— Ҳалоллик деган тушунчани сиз қандай изоҳлайсиз? Айтайлик, 90 сўм маош билан эртадан кечгача 30 та гўдакка парвона бўладиган боғча ходимаси кичкинтойларнинг насибасидан орттириб бориб болаларига едирса, уни ноҳалолликда айблаш ўринли бўлармикин?
— Ҳалоллик ҳақида кейинги пайтда кўп гапирадиган бўлиб қолдик. Бунинг сабаби, назаримда, одамлар ҳаромдан ҳазар қилиш лозимлигини ўйламай қўйишди. Одамлар деганда мен фақат Ўзбекистон аҳолисини айтаётганим йўқ. Бу — умуммамлакатга тааллуқли гап. Ҳаромнинг чегараси кенг. Одамлар кейинги йилларда бутун жабҳа бўйлаб ҳаромга асир туша бошлашди. Хайрият, жар ёқасига бориб қолинганда кўзлари мошдай очилиб, «дунёда ҳалоллик деган тушунча ҳам бор эди-я», деб ўйлаб қолишди. Ҳалолликдан чекиниш ҳамма соҳаларга хос. Ҳатто доимо покиза, ҳалол яшашлари, ишлашлари зарур бўлган одамлар ҳам ҳаромга юз тутдилар. Савдо базасининг ходими пора олса, «ҳа, энди буларнинг бўлгани шу» деймиз. Аэрофлот кассири «холис хизмати» учун пул олса, индамаймиз. Ўлим тўшагида ётган бемордан пул ундирган врач, ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган йигит ҳужжатини четга олиб қўйган ёки «дурустроқ ерга» боришига кўмаклашган ҳарбий комиссариат вакили, одамлар тақдирини ҳал қилувчи суд, прокуратура ходимлари… қўйингчи, пул, пора деган гап мактабга, боғчага кириб келди. Бунга қандай чидаш мумкин?
Ҳалолликдан қачон юз ўгирилади? Қачонки виждондан воз кечилса. Виждонни, таъбир жоиз бўлса, бочка тахтачаларини ушлаб турувчи темир ҳалқага ўхшатмоқчиман. Темир ҳалқа бўшашдими, тамом, тахтачалар сочилиб кетади. Ана шу тахтачалардан бири — ҳалоллик. Арасту ҳаким айтган эканлар: «Руҳимизнинг маънавий қуввати ўлан виждонимиз фикримизга қувват бергувчи бир воситаи идрокия». Виждон ўлар экан, демак, руҳимиз маънавий қуввати сўнади. Шунинг баробарида фикримизга қувват берувчи манба ҳам йўқолади. Мен буни ақлдан озиш деб тушунаман. Ақлдан озган кимсагина ҳаром билан ҳалолнинг фарқига бормайди. Бўғзигача, ҳатто нафаси қайтиб, жони чиққунича ҳаром ботқоғига ботаверади. Буларни шунчаки «ноҳалол одам» дейилишига қаршиман. Аввало булар «одам» деган унвонга нолойиқ. Иккинчидан, ўзбек тилида «ноҳалол»га нисбатан жуда тўғри топиб айтилган «ҳаромхўр» деган ибора бор. Бунақаларни баралла «ҳаромхўр» деявериш керак.
Саволнинг асосий қисмидаги мисол кишини дастлаб икки йўл оғзига рўпара қилиб қўяди. Чиндан ҳам тарбиячиларнинг маоши оз. Лекин бу уларга ўғрилик қилиш ҳуқуқини бермайди. Кўпчилик ҳалолликдан чекинишни маошнинг камлиги билан изоҳлайди. Чиндан ҳам ҳамшираларнинг, врачларнинг… маошлари бир оилани тебратишга етмайди. Айримлар бойиш мақсадида эмас, яхшироқ яшаш мақсадида ҳам пора тама қиладилар. Ҳар бир одам яхшироқ яшашни истайди ва у шундай ҳуқуққа эга. Хўш, шундай экан, биз уларни оқлашимиз лозимми ё ўша ҳаромхўрлар рўйхатига тиркашимиз шартми?
Ҳазрат Навоий «Заҳарнинг миқдори оз бўлса ҳам ўлдиради, игнанинг учи кучсиз бўлса ҳам кўр қилади» деган эканлар. Яна халқимизда «Нон ҳам нон, ушоғи ҳам нон» деган ҳикмат бор. Демак, бир сўм ҳам пора, минг сўм ҳам. Бугун ўн сўм олган ҳаромхўр эртага юз сўм олмайди, порадан юз ўгиради, деб ким кафолат беради? Бошқа соҳаларни қўя турайлик, шахсан мен болалар ҳақига хиёнат қилган тарбиячининг гуноҳидан кўз юма олмайман. Ота-она фарзандига ўзи емай едириши мумкин, лекин бошқа бир боланинг оғзидаги луқмасини олиб едириш ҳеч қандай одамийлик доирасига сиғмайди. Бундай ҳаромхўрликнинг икки зарари бор: биринчидан, бола тўйимли овқатдан маҳрум, демак, яхши ўсмайди. Сиҳати ҳам яхши бўлмайди, касалдан боши чиқмайди. Иккинчидан, тарбиячиларнинг ўғрилигини бола кўрмайди, пайқамайди, дейсизми? Шунақа ишларни кўриб, билиб улғаядиган боладан орадан йиллар ўтиб ҳалолликни талаб қиламизми? Йўқ, боғчадаги ҳаромхўрликка асло чидаб бўлмайди. Энди масаланинг бошқа томони ҳам бор: ҳаромхўрликни, ўғриликни оддий тарбиячилар қилмаса керак деб ўйлайман. Улар ота-оналардан турли кўринишдаги совға-саломни тама қилишлари мумкин, лекин болаларнинг ҳақини боғча мудиралари ва унинг атрофидаги яқинлари «туя» қилишади.
Бу масалада гапираман десангиз гап кўп. Синчиклаб қарасангиз тубсиз ўбқонга ўхшайди.
— АҚШда оддий ишчининг маоши бир ярим минг долларни ташкил қилар экан. Тўғри, у капиталистик мамлакатда касалхона, ўқиш пуллик. Лекин бизда ҳам пуллик система ҳаётимизга кириб келяпти. Пуллик соғлиқни сақлаш кооперативлари, абитуриентларнинг репетитор ёллаб ўқишга тайёрланиши ва ҳоказо. Шу маънода кўп соҳалардаги ҳақ тўлаш масаласи ҳалоллик нуқтаи назаридан сизни қониқтирадими?
— Аввало АҚШдаги оддий ишчи билан бизнинг ишчилар ўртасидаги маошни таққосламасдан олдин бошқа омиллар, айтайлик, малакага, ишга муносабатга, меҳнат унумдорлигига, иш қуролларига… назар ташлаш лозим, деб ҳисоблайман. Маошлар орасидаги фарқни таҳлил қилишга, тўғри хулоса чиқаришга ожизман. Бунинг учун аввало АҚШдаги меҳнат ва яшаш шароитини яхши билиш керак, қолаверса, иқтисодий етук билим эгаси бўлиш лозим. Йўқса, нотўғри хулоса чиқариб, бошқаларни гангитиш мумкин. Шу сабабли саволнинг иккинчи қисмига жавоб берай: мен ҳар турли кооперативларга, репетиторларга мутлақо қаршиман. Биз давлат корхоналарида маҳсулот сифатини ошириш ўрнига кооперативлар очиб қўйдик. Энди заводдаги малакали слесарь кооперативда ишлашни маъқул кўради. Демак, давлат корхонаси малакали ишчиларидан айрилади. Мактабда эса ўқиш сифатини яхшилаш ўрнига репетиторларга оқ йўл тиладик. Бу қанақаси, юксак даражада, сифатли билим бера олмайдиган мактабнинг кимга кераги бор? Мактабнинг вазифаси фақат ҳарф ўргатишми? «Фарзандингнинг олим бўлишини истасанг, пул тўлаб ўқитувчи ёлла», деганими бу? Пули камлар нима қилади? Боласининг олим бўлишидан умидини узадими? Ёки «бу поликлиникадаги врачлар саводсиз, ўлиб қолмай десанг, кооператив поликлиникага бор», дейилмоқчими? Энг қизиғи шуки, кооператив поликлиникада ҳам оддий касалхона, поликлиникада ишлайдиган врачлар қабул қилишади. Энди савол: улар беморларни кооператив поликлиникада тузукроқ кўриб, давлатникида юзаки даволашадими? Тўғри, бундай кооперативлар маоши оз врачлар, институт ўқитувчилари учун манфаатли. Бўш вақтларида қўшимча даромад ишлаш имконини беради. Лекин, мен репетиторлар болаларга эмас, малакаси паст мактаб ўқитувчиларига, врачларга дарс беришларини истардим. Институтда саёз билим олганлари учун энди пул тўлаб сабоқ чиқарсалар ёмон бўлмас эди.
Кези келганда шахсий ошхоналар, кабобхоналарни ҳам айтиб ўтиш керак. Ҳисоблаб кўрилса, бир оилавий кабобхона кунда уч-тўрт қўйнинг гўштини ишлатади. Улар гўштни гўё кооператив нархда оладилар. Шахсан мен бунга ишонмайман. Ана шу шахсий ошхоналар кўпайгач, шаҳар аҳолисини гўшт билан таъминлаш нима учун ёмонлашди?
Кооперативларга қарши эканимнинг яна бир маънавий томони бор: одамлар бойлик тўплашга
муккаларидан берилдилар. Мени айниқса шахсий ошхона, кабобхонадаги болалар ташвишлантиради. Мен бу оилаларда билимга интилувчи бола, келажакда ҳалол одам тарбияланади, дея олмайман.
— Редакциямизга келган қатор хатларда ўқувчилар олий ва ўрта махсус билим юртларидаги таниш-билишчиликлар ҳақида, у ерда порахўрлик ҳамон давом ётаётгани тўғрисида куюниб ёзишган. Бу билим юртларида ҳалоллик бош мезон бўлиб қолиши учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?
— Бу савол жуда эҳтиётлик билан, юмшоқ тарзда берилди. Порахўрлик шунчаки давом этаётгани йўқ, очиқ айтайлик, авж оляпти! Мен олий ўқув юртларидаги порахўрлик, таниш-билишчилик, оилавий сулолалар ҳақида авваллари ҳам ёзганман, гапирганман. Бир мен эмас, кўпчилик гапиряпти. Аммо мутасаддилардан бирон инсоф эгаси чиқиб «Нима гап, ё қулоғимнинг тагида танбур чертиляптими?» демайди. Билишимча, институтларга кириш нархи ҳозир икки баравар ошган. Чунки, илгари икки болани ўқишга киритиб ўн минг (балки ундан кўп) олган ҳаромхўр ҳозир бир боладан шу пулни ундиради. Бу ҳаромхўрнинг ақлига балли, дейсан. Қаранг, пул ўша-ўша, аммо хатар, таҳлика икки баравар камайган.
Бу ярамасликларнинг олдини олиш учун турли усуллар ишлатиб кўриляпти. Лекин ҳаромхўрлар ҳаммасига чора топишяпти. Шу сабабли бир нарса дейишим қийин. Ҳар ҳолда олий ўқув юртидаги бундай ҳаромхўрларни инсофга келтириш мушкул. Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас… Назаримда диплом олиш лозим бўлган ёш мутахассисни заводда, колхозда, шифохонада, мактабда… хуллас, қаерга йўлланган бўлса ўша ерда, тажрибали мутахассислар бутун коллектив кўз олдида имтиҳон қилишлари керак. Агар битирувчи студент имтиҳондан ўта олмаса, диплом берилмасин. Бутун сарф-харажатларига куйиб қолаверсин. Йўлланма билан қайси корхонага (колхозга) келган бўлса, шу ерда оддий ишчи сифатида ишласин.
Ўқиб юрганида стипендия олган бўлса, иш ҳақидан тўласин… Бу энди бир хом хаёл. Ҳар ҳолда минглаб пул сарф қилган отанинг қўли бу имтиҳонга ҳам етиб қолар. Хуллас, инсоф ўзига берсин, дейишади-ку. Инсофга умид қилишдан бошқа чорам йўқ.
— Инсон табиати мураккаб. Ижодкор сифатида сиз инсоннинг ҳалол бўлиб камолга етишига ҳалал берувчи қандай тўсиқлар мавжуд деб ҳисоблайсиз?
— Тўсиқлар кўп. Биз аввало маънавий бойликларимиздан узоқлашяпмиз. Фикру зикримиз моддий бойликда. Пахта деймиз, пилла, қоракўл, кўмир… деймиз. Лекин инсоннинг маънавий камолоти қоғоздаги гаплардан иборат бўлиб қоляпти. Одам боласини шиорлар билан тарбиялаш мумкин эмас. Бизда ўзбек болалар адабиёти инқилобдан кейин ривож топди, деган нотўғри тушунчалар юради. Маданий инқилоб йиллари туғилган бу нотўғри тушунчалар бизнинг бебаҳо тарбия ўчоқларимиздаги оловни ўчирди, маданий бойликларимизга олиб борувчи йўлларни тақа-тақ беркитиб ташлади. Жуда кучли тарбиявий аҳамиятга эга бўлган қадим асарларига «диний, зарарли асар», деган тамғалар босилди. Қадимий шарқ адабиёти маърифий, ахлоқий жиҳатлари билан қудратли деб ҳисоблайман. Бу адабиёт одамни виждонли бўлишга, ҳалоллик, покизаликка… ундаган. Ана шу адабиётнинг сўнгги намуналаридан бири бўлган Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ» асарининг кириш қисмига диққатингизни жалб этсам:
«Аҳлоқ уламоси инсонларнинг хулқларини иккига бўлмишлар: агар нафси тарбият топиб, яхши ишларни қилурга одат қилса, яхшиликға тавсиф бўлуб «яхши хулқ», агар тарбиятсиз ўсуб ёмон ишлар ишлайдургон бўлуб кетса, ёмонлиқга тавсиф бўлуб «ёмон хулқ» деб аталур… Бир қисми ўз нафсимизга, бир қисмини бир-биримизга қаршу ишлатмак учун керакли бўлган яхши хулқлар: фатонат, диёнат, назофат, ғайрат, риёзат, қаноат, шижоат, илм, сабр, ҳилм, интизом, миқёси нафс, виждон, ватанни суймак, ҳаққоният, назири ибрат, иффат, ҳаё, идрок ва зако, ҳифзи лисон, иқтисод, виқор, хавф ва ражо, итоат, хайрихоҳлик, мунислик, садоқат, муҳаббат ва авфдур… Ёмон хулқлар — инсонларнинг саодати абадиятдан маҳрум қиладургон… халқ назарида мазмум, ҳаёти жовидонимиз учун маснун бўлгон аҳлоқи зимималар — ғазаб, шаҳват, жаҳолат, сафоҳат, ҳамоқат, адоват, ҳасосат, раҳоват, аноният, адоват, намимат, ғийбат, ҳақорат, жибонат, ҳасад, тамаъ, зулмдур…»
Абдулла Авлоний қадим донишмандларнинг фикрига асосланган ҳолда шу саналган яхши-ёмон
хулқларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида изоҳ беради, шеърий сатрлар битади. Бу асардан янги усул мактабларида ахлоқ дарслиги сифатида фойдаланилган. Хўш, нима учун ундан энди фойдаланмаймиз? Ҳозирги болалар ҳаттоки катталар шу саналган яхши хулқларнинг ёки ёмон хулқларнинг барчаси ҳақида тўлиқ тушунчага эгаларми? Мактабларда Навоийдан, Гулханийдан, Ҳамзадан келтирилган оз миқдордаги ибратларгина ҳоким. «Қутадғу билиг»ни, «Девону луғотит турк»ни ёки бошқа қадим асарларни болалар у ёқда турсин, муаллимлар ҳам билмайди. Радио-телевидение, матбуот ҳам бу нодир бойликларга мурожаат қилмай қўйган. Биз болаларни саёз, бадиий бўш, доноликдан йироқ асарлар билан тарбия қилмоқчи бўламиз. Мен бу усул тарбияни ўқсиз милтиққа ўхшатгим келади.
Журнал ҳалоллик ҳақидаги масалани кўтариб жуда тўғри қилибди. Лекин ҳалолликни бошқа хулқлардан ажратиб алоҳида-алоҳида муҳокама қилиш, хулоса чиқариш мумкин эмас. Мен бундай фикр олишувларнинг давом этишини истардим. Агар журнал қадим аҳлоқий китобларига кўпроқ мурожаат қилса, умидвор кўнгиллар баҳор шабадасидан яйраган бўлур эди.
“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 2-сон