Устоз Тоҳир Малик билан кўп суҳбатлашганмиз. У кишининг турфа мавзудаги фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутганмиз. Адиб ҳузурида сира зерикмаймиз, аксинча мусоҳабага тўймаймиз. Сабаби, баъзилар ўйлаганидек, Тоҳир ака ўта жиддий, оғиркарвон эмас. Устоз – ҳазил-мутойибани хуш кўрувчи, тагдор гаплар қилувчи дилкаш суҳбатдош. Буни адибнинг талай ҳажвиялар ёзганидан ҳам билиш мумкин. Тоҳир Малик билан уюштирилган мазкур суҳбатимиз сиз, азизларга манзур бўлади, деб ўйлаймиз…
– Тоҳир ака, мактабда қандай ўқигансиз? Олий ўқув юртида-чи?
– Мактабда аълочи эмасдим. Ҳатто адабиёт фанидаги иншода ҳам аъло баҳо қўйишмаган. Чунки жуда бадхат эдим. Ҳозир ҳам шундай. Ёзувимни ўзимдан бошқа ҳеч ким ўқий олмайди. Шунинг учун ҳам ёзганларимни ўзим машинкада (ҳозир компьютерда) оққа кўчираман. Ёзувим ҳақида ўзим ҳазил тўқиганман: “Тоҳир Маликнинг ёзган ҳарфлари ўлаётган одамнинг кардиограммасига ўхшайди”. Яъни, гапдаги дастлабки ҳарфлар ҳарфга ўхшайди, кейингилари тўғри чизиққа айланиб кетади. Мактабда аҳвол шундай эди, ҳозир ҳам ўзгариш йўқ.
Дарсни ўзлаштириш бўйича зеҳним яхши бўлган. Ўқиш-ёзишни мактабга бормаёқ ўрганиб олган эканман. Акаларим-опаларим дарс тайёрлашаётганда уларнинг ёнида ўтириб олар эканман. Шу боис мактабга олти ёшимда борганман. 16 ёшимда дорулфунуннинг кечки журналистика бўлимида талаба эдим. Кундузи қурилишда ишлаб, кечки пайт ўқишга борардим. 50 йил муқаддам матбуот соҳасига ишга ўтганман. Оддий хатлар бўлими ходимидан бош муҳаррир лавозимига қадар йўлни босиб ўтибман. Диплом ишим аъло баҳога лойиқ топилиб, ўзимни илмий ишни давом эттиришга таклиф қилишган. Лекин мен илмни эмас, адабиётни танлаганман. Бу жараённинг ажиб тарихи бор, қизиққанлар “Пўртана…”да батафсил танишишлари мумкин.
Айрим фанлардан заифлигимга дангасалигим сабабдир, аммо баъзиларига менга алоқаси бўлмаган шароит, муҳит айбдор эди. Масалан, бир йил француз, икки йил инглиз, икки йил немис тили ўқиганман. Билим ҳам шунга яраша, инглизча саломлашиб, французча хайрлашаман, немисчасига учгача санай оламан, чунки бу фандан “уч”дан юқори баҳо олмаганман. Рус тилини ўзим тиришиб ўрганганман. Бу борада анча тетикман. Ҳар ҳолда ҳарбий хизматда русча сўкиш бўйича бўлган мусобақада “чемпион” бўлганман. Украинлардан иборат ҳакамлар ҳайъатининг эътирофига кўра, менинг бисотимда юздан ортиқ русча сара сўкишлар мавжуд экан. Сўкишни онадан бошлаб, қўшнисининг бувиси билан якунлаш маҳоратига эга эканман. Бу гапларим ҳам ҳазил, ҳам узоқ тарих.
Яна заиф ўзлаштирилган фанларга келсак, физика фанидаги электр токига доир дарсни муаллим шамчироқ ёруғида ўтган эдилар, кимёдан сульфат кислотаси билан хлорид кислотасининг фарқини дарслик орқали билардик. Кимё муаллими бошқа мактаб муаллимидан илтимос қилиб кичкинагина қуруқ спирт олиб келган экан, уни ёқиб бизни бу мўъжизадан огоҳ этган эдилар. Дурадгорликни ўрганиш учун икки чақирим йўл босиб, бошқа мактаб устахонасига борардик. Синф тор бўлгани учун жисмоний тарбия дарси партада ўтирилган ҳолда олиб бориларди. Булар ҳазил эмас – чин! Ўша пайтда кўплаб мактабларда шароит шунақа эди. Ҳозирги болаларга жаннатий шароитлар яратилган. Агар бу шароитга шукрона қилиб ўқишмаса, гуноҳ бўлади. Бунақаларни қадимда ҳаммомга кириб, ювинмай чиққан нодонларга ўхшатишган.
Аниқ фанлардан камроқ билим олганим фантастика билан шуғулланаётганимда сезилди. Натижада физика, кимё, анатомия, биология каби фанларни қайтадан ўрганишга тўғри келди. Бу соҳадаги ютуғимга устоз Пиримқул Қодиров юқори баҳо берган эдилар. “Девона” асарида мия фаолиятига доир масалалар, бу фаннинг келажаги ҳақида сўз борар эди. Асарнинг муҳокамасида устоз “Тоҳир Малик медицина институтини битирган бўлса ҳам, асарнинг бадиийлигини юксак даражага олиб чиққан”, дедилар. Кейин журналистикада ўқиганимни билиб ажаблангандилар. Бу мақтовга сазовор бўлиш учун мия фаолиятига доир кўп илмий асарларни ўқиб чиққан эдим. Медицина академиясидаги учрашувда бу ҳақда сўз очиб, “таламус” – “гипаталамус”, “доминант” – “субдоминат” ҳақида гапирганимда талабалар мақтанишларим бежиз эмаслигига ишонишди. Суҳбатимиз чўзилмаслиги учун, афсуски, ўзимни ўзим бундан ортиқ мақтай олмайман.
– Илк ҳажвиянгиз қачон ёзилган ва у нима ҳақида эди?
– Ҳажвиялар ёзиш билан жиддий шуғулланмаганман. Ора-сира кичикроқ нимадир ёзиб турардим. Дастлаб “Муштум” учун лофлар ёзганим ёдимда. Оғзаки ҳазилларимни мақтаб туришади. Лекин қоғозга кўчган ҳазиллар меъёрига етмай қолса керак. Хаста пайтимда Ботир акам шифохонага бориб, “Кўп жиддий асарлар ёзиб чарчадинг, ҳазилни яхши кўрасан, энди кулгили асарлар ёз”, деб маслаҳат бердилар. Маслаҳат маъқул келиб, ётган жойимда қоғоз қалам олиб, мана бу гапларни ёздим:
Кимга нима етишмайди?
Нима учун “бири кам дунё” дейишади, биласизми? Чунки инсон зотининг кўнгил кўчаси ғоят кенг, шунинг учун доим нолийди. Доим унга нимадир етишмайди. Ё нотўғрими? Қани, биргалашиб мулоҳаза қилиб кўрайлик-чи?
Саҳрога сув етишмайди. Хотинга битта гап етишмайди. Эркакка битта хотин етишмайди. Ўғрига пул тўла темир сандиқ етишмайди. Итга сўнгак етишмайди. Газетачига арзон қоғоз етишмайди. Талабага имтиҳон чоғи пул етишмайди. Ҳайдовчига бензин етишмайди. Лайлакка илон етишмайди. Чойхоначига ошхўр етишмайди. Чўнтакка пул етишмайди. Гўрковга ўлик етишмайди. Иғвогарга “олтинчи бармоқ” етишмайди. Қизларга сариқ сочбўёқ етишмайди. Қиморбозга бешинчи “туз” етишмайди. Ашулачиларга микрофон етишмайди. Сутчига сув етишмайди. Заргарга тилла етишмайди. Мушукка сичқон етишмайди. Сичқонга дон етишмайди. Севишганларга орзу етишмайди. Таннозларга киндигини беркитиб турувчи узун кўйлак етишмайди. Йигитларга қишда киядиган шорт етишмайди. Божхоначига чегара етишмайди. Ғийбатчига вақт етишмайди. Домла-имомга учига пул тугилган тугун етишмайди. Дояга ҳомиладорлар етишмайди. Осмонга юлдуз етишмайди. Санъатчига тўй етишмайди. Деҳқонга ер етишмайди. Ялқовга ёстиқ етишмайди. Олимга китоб етишмайди. Жоҳилга илм етишмайди. Пахтага текин теримчи етишмайди. Бозорга инсоф етишмайди. Тарозибонга виждон етишмайди. Қассобга гўшт орасига яширадиган суяк етишмайди. Чойхонадаги фисқу-фасодчига чидамли одам етишмайди. Бахилга қор етишмайди. Телевизорга Мексика кинолари етишмайди. Радиога жавраш етишмайди. Ҳокимга дўқ етишмайди. Автобусга эшик етишмайди. Асаларига гул етишмайди…
Рўйхатни чексиз давом эттириш мумкин. Ҳамсуҳбатларимизда “Тоҳир Маликнинг ўзига нима етишмайди?” деган савол уйғониши мумкин. Саволга жавобни ўзларига ҳавола этаман. Фақат… “ақл етишмайди”, дейишмаса бас!
Юқоридаги ҳазилни ёзгач, яна кичик ҳажвий ҳикоялар ёздим. Чамаласам, бир китоб ҳажмига етибди. “Ушланг, ўғрини” деган номда “Танланган асарлар”нинг 8-жилдига жамладим. Ўқиганларга маъқул бўлган экан шекилли, ҳозирча сўкиш эшитганим йўқ.
– Нима деб ўйлайсиз, кулги қачон пайдо бўлганийкин?
– Бу саволингизга жиддий жавоб бериш қийин. Гапим хато бўлса, Худо кечирсин-у, биринчи фарзандни кўришганда Одам Ато билан Момо Ҳавво қувончдан кулишгандир. Одам Ато ҳазиллашганларида Момо Ҳавво эрни ҳайдаб юбормагандирлар. Эрни ҳайдаш одати орадан асрлар ўтиб пайдо бўлгандир. Эрни ҳайдаб юборган жасоратли аёлнинг ким эканлигини аниқлаш тарихчиларнинг вазифаси. Бу мавзуда 20-30 докторлик диссертацияси ёқланса ажабмас.
– Баъзи қизиқчиларнинг айтишича, бугун одамларни кулдириш қийин эмиш! Наҳотки, ширин табассум ҳам замонага қараб туғилса?
– Энг оғир шароитда ҳам одам кулиши мумкин. Замонанинг бунга дахли йўқ. Гап одамнинг ўзида. Шундай одамлар бор-ки, уларни қитиқлаб ҳам кулдириб бўлмайди. Қайсидир йили Геннадий Хазанов Тошкентга келганида ёзувчи дўстларимиз концертга киришибди. “Мазза қилиб яйрадик, уч мингта одам ичида фақат Фалончи ошнамиз кулмади”, дейишди. Мен у дўстимизни кўрганимда “Хазановнинг концерти ёқмадими?” – деб сўрадим. “Бир-иккита яхши латифаси бор экан, уйга борганимда кулдим”, – деди у. Ёдингизда бўлса, Таласафед ҳақидаги кулгили фильмда раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг чиқиши бор. Саволингизга энг тўғри жавоб – ўша манзара бўла олади.
– Устоз Саид Аҳмад ва Неъмат Аминов билан кўп учрашгансиз. Шу ҳақда гапириб берсангиз.
– Саид Аҳмад ака билан Ўткир Ҳошимов, Носир Фозилов жуда яқин эдилар. Сафарларда кўп бирга бўлишарди, ҳазиллашишарди. Бу ҳақда Ўткир ака ҳам, Носир ака ҳам китобларида ёзганлар. Камина ёш бўлганим учун масофани сал сақлаб турардим. Мени кўпчилик Саид Аҳмад акага ўхшатишарди. Баъзилар яқин қариндош деб ўйлашарди. Бир куни “Сиз Саид Аҳмад акага ўхшаркансиз”, дейишганда, “Саид Аҳмад ака менга ўхшайдилар”, деб ҳазиллашдим. Ҳазил устозга етиб борибди. Бир куни кўришганимизда “Нега унақа дединг?” – дедилар. “Атай айтдим, агар мен сизга ўхшасам, қари чолга айланиб қоламан, сиз менга ўхшасангиз, ёш йигит бўласиз-қоласиз”, деб эдим, “Тўғри, шундай деявер”, деб маъқулладилар.
Саид Аҳмад қайси даврада бўлсалар, кулги уйғонарди. Устозга айтилган ҳазил гап ҳеч жавобсиз қолмас эди. Фақат бир марта устознинг жавоб тополмай қолганларига гувоҳ бўлганман. Қозоғистондан келган ёзувчилар албатта Носир Фозиловга учрашишарди. Бир куни Носир ака Саид Аҳмад акага қўнғироқ қилиб, қозоғистонлик адиблар сизни кўришмоқчи, уйимга келинг, деб таклиф қилганларида устоз: “Сен қозоқларга бешбармоқ пишириб берасан. Улар бешбармоқ еявериб тўйиб кетишган, меҳмонларни меникига бошлаб кел, ўзим ош дамлаб тураман”, дебдилар. Носир ака менга ҳам қўнғироқ қилиб, Дўрмонга етиб боришимни тайинладилар. Бордим. Устознинг ошпазлик маҳоратлари ҳам тилларда достон эди. Ўша куни ғоятда тотли паловдан баҳраманд бўлдик. Ҳазил-ҳузул гаплар тинмади. Меҳмонлар орасида шоира аёл ҳам бор эди. Устоз кўпроқ аёлга лутф қилдилар. Айтиш керакки, қозоқ қизлари шартаки бўлади, айни чоқда ҳазилни ҳам ўрнига қўядилар. Уларда “Айтис” деган санъат бор, бизнинг аскияга ўхшайди. Улар дўмбира чертиб, сўзларни қофияга солиб, шоирона аския қиладилар. Шоирада ҳам бу санъат бор эди. Саид Аҳмад аканинг ҳазилларини малол олмай, ўрнида жавоб қайтариб турди.
– Мен шу аёлни ёқтириб қолдим, унга уйланаман, қалин ҳақига менга тўртта туя берасизлар, – деди Саид Аҳмад ака.
– Ие, уйланадиган сиз-у, қалинга туяни биз берамизми? – деди шоира.
– Ҳозир қайта қуриш замони, ҳамма нарса тескари бўлиб кетган. Энди қалинни куёв эмас, келин беради, – дедилар устоз.
– Хўп, бунисига кўндик, – деди шоира, – лекин сиз туяни нима қиласиз?
– Менга туянинг ўзи керакмас, тезаги керак.
– Тезакни нима қиласиз?
– Ана, боғимни кўряпсизми, экинларга гўнг ташлашим керак.
– Шунақа демайсизми! Унда бу ёққа туяни лўкиллатмай, сиз учун қалин ўрнига тўрт қоп тезак бера қолайлик…
Шоиранинг бу аскиясига ҳамма кулавериб, думалаб қолаёзди. Устоздан эса жавоб бўлмади…
Неъмат Аминов Бухорода ишлаётганларида ўзлари ўқиб берган ҳажвий ҳикояларни “Табассум” радиосида эшитиб у кишига мухлис бўлиб қолган эдим. Неъмат аканинг ҳикоя ўқиш маҳоратлари юқори эди. Русларнинг Задорний, Измайлов, Петросян… деганларидан ўтсалар ўтардиларки, қолишмасдилар. Тошкентга кўчиб келганларидан сўнг тез-тез кўришадиган бўлдик. Ниҳоятда самимий эдилар. Ўзбек адабиётида ҳажвия тарзидаги дастлабки қиссани Неъмат ака ёзганлар. Солиштириш ноўрин-ку, лекин “Ўн икки стул”дан қолишмасди. “1982 йил насри” муҳокамасида мен Неъмат аканинг маҳоратларини таъкидлаган ҳолда, асарда камчиликлар борлигини айтгандим. Кейин ўйлаб қарасам, хато қилган эканман. Хатоим шундан иборатки, мен асарга реалистик асар талабидан қарабман, ҳажвий асарнинг ўзига хослигини ҳисобга олмабман. Айбимни билиб, узр сўраганман. Кечирганлар. Бир асарни бир мажлисда танқид қилиш катта фожиа эмас, айтилган гаплар 2-3 кунда унутилади. Неъмат ака ҳам унутиб юборгандирлар. Лекин ўзим унутганим йўқ, ўшанда калта ўйлаганимдан ҳозиргача ҳижолатдаман.
– Бугунги ҳажвчилардан кимларни санаб ўтган бўлардингиз?
– Афсуски, бу соҳадан йироқман. “Муштум”ни ўқимайман. Ҳажвий китоблар чиқяптими ё йўқми, буни ҳам билмайман.
– Умуман, бугун ҳажвда ёзаётган ижодкорлар камайиб кетгандек, назаримда. Айниқса, ёшлар бу жанрда қалам тебратишмаяпти. “Севаман, қотаман”, деб шеър ёзишдан нарига ўтишмайди. Тўғри, шеър ёзиш ҳам керак, бироқ Матмусага ўхшаш қаҳрамонлар яна чиқса қани эди!
– Гапингиз тўғри. Аслида ҳажвчи ёзувчилар азалдан кам бўлган. Совет даврида бу мавзу чеклаб ташланган эди. Эркин ака, Абдулла ака, Анваржонларнинг ҳазил шеърлари барчанинг кўнглидаги гаплар. Кулдирадиган, айни дамда чимчилаб оладиган гаплар. Афсусингизга қўшиламан. Бемаъни шеър ёзиш жуда осон. Қофия топилса бас. Лекин ҳажвий шеър ёзиш ниҳоятда қийин. Анвар Обиджоннинг бир тўртлигини мисолга келтирай:
Каламушвой, каламуш, Саводинг сал чаламуш. Ёз десалар “ТЕМИР” деб, Сен ёзибсан “КЕМИР” – деб.Ана, ўзингиз айтинг, “севаман, қотаман”, дегувчилар шундай фалсафани кичик тўртликка сиғдира оладими? 13 сўздан иборат тўртликда қанчалар чуқур маъно билан баробарликда кулги ҳам бор.
– Суҳбатимиз баҳонасида ўзбек ёзувчиларидан қайси бири ҳазилкаш, мутойибачи, қайсилари жиддий эканлигини ажратиб кўрсата оласизми?
– Раҳматли устозлардан Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Адҳам Ҳамдам, Лазиз Қаюмов, Азиз Абдураззоқ, Толиб Йўлдош, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Йўлдош Сулаймон, Эркин Сиддиқовларнинг ҳазиллари ҳозиргача давраларда эсланади. Саид Аҳмад акага Носир ака Фозилов бас кела олардилар. Эркин ака Воҳидов ҳам нозик қочирим билан жавоб қилардилар. Мирмуҳсин ака, Озод ака, Ўлмас акалар ҳам ҳазилни қадрлашарди, лекин табиатан жиддий эдилар. Бугунги кунда ҳам, Аллоҳ умрларини янада баракали қилсин, Носир ака, Эркин ака, Турсунбой ака, дўстимиз Анвар Обиджон, Аҳмаджон Мелибоевга етадиганлар кам. Ёшлар даврасида кам бўлганим учун улар ҳақида бир гап айтолмайман. Улар орасида ҳам ҳажв, ҳазил, аскияга моҳирлари бордир.
– Бизда карикатурачилик ўзига хос ривожланмоқда. Бир нечта рассомларимиз хорижий танловларда юқори ўринларни қўлга киритишган. “Тоҳир Малик ҳам карикатура чизган”, дейишади…
– Йўқ, бу жиддий чизиш эмас. Шунчаки ҳавас. Мен ўзимнинг ҳазил йўсинидаги суратимни ўхшатиб чизаман. Баъзилар дастхат сўрашса, имзо чекмай, суратимни чизиб берсам, ажабланишади.
– Айримларнинг ҳисоблашича, “омма олдида сипо, камсуқум бўлиш керак”. Кулги дарғалари эса, “ҳамиша табассум қилиб юринг, вақтингиз хуш бўлади”, дейишган. Униси ҳам, буниси ҳам керак, тўғрими?
– Албатта. Ғоят жиддий бўлиб, қовоқ уюб юрсангиз, “бунинг турқи бунча совуқ”, дейишади. Агар кулаверсангиз, “Бунча ишшаяди, жинни-пинни бўлиб қолганми”, дейишади. Сиполикнинг ҳам, кулгининг ҳам ўз ўрни бор. Айниқса беҳуда кулавериш одамнинг обрўйини кетказади. Баъзи санъаткорларимиз, ҳазилга мойилликларини билдириш учун ҳуда-беҳудага ҳазил қиладилар, кулаверадилар. Бу билан ўзларини пастга ураётганларини сезмайдилар.
– Театр ҳақида… Айнан комедия йўналишидаги асарлар туфайли театрлар томошабин билан гавжумлашиб қолди. Аммо “Келинлар қўзғолони”, “Тошболта ошиқ” ва “Парвона” каби саҳна асарларига ўхшаш комедиялар бугун яратилармикан? Ёки уларнинг вақти ўтдими?
– Комедиянинг вақти ҳеч вақт ўтмайди. Фақат моҳир санъаткорлар ўтадилар, ҳажв ёзувчилар ўтадилар. Уларнинг ўрнига дарров маҳоратли ёшлар келавермайдилар. Мен балки адашаётгандирман, Ғани Аъзамов, Сойиб Хўжаев, Зайнаб Садриева, Обид Юнусов каби улуғлар даражасидаги санъаткорлар ҳозир йўқ бўлса керак. Бор бўлса ҳам, уларга мос асарлар ёзиб берилмаётгандир. Қани эди, бугун “Темир хотин”га ўхшаган асарлар кўп бўлса!
– Бир пайтлар ТВда Ҳасан Йўлдошев, Эргаш Каримов ва Эргаш Раимовларнинг “Телевизион миниатюралар театри” бўларди. Ўша чиқишларда жамиятдаги иллатлар ҳажв йўли билан қаттиқ қораланарди. Кейин бу кўрсатув негадир йўқ бўлиб кетди. Ҳозир “Қалпоқ”, “Шўрданак” каби, асосан, маиший мавзудаги ҳажвий кўрсатувлар берилмоқда. Уларни кўриб борасизми?
– Кўрмасликка ҳаракат қиламан. Телевизорни ё ўчириб қўяман, ё бошқа тўлқинга оламан. Ундаги иштирокчилар, очиғи, ғашимни келтиради. Асар саёз, ижро ундан-да саёз. Санъакорлар қизиқчи, масхарабоз ва комедия ижрочиси орасида фарқ борлигини англаб олишлари керак. Русларнинг беҳаё латифаларини ўзбекчалаштириш билан комедия санъатини ривожлантириб бўлмайди. Аския санъатига ҳам эътирозимиз бор. Аския ниҳоятда зариф санъат. Бугунги аскиячиларнинг ҳазилларидан ҳаё пардаси кўтарилган. Уят гапларни айтишдан уялишмайди.
– Янги ўзбек кинокомедияларини томоша қиласизми? Дейлик, “Менинг акам бўйдоқ”, “Энди дадам бўйдоқ”, “Суперқайнона”, “Тилим қурсин”… Муносабатингиз қандай?
– Буларни ҳам кўрмаганман. Номларини сиздан эшитяпман. “Кўринг”, деб тавсия қилсангиз ҳам кўрмайман. Чунки, врачларнинг талабларига кўра, асабимни эҳтиёт қилишим керак экан.
– Мухлисларга бир пайтлар хизмат сафарида кимларни қартада ютганингизни айтиб берсангиз…
– Айтадиган гап эмас, чунки сиз эшитган воқеаларнинг кўпи лофдан иборат. Шахмат ёки қарта ўйинида ютқизганлар ҳеч қачон ютқизганларини бўйинларига олмайди. Қимор ҳақидаги гапларни мен ҳазил тариқасида тўқиб, айтиб юраман. Агар ўша гаплар рост бўлиб, мен уста қиморбоз бўлганимда… у ёғини айтмай қўя қолай. Яхши ҳамки қиморга қобилиятим йўқ, муҳими шу.
– Яна бир ҳангомангизни эшитганмиз: автомобиль сотганингиз ҳақида…
– Камина тижорат бобида мутлақо қобилиятсиз одамман. Саксонинчи йилларда машина ўғрилари кўпайиб кетди. Мен баъзан машинани қулфлашни унутиб қўяман. Шундан чўчиб, ўғирлаб кетишгунча сотиб юбора қолай дедим. Кичик тоғам келиб, бозорга бирга бордик. Тоғам бозорни айланиб чиқиб, нарх-навони билиб келаман, деб кетдилар. Машинанинг ёнида турсам, Неъмат ака Аминов келиб қолдилар. У киши ҳам машиналарини сотмоқчи эканлар. Акамизнинг ҳам савдога доир қобилиятлари ҳаминқадар экан. Бир қариндошлари билан чиққан эканлар, у киши ҳам бозор айлангани кетди. Неъмат ака билан гаплашиб турибмиз. Харидорлар кела бошлашди. “Бу машина кимники?” деб сўрашади. “Меники”, дейишга мен ҳам уяламан, Неъмат ака ҳам. Бир маҳал икки йигит келиб, “Тоҳир ака, машинангизга ўтиринг, савдолашамиз”, дейишди. Мени қайдан танишар экан, деган ўйда ноилож ўтирдим. Улар “шунча берамиз, расмийлаштириш харажати ҳам биздан” дейишди. Ўзимча ҳисоблаб қарасам, озгина фойда ҳам унар экан. Савдолашиб ўтирмай, дарров кўндим. Бу орада тоғам нарх-навони билиб келдилар. Савдони пишириб қўйганимни эшитиб “ҳа, эси йўқ”, дегандай бош чайқаб қўйдилар. Бош чайқашнинг маъносини синфдош дўстларимнинг гапидан кейин англадим. Савдони яхши биладиган дўстлар машинани неча пулга сотганимни эшитиб “аҳмоқсан”, дейишди. Уларнинг айтишича, жуда арзонга сотган эканман. Тўрт йил аввал яна бир машинани маҳорат ила сотдим. “Нексия”ни салкам ўн беш йил минибсиз, янгиланг”, дейишди. Ўғлимга бу вазифани сен бажарасан, дедим. Хизматдан қайтаётганимда, чорраҳада қизил чироққа тўхтадим. Ёнимда бир машина тўхтаб, ҳайдовчи йигит: “Ассалому алайкум, машинангизни сотмайсизми?” – деди. “Шунақа фикр ҳам бор”, дедим. “Юраверинг, орқангиздан бораман”, деди. Кўчамизга бурилгач, тўхтадим. У ҳам ҳам тўхтади. Билишимча, бир неча чақирим давомида машинамнинг юришини кузатиб келган экан. Машина савдосида кўзи пишган чапдаст йигитлардан экан, дарров нарх белгилади. Бу сафар дарров кўнмадим, ўғлимга рўпара қилдим. Барибир ўша белгиланган нархга сотилди. Муҳими – ярим соат ичида иш пишди. Каминанинг тужжорлик маҳорати шулардан иборат.
– Оилада қандай умр йўлдошисиз? Кеннойимиз билан кўп ҳазиллашиб турасиз, тўғрими?
– Фақат кеннойингиз билан эмас, қариндошларнинг ҳаммаси менинг ҳазилларимни ёқтиришади. Айрим ҳазилларни асарларга ҳам кўчирганман. “Шайтанат”ни кинога олишаётган пайтда Ёдгор Саъдиевга “Ҳадеб тумтайиб юраверманг, Асадбек кўчада бек, уйда одамга ўхшаб юрсин, хотини билан ҳазиллашсин”, дедим. “Нима деб ҳазиллашсин?” – дедилар. Шунда ўзимнинг ҳазилимни айтиб бердим. Ҳар бир хотин сингари каминанинг хоним-афандимиз ҳам жуда меҳрибонлар. Айниқса, тобим қочганда гирдикапалак бўлиб қоладилар. Врачга учрашиш, дори ичиш талаби доимо кун тартибида бўлади. Бир куни хизматга кетаётганимда “Бугун албатта дўхтирга киринг”, деб тайинладилар. Шубҳасизки, вазифа бажарилмади. Шубҳасизки, уйга қайтганимдаги биринчи савол: “Дўхтирга кирдингизми?” Тўғрисини айтсам, гап кўпаяди. Қитмирлигим тутиб, “Кирдим”, дедим. Кутилган савол: “Дўхтир нима деди?” “Қўй, унинг гапини, эшитсанг хафа бўлиб кетасан”, девдим, хонимда хавотир уйғонди. “Дўхтир ёмон касалга чалингансиз, дегандир”, деган хавотир уйғонганини сезиб, қитмирлигимни давом эттиравердим. “Айтинг, нима деди?” деявергач, “Айтаман-у, хафа бўлмасликка қасам ич”, дедим. Хоним қасам ичгач, “Дўхтир тузалиб кетаман, десанг, хотинни алмаштир, деди”, деган гапимга “Бекоргинани айтибди” деган қисқа жавоб баҳсимизга якун ясаган эди. Бу воқеа Ёдгор акамизга ҳам, Гулчеҳрахонга ҳам маъқул келиб, дарров суратга олдилар.
Ҳазиллашишда, айниқса, оилада эҳтиёт бўлиш керак. Гап шундаки, ҳамма ҳам ҳазилни бирдай тушунавермайди. Уйда бемалол ҳазиллашишимга сабаб – хоним афандим ҳазилимни малол олмайдилар, аксинча, кўпинча мириқиб куладилар. Бир йили тоблари қочиб, хирурглар қўлидан эсон-омон чиқдилар. Реанимация бўлимида ётибдилар. Болаларни ичкарига қўйишмайди, улар хавотирда. Бош врач муовинига учраган эдим. “Ҳаммаси яхши бўлди, юринг, кўриб чиқинг”, деб йўл бошладилар. Кирсам, бечора ҳолатда ётибдилар. Мени кўриб, ёш бола каби йиғлашга тараддуд қилдилар, лаблар аста қимирлай бошлади. Хонимга меҳрибонлик қилсам, ўзим ҳам йиғлаб юборишим мумкин. Чунки хотин битта-да!
– Ана, Тоҳир ака, янгамиз Худо хоҳласа, юз ёшга кирадилар, – дедилар врач.
– Илойим айтганингиз келсин, болаларнинг бахтига юзга кирсинлар, лекин мен бу хотиннинг зулмига яна қирқ йил чидашим керакми? Менга ҳам сабр тилаб қўйинглар, – дедим.
Кулишди. Мен эсам давом этдим:
– Раҳмат сизларга, мени бошқа хотин қидириш ташвишидан қутқардинглар. Аммо, билиб қўйинг, хотин акамизни аввалгидан ҳам соғломроқ ҳолда қўлимга топширасизлар. Сизларга бир ҳафта муҳлат. Бўлмаса, бошқа хотинга алмаштириб берасизлар.
Мен ўзимни мутлақо ташвишланмаган, қувноқ қилиб кўрсатдим, ҳолбуки, тун ташвиш билан ўтган эди. Хоним афандим ҳам гапларимга кулиб: “Илтимос, бошқа кулдирманг”, – дедилар. Билишимча, кулганда яра ўрнида оғриқ қўзғалар экан.
Бундан олдинроқ, ўзим ҳам операциядан чиққанимда, врачлар ҳушимга келтиришди. Қарасам, тепамда хоним-афандим ташвишланиб турибдилар. Дори таъсирида бошим айланиб, кўзимга иккита бўлиб кўриндилар.
– Аҳвол қалай? – деб сўрашди врачлар.
– Соппа-соғман, оғриқ йўқ. Лекин тепамда иккита хотин қараб турибди, – дедим.
– Тоҳир ака, хотин иккита бўлгани яхшимасми? – деб кулишди.
– Яхши-ку, лекин иккаласи ўзимнинг эскидан қолган битта хотиним-да, – дедим.
Менинг уйдаги ҳазилларимдан илҳомланган шогирдларимдан бири уйида хотинига ҳазил гап айтган экан, хотини қувиб чиқарибди. Яраштиргани бордим. Хотин дарров инсофга кирди. “Ёмон гап айтмадим, сизнинг ҳазилингизни айтувдим, жаҳли чиқди”, деди шогирдим. Шунда дедимки: “Менинг ҳазилимни айтиш учун сиз Тоҳир Малик бўлишингиз керак, Тоҳир Маликнинг ширали оҳангида гапиришингиз керак. Энг муҳими, хотинингиз Тоҳир Маликнинг хотини каби ҳазилга тушунадиган чидамли аёл бўлиши керак”.
Бир дўстим бозордан қулупнай олиб келибди. Хотини дераза ойнакларини юваётган экан. Дўстим хотинига ёрдам бериш мақсадида мураббо қилиш учун қулупнайни тозалай бошлабди. Хотини меҳрибонлик қилиб, “Қўяверинг, ҳали ўзим тозалайман”, дебди. Дўстим “Сен тозаласанг ярмини еб қўясан”, дебди. Бу гапни хотин ҳақорат ўрнида қабул қилиб “Нима мен шунчалик очофатманми!” – деб жанжал бошлабди. Охири, бу оила ажраб кетди. Шунинг учун ҳам мен кўп жойларда ҳазилдан эҳтиёт бўлишни гапираман. Айниқса, кичикларга ҳазил гап айтишдан эҳтиёт бўлиш керак. Болалар тушунмаганлари оқибатида сизни обрўсизлантириб қўйишлари мумкин. “Одамийлик мулки” рисоласида бу масалага алоҳида боб ажратганман. Ўғлимни уйлантирганимда икки ҳафталик келинимга ҳазиллашиб бир гап айтган эдим, йиғлаб юборганлар. Шундан билингки, каминада ҳам бу борада камчиликлар учраб туради.
– Тоҳир ака, бир вақтлар тўй-ҳашамда доирачилик қилган экансиз.
– Шундай бўлган. Мажбур эдим. Раҳматли дадажоним билан аяжоним дутор чалишга маҳоратли эдилар. Катта акамда ҳам шундай қобилият бор. Айниқса доира чалишга моҳирлар. 1957 йилда эди шекилли, Москвада бўлган ёшларнинг халқаро фестивалида бўлажак қурувчи муҳандис ва олим доирачи сифатида қатнашганлар. Доира чертишга ҳавас каминада ҳам бор эди. 1966 йилда шоир акамиз Сафар Барноев уйланадиган бўлдилар. Сафар ака билан газетада бирга ишлар эдик. Бухорода туғилиб ўсган акамиз Тошкентга келиб, камбағалчиликда ўқиганлар. Ўқишдан кейин катта тўй қилишга қурблари етмасди. Шунинг учун тўй келинникида ўтадиган бўлган. Куёвнинг яқинлари тўпланишиб, сўнг биргаликда келиннинг уйига кириб боришимиз керак эди. Сафар аканинг курсдош дўстлари ўша пайтда довруқли қўшиқчига айланганди. Ниятга кўра, ўша қўшиқчининг қўшиғини айтиб кириш керак эди. Тўпланадиган жойга борсам, Сафар ака асабийлашиб турибдилар. Санъаткор дўстлари ваъдага хиёнат қилибди. Бу табиий ҳолат. Санъаткорлар каттароқ пул унишини билишса, дўстликни ҳам унутиб юборишади. Ўша куни ҳам шундай бўлган. Менинг Азимжон ака деган курсдошим тор чалиб ашула айтардилар. Дарров таксига ўтириб, уйларига бордим. “Торни қўлтиқланг-у, кетдик”, деб воқеани баён қилдим. “Боравераман-у, доирачим йўқ-да”, дедилар. “Доира борми?” дедим. “Бор” дедилар. “Демак, доирачи ҳам бор”, дедим. Бордик. “Тўйлар муборак”ни айтиб кирамиз”, дейишди. Азимжон ака бу ашуланинг фақат биринчи сатрини билар эканлар. “Тўйлар муборак, кўргони келдик” деб бошланг-у, қолганига билган ашулангизнинг сўзларини қўшиб юбораверинг, тўйда биров ашуланинг маъносига эътибор бермайди, куй тўғри бўлса бас”, дедим. Шундай қилдик. Мен қиздирилмаган чилдирма билан жўр бўлдим.
1972 йилда бу воқеа деярли айнан такрорланди. Шоир Рауф Парфи Янгийўлдаги уйларида ўғилларига хатна тўй қилдилар. Бордик. Сафар акага хиёнат қилган курсдош дўст Рауф акага ҳам бевафолик қилибди. Ваъда бериб, тўйга келмади. Қишлоқ аҳли машҳур фалончи ашулачи келаркан, деб йиғилди. Аҳволни ўзингиз тасаввур қилаверинг. Бир маҳал Сафар ака тўйни очиб, менга яқинлашдилар: “Тоҳир, яна бир марта доирачилик қиласан”, дедилар. Ҳаваскор ашулачига битта рубоб, каминага тешик доира топиб келишди… Ўша йили дўстим Абдужалил Зокировнинг никоҳ тўйида доира чалганман. Тўйга айтилган ашулачига доирачиси панд берибди. Худога шукр, тўйдаги хизматларим шундан иборат. Лекин бармоқларимни машқ қилдириш учун уйда чалиб турардим. Дадажонимнинг вафотларидан кейин доирани қўлга олишга кўнглим бўлмай қолди. Ижодхонамда кўп йиллар турди. Охири набираларимга ўйин бўлиб, аввал тешилди, сўнг устига чиқиб сакрашган шекилли… ўтин бўлди…
– Баъзан кимдир ёки нимадир сабаб бўлиб, кайфиятимиз бузилади. Кўнгилга ҳеч нима сиғмайди. Ана шундай пайтда қандай қилиб кайфиятимизни чоғ қилсак бўлади, Тоҳир Маликдан би-и-р маслаҳат эшитайлик?
– Кайфиятнинг хожаси кишининг ўзи. Кайфиятини бошқара олса – хожа, бошқара олмаса – қул. Қулнинг қисмати оғирроқ. Мен ёмон кайфиятни енгишга ҳаракат қиламан. Ҳар бир одамнинг бу борадаги услуби ўзига хос бўлади. Кўнглим оғриган пайтда телевизордаги яхши нарсаларни ҳам кўргим келмайди. Шунда ашулачиларнинг клипларини кўраман. Ҳа, айнан кўраман. Овозларини ўчириб қўяман. Чунки ашулаларининг сўзларини эшитсам, тепа сочим тикка бўлиб кетади. Овозни ўчириб, уларнинг ҳаракатларини кўрсам кулгим келади. Сиз ҳам бир тажриба қилиб кўринг. Баъзиларида худди ҳайвонот боғида очиқ эшиклар куни ўтказилаётганга ўхшайди. Баъзи ашулачиларнинг қорни бураб оғрияпти-ю, ҳожатхона эшиги олдида навбат кутиб қийналаётганга ўхшайди… Россия телевиденисидаги клиплар ундан-да зўр. Мен овози ўчирилган клипларга “Жиннихонадан репортаж”, деб ном қўйганман.
Бу одатим онда-сонда иш беради. Кўнгил чигилини ёзиш учун мен кўпроқ китоб ўқийман, айниқса Қуръони карим оятлари менинг руҳимга қувват бўлади. Фарзандлар, набиралар билан бирга ўйнаш ҳам кишини бахтиёрлик тахтига қайтаради.
– Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат. Ҳамиша кулиб юринг.
– Сизга ҳам, суҳбатимизга гувоҳ бўлганларга ҳам раҳмат. Юзнинг кулиб туриши унча қийин иш эмас. Сохта кулгилар ҳам бор. Муҳими – кўнгил кулиб туриши керак. Кимнинг кўнгли кулиб турса, уни одамлар “Истарали экан”, дейишади. Бу – юлдузи иссиқ одам экан, дегани. Мен ҳамсуҳбатларимизга ана шу саодатни тилайман.
Суҳбатни Анвар Намозов олиб борди.