ўзбекча рақс»ни қўлга олганимдаёқ кўз олдимга Дилбар Икромова, Лола Элтоева, Мадина Мухтороваларнинг қиёфаси келган.
— Бугунги театр жараёни ҳақида фикр-мулоҳазаларингизни билмоқчи эдик.
— Ижтимоий ҳаётга, маънавиятга дахлдор соҳа сифатида театр ҳамиша давр билан ҳамнафас бўлиши керак. Бугун барча театрларимиз имкон борича замонавий, давр талабига мос асарларни саҳнага олиб чиқишга ҳаракат қиляпти. Айниқса, бизнинг Миллий театримиз, Муқимий номидаги мусиқали театр, Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрлари кўпларга ўрнак бўляпти. Масалан, бизнинг театр репертуаридаги асарлар ёшлар устозлар анъаналарини давом эттираётганини кўрсатиб турибди. Ёшларимизга маҳорат бобида буюк актёрларда интилиш бор. Лекин бозор иқтисоди сабаб баъзилари тўйларга, турли тадбирларга югур-югур билан репетицияларга, спектаклларга етарли тайёргарлик кўрмай келяптилар. Бу, албатта, ўткинчи ҳолат. Ҳали саҳналаримизда савияси юксак асарлар кўпаяди. Бунга имконият бор, давлатимиз томонидан санъат аҳлига катта эътибор бериляпти. Театрлар учун энг яхши замонавий бинолар ажратилаётгани, янгилари қурилаётгани, кўплаб театрлар таъмирдан сўнг чирой очаётгани бунинг далилидир.
Биз санъаткорлардан эса касбга фидойилик ва юқори савиядаги саҳна асарлари яратиш талаб этилади. Айниқса, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга жиддий аҳамият беришимиз зарур. Биринчи навбатда санъат олий ўқув юртларига энг истеъдодлиларни танлаб олиш ва тарбиялаш зарур. Қолаверса, битирувчиларни театр даргоҳларига тўғри йўллай билиш лозим. Яъни бир хил амплуадаги, ёши бир хил актёрлар битта театрда тўпланиб қолмагани маъқул. Шунда актёрларнинг имкониятлари тўлиқ очилишига шароит бўлади. Ҳозир бизнинг жамоада шундай бир хил иқтидорли ва имкониятли актрисалар йиғилган. Эҳтимол, бу бир жиҳатдан яхшидир — ўртада рақобат, танлов юзага келади. Лекин, барибир, бу ҳолда актёр бор иқтидорини кўрсатишдан маҳрум бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
— Улуғ устозларни кўриб, ўгитидан баҳраманд бўлган, тинимсиз изланишлар туфайли санъатнинг қаттиқ нонини ширин қилиб ейишнинг уддасидан чиққан санъаткор сифатида ҳамкасблариингизга, мухлисларингизга айтадиган гапингиз бўлса керак…
— Ҳамкасбларимга айтадиганим шуки, устозларимизнинг театримизга сарф қилган меҳнатини суиистеъмол қилмаслигимиз керак. Улар бизга қолдирган буюк ижодий неъматни авлодларга тўкис етказиш бизнинг бурчимиз. Педагог сифатида талабалар билан алоҳида машғулотлар ўтишимиз учун Санъат институтида устахоналар кўпайишини истардим. Бугунги кунда ҳар уч устага битта устахона тўғри келади. Яна диплом спектаклларини яйраб намойиш этиш имконияти яратилса яхши бўларди. Ҳозир ўзимнинг курсим билан тайёрлаган спектаклларни Миллий театримиз саҳнасида ўйнаяпмиз.
Мухлислар ҳақида нима дейиш мумкин? Устки кийимлар кийимхонага ечилса, залда қўл телефонларнинг овози ва ёш болаларнинг йиғиси эшитилмаса… Агар шундай ҳолатлар бўлиб турса, томошабин билан актёрни боғлаб турган нозик ип узилади.
Президентимизнинг ташаббуси билан бу йил «Баркамол авлод йили» деб эълон қилинди. Бу жараёнда театрларимизнинг, хусусан, болалар ва ёшлар театрларининг алоҳида ўрни бор. Театрларимиз фойеси шундай гўзал, шинам безатилиши керакки, унга қадам қўйган ёш авлод ўзини худди афсоналар оламига кириб қолгандек ҳис қилсин, у томошабинларга эстетик завқ бағишласин. Ана шунда ёш томошабинлар сафи кенгаяди.
Мухлисларимиз театрга байрамга келгандек келишларини орзу қиламан. Бу — менинг кўп йиллик орзуим.
Гулчеҳра Умарова суҳбатлашди
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 3-сонидан олинди.